Сўнгги 4 йилда ИИБлардан ўлиги чиққанлар хронологияси. Тизимни ўзгартириш керакми?

19:11 22 Июнь 2024 Жамият
3431 0

ИИБ терговхоналарида қийноқлардан вафот этаётган оддий фуқароларнинг аянчли ҳақиқати инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишидир. Адолатни таъминлаши керак бўлган бу марказлар ҳуқуқбузарларни ўз оёқлари билан қабул қилиб, замбилда олиб чиқиб кетиши, нафақат инсонийликка, балки мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарварлик ислоҳотларига ҳам тўғри келмайди.

Ўзбекистонда ўлим жазоси 16 йил аввал, 2008 йил 1 январда бекор қилинган. Ҳа, айнан шу кундан бошлаб ҳар қандай жиноятчи ўлим жазосига тортилгани йўқ. Ҳатто 68 та боланинг ўлимига сабаб бўлганларга ҳам бундай жазо берилмайди. Шунга қарамай, негадир ҳуқуқни муҳофаза қилиш биносидаги ўлимлар учраб туради.

Тошкент вилояти Бекобод туманида 2024 йил 19 июнда ИИБ биносига кириш йўлагида, фуқаролардан бири 43 ёшли Д.Й. соғлиғи ёмонлашиб ҳушини йўқотган. Шундан сўнг ходимлар фуқарони хизмат автомашинасида шаҳар шифохонасига олиб борган. Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилган вақтида Д.Й. вафот этганлиги аниқланган.

“Фуқаро тан жароҳатлари сабабли вафот этди”, деб ёзди Экология вазири маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев. «Сўнгра ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида 1981 йилда туғилган Д.Й. тан жароҳатлари сабабли вафот этган. Яқинларига кўра, жараёнлар ИИБдаги видеокамераларга тушган», дейди у.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири эса воқеага шундай фикр билдирди:

«Бекобод шаҳар ИИБ биносига олиб борилган фуқаро ўлди. … бино йўлагида ҳушидан кетган, кейин ўлиб қолган. Ажал кўпинча ИИБ биноси ичида кутиб турган бўлади бизда, бошқа жойларда ҳам шунақамикин?», деган у.

ИИБ билан боғлиқ ўлимларнинг сўнгги 4 йилликдаги айрим ўлим ҳолатларини хронологик тарзда кўриб чиқсак. Гарчи ҳамма ҳолатни ушбу мақоламиз орқали қамраб олишнинг имкони бўлмасада, имкон қадар бизга маълумларни киритишга ҳаракат қилдик. Хўш, қандай қилиб, бунча ўлим ҳолатлари қайд этилди?

2020 йилнинг 22 январь куни Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи 32 ёшли эркак яшаш уйидан туман ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган. Бир кундан сўнг эса ИИБдан мурдаси чиққан. Марҳумнинг яқинларига кўра, А.Ю. ИИБ ходимларининг калтаклаши оқибатида вафот этган.

Марҳумнинг акаси Шуҳрат Абдураҳмонов укасини олиб кетган ходимлар 4 нафар киши бўлганини, аммо укаси нима сабабдан олиб кетилаётганини айтишмаганини билдирганди.

2020 йилнинг 30 май куни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалига Андижон шаҳар, Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.А. тан жароҳатлари билан келиб тушган. Аниқланишича, ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари иш юритувдаги ариза юзасидан фуқаро А.А.ни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб турганликлари оқибатида унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлган.

А.А. соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган. Жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида 01.06.2020 йилда 3 нафар ички ишлар ходимига нисбатан ЖКнинг 206, 234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилиниб, «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жабрланувчи А.А.га шифокорлар томонидан барча тиббий ёрдамлар кўрсатилган бўлишига қарамасдан у 11.06.2020 йилда вафот этган.

2021 йил 4 апрель. Фарғона вилояти Қува туманида тиббий ниқоб тақмасдан кўчада юргани учун 20 ёшли Аҳрор Анваровнинг ўз маҳалласида ички ишлар ходимлари билан тортишиб қолиб, ИИБ биносига олиб кириб кетилгани ва у ердан йигитнинг ўлиги чиққани ҳақида хабар тарқалганди. Сўнгра аниқ бўлишича, бу ИИБ биносида содир бўлмаган. ИИБ биносидан чиқиб кетгач 2 кун ўтиб, тўсатдан йиқилиб юрак етишмовчилигидан вафот этган.

2021 йил 1 июль.

«Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг 64/18-сонли муассасасидан (халқ тилида «Сангород») маҳкумнинг ўлиги чиқди», деб ёзганди «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Унга кўра, 45 яшар марҳум Ф. Х. Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидан бўлиб, Навоий вилоятидаги колонияда жазо муддатини ўтаётган бўлган.

Ташановнинг марҳум яқинларига таяниб айтишича, Ф.Х. бир неча кун аввал уйига қўнғироқ қилиб, колония ходимлари пул талаб қилишаётганини билдирган, ҳатто қандайдир ҳисоб рақамлари ҳам берилган экан.

2021 йил 29 июль. Фуқаро Бахтияр Даулетмуратов Тахиатош тумани ИИБ профилактика инспектори Саламат Баймуратов томонидан олиб кетилиб, туман ИИБда тан жароҳати етказилгани сабабли вафот этган эди.

Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Оқтом маҳалласида яшаган Ҳасан Хушматовни ички ишлар ходимлари мажбурлаб идорага олиб кетиб, ваҳшийларча қийнаб ўлдиргани ҳақида мурожаат тарқалганди.

Туман ИИО ФМБ профилактика инспектори ва унинг икки нафар ёрдамчиси Ҳ.Хушматовнинг хонадонига келишган ва уни автомашинага ўтказиб, туман ИИБга олиб кетишган. Йўлда профилактика инспекторининг ёрдамчилари Ҳ.Хушматовни бир неча бор уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда Ҳ.Хушматов 11 июль куни шифохонада вафот этганди.

2022 йил 8 ноябрь. Фарғонада «ўғирлик қилмоқчи бўлгани учун» қамаб қўйилган 15 ёшли ўсмир ИИБ муассасасида вафот этди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги Султон қишлоғида яшаган, 2007 йилда туғилган Р.А. жорий йил 16 октябрь куни Бувайда туманидаги «Ансор» савдо мажмуасида ота-онасининг назоратисиз юргани ва ушбу мажмуада ўғирлик қилмоқчи бўлганида ИИБ ходимлари томонидан ушланган. 15 ёшли йигит туман ИИБ бошлиғининг шу кунги қарори билан Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят ИИБга жойлаштирилган.

Вилоят прокуратурасига кўра, марказга жойлаштирилган куннинг эртасига – 17 октябрьда Р.А.нинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетган. Шундан сўнг, тез ёрдам ходимлари унга тиббий ёрдам кўрсатиб, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.

2022 йил 2 декабрь. Интернетда тарқалган хабарга кўра, иқтисодий можаро ортидан Бухоро шаҳар ИИБга чақирилган 37 яшар эркак кутилмаганда вафот этган. ИИВ матбуот хизмати раҳбари марҳум эпилепсиядан вафот этгани, ўлим рўй берган вақтда у кўчада бўлганини маълум қилганди.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов бу хабарга муносабат билдириб, бухоролик эркакнинг чиндан ҳам тергов учун ИИБ биносига қатнаб юргани, лекин ўлим рўй берган вақтда у кўчада бўлганини билдирганди.

2023 йил 5 июнь. Бўка туманида 36 ёшли фуқаро ИИБ ходимларининг ноқонуний сўроқ қилиши ва жароҳат етказиши оқибатида вафот этган ва воқеага сабабчи 2 ходим ҳибсга олинганди. Туман ИИБ раҳбарияти эса ишдан бўшатилди.

4 июнь куни туман ҳудудида бир қатор ўғрилик жиноятларини содир этишда гумонланиб, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида терговга жалб этилган, Юқори Чирчиқ туманида яшовчи 36 ёшли У.С. сўроқ қилинган. Жараён унинг ҳимоячиси Х.Юлдашева иштирокида туман ИИБ тергов хонасида видеоёзувга тўлиқ ёзиб олинган ҳолда амалга оширилган.

Шунга қарамасдан, кечқурун У.С.нинг соғлиғи ёмонлашгани сабабли тез-тиббий ёрдам хизмати чақиртирилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан, у касалхонада вафот этган.

Ўз жонига қасд қилганлар…

Чирчиқ шаҳри ички ишлар бўлими ҳибсхонасида сақланаётган 22 ёшли йигит ўз жонига қасд қилиши оқибатида вафот этди, дея хабар берганди Тошкент вилояти ИИББ. Бироқ тармоқларда унинг танасида жароҳатлар борлиги аниқлангани айтилди.

Қайд этилишича, 22 ёшли йигит А.Ў. Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» банди (Ўғрилик, кўп миқдорда) ва 168-моддаси 3-қисми «б» банди (Фирибгарлик, такроран ёки хавфли ретсидивист томонидан) билан қўзғатилган жиноят ишида айбланган.

Тергов давомида А.Ў. муқаддам ҳам Жиноят кодексининг 164-моддаси 2 қисми «а» банди (Босқинчилик, қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб) билан судлангани инобатга олинган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

«1 декабрь куни соат тунги 02:30 атрофида жиноят иши доирасида ҳибсхонада сақланаётган А.Ў. камерадаги ёпинчиқ чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера деразачасининг темир панжарасига боғлаган ҳолда ўз жонига қасд қилган», дейилади хабарда.

2023 йилнинг май ойида Чилонзор туманида 21 ёшли сурхондарёлик фуқаро ИИБ биноси деразасидан сакраб вафот этди. Терговчилар «у қочиш мақсадида ИИБ биноси 4-қаватидаги ҳожатхона деразасидан ўзини ташлагани ва оёғи сингани»ни айтган. Марҳумнинг яқинлари бу изоҳга шубҳа билдирганди.

«Бир ҳафтача олдин ИИБ ходимлари қўнғироқ қилиб, Ҳафизуллоҳ қўлга олиниб, Чилонзор тумани ички ишлар бўлимига олиб келинганини маълум қилди. Терговчининг айтишича, у сўроқ пайтида ҳожатхонага чиқиб келишни сўраган ва қочмоқчи бўлиб, 4-қаватда жойлашган ҳожатхонанинг ойнасидан ўзини ташлаб юборган. Натижада унинг оёғи синган ва Учтепа тумани тез-тиббий ёрдам бўлимига олиб боришган», деди марҳумнинг яқини.

Мурожаатчининг айтишича, Турғунбоевнинг оилавий шароити яхши бўлмаган ва у бир неча йил давомида уйдан узоқда – Тошкентда яшаб, яқинлари билан деярли алоқа қилмаган. Шу сабабли, қўлга олинганидан кейин олдига келадиганлар ҳам топилмаган. Чилонзор туман ИИБ терговчиси бугун, 29 май куни йигитнинг яқинларига телефон қилиб, унинг вафот этганини айтган.

Наманганда ҳам фуқаро ИИБ ҳушёрхонасида ўзини осиб, жонига қасд қилди. Маълум қилинишича, жорий йилнинг 7 апрель куни соат 20:00 атрофида марҳумнинг турмуш ўртоғи эрининг уйга маст ҳолатда келиб, жанжал қилаётганлиги ҳақида Чортоқ тумани ИИБ профилактика инспекторига хабар қилган.

Профилактика инспектори мурожаатни ўрганиб, марҳумни ҳушёрлантириш мақсадида Янгиқўрғон туманида жойлашган марказий шифохонага олиб борган. Профилактика инспектори тегишли ҳужжатлар ва далолатнома расмийлаштирган ҳолда марҳумни соат 21:58 да ҳушёрхонага топширган.

И.У. 8 апрель кунига ўтар кечаси соат 00:45 атрофида ушбу ҳушёрхонанинг дарчасидаги темир панжарасига чойшабдан сиртмоқ ясаб, ўзини ўзи бўйин соҳасидан осиб, ўз жонига қасд қилган ва воқеа жойида вафот этган.

Қачон тизим ўзгаради?

2023 йилнинг 10 ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги юзасидан Омбудсманга 147 та шикоят келиб тушган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий Мажлис ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова маълум қилганди. Савол: Бу кўп эмасми?

2020 йил июнь ойи сўнгида ўтказилган Президентимизнинг одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтилган гаплари шунда ҳали ҳам ўзининг долзарблигини йўқотмасдан қолавердими?

«Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!» дея таъкидлаганди давлат раҳбари. Орадан 4 йил ўтди. Аммо юқорида санаган ҳолатларимиз содир бўлди.

Давлат раҳбари ушбу йиғилишда 2020 йилнинг январь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ, май ойида Андижон шаҳар ИИБдаги терговлар натижасида икки кишининг вафот этишига эътибор қаратиб, масъулларни қаттиқ танқид қилганди.

«Биз сўнгги уч ярим йилда қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотларни амалга оширдик. Лекин, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши керак. Ушбу фожиа оқибатида 2 нафар инсон ҳаётдан эрта кўз юмди. Уларнинг оилалари бу ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан эмас, давлатдан норози. Бу каби нохуш ҳолат такрорланмаслиги учун қайси тизим ёки ҳудудий идора раҳбари аниқ режа ёки дастур ишлаб чиқди? Минг афсус билан айтиш керак, сизлардаги лоқайдлик ва билимсизлик ислоҳотларимизни обрўсизлантирмоқда», деган эди давлатимиз раҳбари.

Бугун Бекободда содир бўлган воқеа барчани хафа қилиши тайин. ИИБ фуқаронинг оиласига ҳамдардлик билдирди, аммо… Адолат ўз аксини топиши керак бўлган жойдан кимнингдир ўғли, отаси, укаси ёки дўсти ўлик ҳолда чиқса, буни шунчаки қабул қилиш қийин кечади.

Президентимиз айтганидек, бундай ҳолатлар давлатнинг олиб бораётган ислоҳотларини обрўсизлантиради, фуқаролар давлатдан норози бўлиб қолади. «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деб ёзилган қомусимизда. Халқнинг ишончи мустаҳкам давлат қуришнинг муҳим шартидир. Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг «Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз» китобида ҳам айтиб ўтган эди.

Агарда тизим тубдан ўзгариб, халқнинг ишончини оқламас экан, шу соҳа масъулларини, ё тизимни ўзгартириш керак бўлади.

Санжар ШОМУРОДОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?