Сирдарёда яна бир гигант электр станцияси тармоққа уланди
Бундан деярли икки йил аввал, яъни 2021 йилнинг январь ойида Боёвут тумани ва Ширин шаҳри ҳудудларида, гигант электр корхона – Сирдарё ИЭС яқинидаги 85 гектарлик майдонда қиймати 1,1 миллиард долларга тенг бўлган 1500 МВт қувватга эга иссиқлик электр станцияси (ИЭС) қурилишига тамал тоши қўйилган эди. Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси сармояси ҳисобига бунёд этилаётган ушбу нурхона куни кеча ягона электр тармоғига уланди.
Шунингдек, яқинда мазкур буғ-газ электр станциясига ажратилган ернинг 30 гектарида янги электр корхонасида ишлаб чиқариладиган электрни узатадиган подстанция ҳам ишга туширилди. Мазкур станция келгусида хорижий ҳамкорлар билан қуриладиган яна бир иссиқлик электр станциясига ҳам хизмат кўрсатиши мўлжалланган.
Янги корхонанинг мамлакатимиз ялпи электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмига қўшадиган ҳиссаси анча салмоқли. Корхонанинг 1500 мегаватт қуввати билан Самарқанд, Бухоро ва Сирдарё вилоятлари ижтимоий-иқтисодий тармоқларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланади. Шунингдек, Тошкент вилояти ва бошқа ҳудудлардаги бир неча йирик саноат объектларининг узлуксиз энергия билан таъминланиши ҳам мустаҳкам кафолатланади. Умуман мазкур иссиқлик электр станцияси лойиҳаси 3 миллиондан зиёд хонадон ва юзлаб саноат корхоналарининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплашга имкон беради.
Айтиш лозимки, янги иссиқлик электр станцияси замонавий буғ-газ қурилмалари билан жиҳозланиши туфайли унинг ишлаб чиқариш самарадорлиги амалдагидан 1,7 баробар юқори. Яна бир энг муҳим жиҳати, шартли миқдор ҳисобида табиий газ 40 фоизга кам сарфланади. Корхона ускуналари жаҳоннинг турли мамлакатларига мансуб. Дейлик, айрим ускуна ва жиҳозлар Хитой, буғ турбиналари Германия, газ турбиналари эса Япониянинг машҳур компанияларда ишлаб чиқарилган.

Корхона қурувчиларининг асосий қисми маҳаллий қурувчи–мутахассислар, ишчилардан иборат. Нурхона ишлаб чиқариш жараёнида ҳам асосан юртимиз мутахассислари фаолият юритади.
— Келгусида корхонамиз жамоаси тўлиқ маҳаллий мутахассислардан иборат бўлади, — дейди“NOMAC” компанияси бош директорининг эксплуатация бўйича ўринбосари Алишер Мусаев. — Бунинг учун айни чоғда кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратганмиз. Дейлик, номзод агар мутахассис бўлсаю, инглиз тилини билмаса, тил ўрганишини тавсия қилаяпмиз. Аксинча, инглиз тилини тўлиқ билсаю, мутахассислик бўйича мукаммаллик даражасига етмаган бўлса, малакасини оширишга йўналтиряпмиз. Ҳозирда айни талаблар асносида корхонамиз учун Ширин шаҳридаги энергетика коллежида янги кадрлар тайёрланмоқда.
Шунингдек, 20 нафар ўзбекистонлик мутахассис Саудия Арабистони,Туркия ва Омон (Уммон)да малака ошириб келди.
— Аввал Навоий иссиқлик электр станциясида ишлаганман, — дейди ёш инженер-энергетик Шуҳрат Валиев. — Шу боис, соҳада бирмунча тажриба ва малака оширганман, десам хато бўлмайди. Лекин янги “Сирдарё” иссиқлик электр станцияси қурилмалари сўнгги туркумдаги энг замонавий ускуналар ҳисобланади. Бир неча давлатларда амалий-назарий жиҳатдан малака ошириб келгач, уларни бошқариш бўйича етарли кўникма ва билимга эга бўлдик. Станцияда ишлаётганларнинг асосий қисмини ўз ишининг устаси бўлган ва шунга астойдил ҳаракат қилаётган ёшлар ташкил этади. Бу юртимизда замонавий энергетика ресурслари яратилиши баробарида кўплаб малакали энергетик мутахассислар ҳам етишиб чиқаётганидан далолатдир.
Маълумот учун айтиш лозимки, янги иссиқлик буғ-газ электр станцияси қисман Ширин шаҳрида жойлашгани эътиборга олинса, ушбу навқирон кент том маънода мамлакатимиз энергетика марказларидан бирига айланмоқда дейиш мумкин. Негаки, бу ерда ўтган асрнинг ўрталарида Фарҳод ГЭСи қурилган ва у айни пайтда янгиланган ҳолда аввалгидан-да кўпроқ ток ҳосил қилаётган бўлса, буғ-газ станциясининг шундоқ ёнида улкан нурхона –Сирдарё иссиқлик электр станцияси гуриллаб ишлаб турибди. Шунингдек унинг ҳудудида фото қуёш электр станцияси ҳам мавжуд. Яқин йилларда эса ушбу ҳудудда хорижий инвесторлар ҳамкорлигида яна бир йирик электр станцияси қурилиши белгиланган.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг