Сирдарёда 13 ёшли қизнинг жасади қотиллик аломатлари билан топилди

13:23 11 Июль 2024 Жамият
397 0

Иллюстратив фото

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида 13 ёшли қизнинг жасади яшаш уйининг меҳмонхонасидан қотиллик аломатлари билан топилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Маълум қилинишича, Янгиер шаҳри Шукрона МФЙдаги уйлардан бирида ижара асосида яшовчи С.М. жорий йилнинг 3 июль куни соат 19:00 ларда ишдан яшаш хонадонига келганда уйнинг меҳмонхонасида 13 ёши қизи К.С.нинг жонсиз танасини топган. Шундан сўнг С.М. соат 19:30 ларда шаҳар тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Ҳодиса содир бўлган жой тезкор-тергов гуруҳи аъзолари иштирокида кўздан кечирилиб, процессуал тартибда баённома расмийлаштирилган. Ҳодиса жойидан бармоқ излари, 2 дона ёстиқ, 2 дона пиво спиртли ичимлигининг елим идиши, 2 дона қулфлар ашёвий далил тариқасида олинган.

Шунингдек, марҳума К.С.нинг мурдаси кўздан кечирилиб, судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Янгиер туманлараро суд тиббий экспертизаcининг бирламчи маълумотномасида вояга етмаган К.С.нинг ўлими бўйин аъзоларининг қисилиши, бўғиш натижасида келиб чиққан механик асфиксия сабаб бўлганлиги қайд этилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан ўша куннинг ўзида, Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда жиноят иши бўйича вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ушбу жиноятни фош этиш юзасидан вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси ходимларидан иборат таркибда тузилган тергов-тезкор гуруҳи томонидан жиноятни содир қилган шахсни аниқлаш юзасидан тезкор тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда», дейилади Прокуратура тақдим этган маълумотномада.

Қўшимча қилинишича, жиноят содир этганликда гумон қилинаётган Ю.Х.ни қидириб топиш бўйича вилоят ИИБга алоҳида топшириқ берилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?