Сирдарёда вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларини бирлаштирган кластер ташкил этилади

14:28 04 Февраль 2021 Жамият
1276 0

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларини бирлаштирган «Гулистон тиббиёт кластери» ташкил этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасида келтириб ўтилган.

Лойиҳада кўра, кластерга Сирдарё вилоят ҳокимлиги тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;

Кластер аҳолига пуллик асосда диагностика ва даволаш сифати стандартларига риоя қилган ҳолда юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатади.

Бунда имтиёзга эга бўлган шахсларни ордерлар асосида ва шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган беморларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволашга ётқизиш Кластер даромадларини шакллантиришнинг асосий манбалари ҳисобланади ва республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолиятини молиялаштириш тартиби Кластер амалиётига татбиқ этилади.

Қуйидагилар Кластернинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

халқаро тажрибани қўллаган ҳолда инновацион ечимлар (ноу-хау) ва юқори технологияларни жорий этиш орқали вилоятнинг тиббиёт соҳасида кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифат ва самарадорлигини ошириш;

кардиология, умумий ва юрак-қон томир жарроҳлиги, нейрохирургия, эндокринология, урология, офтальмология, дерматовенерология ва косметология, «Она ва бола» скрининги, аҳоли репродуктив саломатлиги ва тиббий диагностика бўйича ихтисослаштирилган юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш учун замонавий кўп тармоқли тиббиёт кластери фаолиятини ташкил этиш;

тиббиёт соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлашда ихтисослаштирилган клиник базаларни яратиш;

замонавий ўқув-лабораториялари ва илмий-тадқиқот марказлари ташкил қилиш орқали илмий-тадқиқот базасини ривожлантириш;

аҳолига юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш даражасини халқаро талаб ва стандартларга кўтариш, энг мураккаб диагностика ва даволаш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун юқори тиббий технологиялардан фойдаланиш имкониятини яратиш;

фаолиятини ривожлантириш ва соҳа вакилларини илмий салоҳиятини ошириш мақсадида хорижий тиббий клиникаларнинг илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро тадқиқот дастурлари, анжуманларда амалий иштирок этиш.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?