Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан
Бугун атоқли шоир, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Абдували Қутбиддин ҳаёт бўлганида 63 ёшга кирган бўларди. Бадиий сўз ва нафосат шайдолари илк шеърлари биланоқ катта устозларнинг назарига тушган шоирнинг адабиётимизда ўзига хос ўрин тутишини теран англайди, унинг фалсафий мушоҳадаларга, рамзларга, маъно товланишларига, қурилишига кўра ўзгача услуб ва шаклларга бой шеърларини соғинади.
У ўз диёрини, она тупроғини бир фарзанд суйганчалик суйди, бир фарзанд янглиғ кўнглини уфқлардай кенг очиб тараннум этди. Сўз заргари бўлмиш ижодкор ҳар бир сўзни танлаб, саралаб мисраларга жойларкан, улар гўё тарашланган, сайқал берилиб ипга терилган маржондек жилоланади. Бу гўзаллик, бадиият ганжинасидан таралган ёғду ўқувчини беихтиёр ўзига мафтун этади, ҳатто сеҳрлаб қўяди.
Абдували Қутбиддин узоқ йиллар “Халқ сўзи” газетаси таҳририятида меҳнат қилди. У ўз ишига масъулиятлилиги, жонкуярлиги, фидойилиги билан ажралиб турарди. Бу инсон суратан сокин кўринсада, унинг сийратида руҳий тўлғанишлар, ҳиссиётлар пўртанаси, чексиз илҳом жунбиши, қуёш нурлари каби юқори тафт барқ уриб турарди. Ҳаётнинг ҳақиқий ошиғи ўлароқ у шеър ўқишни ҳам санъат деб биларди.
Дарҳақиқат, шоир ўз дунёсига эга эди. Айни пайтда ҳеч кимникига ўхшамас ўз назмий оламини ярата олди. Унинг шеъриятида майин оҳанглардан кўра шиддаткор руҳ, жунунваш қалб, ҳароратли туйғулар устуворлик қилади. Ижодкорнинг бадиият оламидан таралган зиё ўқувчи тафаккурининг энг чуқур пучмоқларинида ёритиб юборади.
Қуйида Абдували Қутбиддин ижодидан намуналар туҳфа этилмоқда.
Биз биргамиз, биз — ҳаммамиз
Олисларда қўнғироғин чалар карвон,
Юки оғир, йўли оғир, ларзон-ларзон,
Чақмоқларин чақиб ўтар қора осмон,
Кўкрагига муштлар урар марди майдон —
Эр йигитлар,
Шер сингиллар, қилич-қалқон.
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Қоя чўкар, Алпомишнинг наърасидан,
Сойлар сакрар адирларнинг орасидан,
Қарға қўнмас Барчинларнинг тиззасига,
Ҳаёт суви мангу она кўзасида.
Эр йигитлар,
Шер сингиллар шевасида:
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Куйдиргани зулмат билан юрди қанча
Болта ўйнаб от устида янчиб-янча,
Сув тубидан ўтлар чиқди кўк қошига.
Эр йигитлар,
Шер сингилар кўз-қошидан
Ўқлар сачрар, ёйлар сачрар ёв бошига.
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Дунё ухлар, кун мудрарди ҳисоб билмай,
Ўтди давру давронлари китоб билмай,
Хоразмда саноқ чертди аждодларим,
Руҳ ва қалбга сабоқ берди устодларим.
Илми урфон
номи Турон,
Эр йигитлар,
Шер сингиллар
Қаздилар кон.
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Бизлар киммиз, туркийларнинг аслиданмиз,
Соҳибқирон Амир Темур наслиданмиз,
Кубро ҳам биз, Баҳоуддин Нақшбандмиз,
Марғиноний, қадим тарих — Самарқандмиз.
Гар Насафда нафас олса эр йигитлар,
Андижонда кашта тикса шер сингиллар,
Нафасидан ҳатто қишлар исиб кетар,
Каштасига бутун олам сиғиб кетар.
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Юртнинг усти Устюртмиди, шамол — шоқол,
Ув дедими, туз қўзғалар — бирваракай.
Нукус — қалъам, ҳам юракда тенгсиз лолам,
Эй, онажон Бердаққа айт,
Қалбидир най.
Эр йигитлар, шер сингиллар,
Ашъор тингланг.
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Ўзим шоҳид Мотуридийнинг хобгоҳида,
Мусичалар учиб келар тиловатга.
Бухорийнинг ҳар эрталаб даргоҳига
Кабутарлар бошин эгар ҳаловатдан.
Бу қай ошён,
Гўзал имон — паноҳида,
Эр йигитлар, шер сингиллар —
Нигоҳида —
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Азим Тошкент қад ростлади паҳлавондай,
Тожу тахтим кўз-кўз қилиб бу жаҳонга,
Туғромизни тумор айлаб эшик очди,
Ер юзига буюкликдан сўзлар сочди,
Подшо шаҳрим,
Гард юқмасин жамолинггга,
Эр йигитлар,
Шер сингиллар саф тортишар,
Озодликнинг майдонида
Аҳд айлашар.
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Олтин водий ҳалқасида уч гавҳарим,
Сирдарёда сир бермаган моҳпайкарим,
Бахмалини тўшаб қўйган Жиззахни кўр,
Какликлардан Зомин ҳақда қўшиқлар сўр,
Эр йигитлар,
Шер сингиллар,
Бўлинглар жўр:
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан..
Дуру маржон, боғу бўстон, Ўзбекистон,
Кўзим нури мусаффо тонг, Ўзбекистон,
Сажда этдим дуо сўраб, бобо юртим,
Ҳар лаҳзада ризо сўраб, момо юртим,
Эр йигитлар, шер сингиллар,
Қўл кўтарди,
Она, инон,
Ота, инон.
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан...
Ушмундоқ
Осима,
Не қилай кўнглим ушмундоқ,
Бир чети осмону, бир чети тупроқ.
Бир тунда подшоман икки кишварга,
Бир кунда зордирман бир қур назарга.
Липиллаб, липиллаб бўзарди руҳим,
Ҳоҳла порлатиб қўй, ҳоҳла парчала,
Эсиз, ҳар томонга урди шукуҳим,
Эсиз, ўтолмадим шум даричадан.
Осима,
Розиман, мендан асар йўқ,
Иста, мен ҳақимда бошқа хабар йўқ.
Аммо дилим эрка дилингни истар,
Мендек хушхабар йўқ,
Мендек хатар йўқ.
Осима,
Аларга кўп ҳам инонма,
Улар қуш кўмганлар хиёбонларга.
Қумлари зарланган
Бўлса ҳам бордир,
Лек ҳаром ўрмалар тавонларида…
Осима,
Сен ҳақсан,
Мен тугаб ботдим,
Бу қисса сўнгида, шудир қасида.
Гўзал борлиғимни майдалаб сотдим,
Йўғимни қайтардим
Ўз эгасига…
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг