Сўнгги етти йилда қурилиш материаллари соҳасига 9 миллиард доллар инвестиция киритилди

17:23 23 Сентябр 2024 Сиёсат
3646 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Сўнгги етти йилда қурилиш материаллари соҳасига 9 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 5 мингга яқин янги корхона ишга тушди, 94 мингта доимий иш ўрни яратилди. Бу ҳақда бугун, 23 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган қурилиш индустрияси ва қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Ишлаб чиқариш 2 карра ўсди, йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган корхоналар 150 тадан ошди.  Сўнгги беш йилда қурилишлар ҳажми ҳам 2 баравар кўпайди.

Шу билан бирга, 650 миллион долларлик янги маҳсулотларни ўзлаштириш ҳисобига қурилишдаги импорт улушини 31 фоиздан 25 фоизга туширишга эришилди. Қурилиш материаллари экспорт бозори ҳам 58 тага етди, хорижда 20 дан ортиқ савдо омборлари, 50 дан зиёд савдо дўконлари очилди.

Лекин, салоҳияти, маҳсулотига бозорда талаб юқори бўлган ушбу соҳа учун бу кўрсаткичлар камлиги кўрсатиб ўтилди.

Биргина қўшниларимизнинг ўзи бизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган 2 миллиард долларлик қурилиш материалларини бошқа давлатлардан импорт қилаяпти.

Бизда ҳалигача лак-бўёқ, гулқоғоз, ПВХдан қувур ва фитинглар, пол қопламаси, пардозбоп тош, сантехника каби ишлаб чиқариш йўлга қўйилган товарлар импорт бўлмоқда.

Базальт хомашёси қайта ишланиб, қурилишда кенг қўлланаётгани ҳисобига янги уй-жой ва ижтимоий объектларда энергия сарфи 20 фоизгача камайгани таъкидланди.

Бироқ қурилишда базальтдан ташқари қуёш нурини қайтарувчи ойна, фибро толали панель, вермикулит аралашмаси каби материалларни ишлатиб, энергия сарфини яна 2 баравар қисқартириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳозир қурилишда талаб юқори бўлган қуёшни қайтарувчи индий, алюминий ёки рух плёнкаси билан қопланган махсус ойналар ишлаб чиқариш ҳалигача йўлга қўйилмаган.

Бу борада Қувасойдаги “Кварц” корхонаси 20 миллион доллар инвестиция киритиб, йиллик 5 миллион квадрат метр бундай ойна ишлаб чиқариш ташаббусини билдирмоқда.

Президент бу лойиҳани маъқуллаб, мутсаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Яна бир мисол – биноларнинг фасад қисмида фибро толали панелдан фойдаланиб, энергия сарфини яна 10 фоизга камайтириш мумкин.

Муҳими, фибро толали панеллар нархи оловга чидамли бошқа фасад қопламаларига нисбатан 20 фоизгача арзон.

Бу маҳсулотни ишлаб чиқаришда асосий компонент ҳисобланган – цемент ва бойитилган қум ўзимизда етарли.

Мутасаддиларга бундай энергия тежамкор замонавий қурилиш материаллари лойиҳаларини кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

“Саноат ипотекаси” асосида автоклав газобетон, фиброцемент панель, геотекстиль, базальт каби янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича 170 миллион долларлик 7 та лойиҳани ишга тушириш топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?