Сирдарё вилоятида бепул дорилар етказиб берувчи дорихоналар иккитага кўпайди

15:33 14 Март 2023 Жамият
715 0

Фото: Халқ сўзи

Реимбурсация тизими бўйича ҳамкорлик мақсадида Боёвут туманидаги «Баратбой Диёрбек» ҳамда Оқолтин туманидаги «Дилшод» МЧЖ билан шартнома тузилди. Ушбу шартномага кўра, дорихоналар артериал гипертония, юрак- ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2-тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касалликларини амбулатор шароитда даволаш учун 11 турдаги дори воситаларини бепул беради. Дори воситалари учун харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қопланади.

Маълумот учун, «реимбурсация» инглизча сўз бўлиб,“ харажатни қоплаш» деган маънони беради. Реимбурсация дастури доирасида дори воситалари олиш учун сурункали касаллик билан диспансер назоратида турган беморлар ўзларининг оилавий шифокорларига мурожаат қилади. Шифокор беморни зарур текширувдан ўтказади, керак бўлса, уни лаборатория-диагностика текширувларига юборади. 10-Халқаро касалликлар таснифига кўра, аниқ ташҳис қўйилгач, электрон амбулатор картага маълумотлар киритилади ва электрон рецептни шакллантиради. Ўша заҳоти беморнинг мобил телефонига СМС келади. Зарурият туғилганда (беморнинг талабига кўра) шифокор электрон рецептни беморга қоғоз шаклида тақдим этиши мумкин.

Шифокордан электрон рецептни олган бемор ДТСЖси билан шартнома тузган дорихонага дори воситасини олиш учун мурожаат қилади.

Реимбурсацияда иштирок этаётган дорихона беморга дори воситасини электрон рецепт асосида бепул беради. Шартнома шартларига кўра дорихоналар рўйхатга киритилган дори воситаларининг узлуксиз таъминотини ҳамда жорий йил якунига қадар ушбу дори воситалари нархи ўзгармаслигини таъминлаши лозим.

Реимбурсация ҳукуматимиз томонидан қўйилаётган шаффофлик ва адолатлилик тамоийларига жуда мос бўлиб, жараёнлар электрон тарзда амалга оширилади. ДТСЖ, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ва дорихона раҳбарлари бевосита кузатиб бориш имкониятига эга.

Эслатиб ўтамиз, реимбурсация ҳозирда Сирдарё вилоятида тажриба-синов жараёнида амалиётга татбиқ этилмоқда. Олинган натижаларга кўра бу тизимни келгусида юртимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам жорий этиш мўлжалланган.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?