Солиқ тўловчининг ҳисоб маълумотларидаги ўзгаришларни шахсий кабинет орқали тасдиқлаш назарда тутилмоқда — Қонун лойиҳаси

12:23 14 Декабрь 2021 Сиёсат
722 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таклиф этилаётган лойиҳада жорий йилнинг фойда солиғи солиқ базасини аниқлашда зарарларни тўлиқ чегириш ҳуқуқи берилмоқда. Ўз навбатида, кўчмас мулк жойлашган жойидан келиб чиқиб бир квадрат метр учун минимал қиймат жорий этиш билан бирга юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ставкаларини пасайтириш, полиэтилен гранулаларига акциз солиғи ставкасини 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтирган ҳолда, ушбу ставкани унинг импортига ҳам жорий этиш белгиланмоқда.

Қайд этилганидек, лойиҳада солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектлар ҳисобини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Хусусан, солиқ имтиёзлари ҳисоби бўйича ягона автоматлаштирилган тизимни яратиш, солиқ тўловчининг ҳисоб маълумотларидаги ўзгаришларни шахсий кабинет орқали тасдиқлаш назарда тутилмоқда.

Солиқ тўловчи томонидан тақдим қилинган маълумотларни солиштириш бўйича автоматлаштирилган тизимни яратиш, шунингдек, сотиб олинган ва реализация қилинган товарларни солиштириш бўйича таҳлил ўтказиш масаласи ҳам лойиҳада ўз аксини топган.

Шу билан бирга, қўшилган қиймат солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатлари электрон ҳисобварақ-фактура тизимлари ривожлантириш ва солиқ ҳисоботларини, улар маълумотлари ҳамда онлайн касса машиналари маълумотлари бўйича шакллантириш имкониятини ҳисобга олган ҳолда унификация қилинмоқда.

Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер