Сиам эгизакларини ажратган ўзбек жарроҳи

20:43 23 Февраль 2024 Жамият
661 0

Замонамиз қаҳрамонлари

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шарт-шароитлар туфайли бошқа соҳалар сингари тиббиётимиз ҳам жадал ривожланмоқда. Бунда биргина мураккаблик даражаси турлича бўлган жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилаётгани ҳам буни яққол тасдиқлайди.

Бугунги қаҳрамонимиз — ўнлаб шогирдларнинг устози, юзлаб илмий мақолалар муаллифи, машҳур жарроҳ Ҳабибулло Оқилов.

— Айни чоғда сизга ва ўзбек тиббиётига катта шуҳрат келтирган тарихий воқеа — сиам эгизакларида ўтказилган муваффақиятли жарроҳлик амалиёти ҳақида суҳбатлашсак. Бу ўринда гап қирғизистонлик Фотима ва Зуҳра ҳақида боряпти. Унга тайёргарлик жараёнида худди биринчи сафар бўлганидек хориждан кучли-кучли жарроҳларни, масалан, россиялик ҳамкасбларни чақирсак бўларкан, деган ўй ўтдими-йўқми?

— Сал орқага қайтадиган бўлсак, 2006 йил қашқадарёлик эгизакларда худди шундай жарроҳлик амалиётини қилганмиз. Ҳозиргача бутун дунёда 7 ёки 8 та давлатда бундай жарроҳлик амалга оширилади. Ўзбекистон ҳам ана шулар қаторига қўшилганидан, албатта, қувонамиз.

Тайёргарлик жараёнида устозлар, ҳамкасблар билан маслаҳатлашдик. Ўшанда шу ишларнинг тепасида турган устозим, академик Феруз Назиров “Бу амалиёт биз учун янгилик, агар чақирсак бошимиздаги тожимиз тушиб кетмайди”, деб маслаҳат берди. Шу тариқа россиялик академик Сергей Готени таклиф этганмиз. Кейин у билан биргаликда ҳаракат қилдик. Шу жараёнда бизнинг шифокорлар ҳеч бир жабҳада улардан қолишмаслигига амин бўлдик. Қолаверса, соҳада олиб борилаётган янгиланишлар туфайли ишлашимиз учун барча шарт-шароит яратилди. Шу боис бу сафар ўзимиз ўтказишга қарор қилдик.

Гапнинг очиғи, 2006 йилда ҳали унчалик шароит йўқ эди. Шунинг учун керакли нарсаларни ҳар жойдан йиғиб келтирганмиз. Аммо ҳозирга келиб вазият бутунлай ўзгариб кетди. Айниқса, охирги йилларда тиббиёт сезиларли даражада илгарилади. Ҳозирги кунда дунёнинг ривожланган давлатларида қилинаётган мураккаб жарроҳлик амалиётининг кўплари Ўзбекистонда амалга ошириляпти. Соҳага катта маблағ йўналтирилаётгани ва энг замонавий техникалар олиб келинаётгани ҳамда шифокорларимиз хорижда малака ошириб келаётгани, дунёнинг етакчи мутахассисларини юртимизга чақириб, ўзаро тажриба алмашилаётгани бу борада муҳим омил бўляпти.

Сўз юритилаётган эгизакларга келадиган бўлсак, ҳамкасбларимиз билан йиғилишиб, масала юзасидан атрофлича маслаҳатлашдик. Якунда эса ҳозир ҳамма нарса қўлимизда бор, ҳеч кимдан ҳеч нима сўрамаймиз, деган хулосага келдик. Шу тариқа мазкур жарроҳлик амалиётини ўзимиз бажаришга жазм қилдик. Натижа ҳам бу қарор тўғри бўлганини кўрсатди. Амалиёт муваффақиятли ўтди.

Тайёргарлик жараёни узоқ давом этди. Беморлар ва амалиёт хонасини тайёрлашга анча вақт сарфланди. Бу осон жараён эмас. Чунки наркоз беришнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Жарроҳликдан кейинги босқич ҳам ўзгача. Ана шуларнинг барчасига тайёр бўлинганидан сўнг аниқ кунни белгиладик.

Наркоз берилаётганда иккисига бирданига жўнатиш техник жиҳатдан имконсиз. Маълумки, наркоз берилаётган ҳар қандай бемор чалқанча ётган бўлиши талаб этилади. Бу эгизаклар эса бир-бирига қорни билан ёпишгани учун бири чалқанча бўлганда бошқаси пастга қараб осилиб туради. Буни ҳам мутахассисларимиз муваффақиятли уддалади.

— Жарроҳлик амалиёти ўтказиш қарорига келингандан кейин тиббиёт ходимларидан иборат кучли жамоа шакллантирилди. Табиийки, жамоада ҳар кимнинг ўз вазифаси ва ўрни бўлади. Аммо истаймизми-йўқми, бунда масъулиятнинг катта қисми сизнинг зиммангизга тушган. Бундан қўрқмадингизми? Чунки, россиялик ҳамкасбингиз билан биргаликда ўтказилган биринчи жарроҳлик гарчи, муваффақиятли якун топган бўлсада, эгизаклардан бири нобуд бўлганди-ку...

— Сиз айтаётган жарроҳлик амалиётидан кейин салкам йигирма йил вақт ўтди. Бу орада бизнинг тиббиётимиз, айниқса, болалар жарроҳлиги анча ривожланди, катта тажриба тўпладик.

Амалиётга жалб этилган мутахассисларнинг барчаси ўз соҳасининг пешқадамлари. Қолаверса, ўша пайтдаги вазиримиз бор масъулиятни ўзига олди. Жарроҳлик амалиёти Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия ўқув-даволаш-методик марказида қилинадиган бўлгач, шу марказ директори Нилуфар Ўринбоева ҳам масъулиятни олишга тайёр эканлигини билдирди.

Кучли жамоа шакллантирилди. Ёнимда биргаликда ишлаган икки мутахассис — профессорлар Бахтиёр Эргашев ва Насриддин Эргашев ҳамда анестезиологларимизни алоҳида айтиб ўтмоқчиман.

Шундай қилиб, жарроҳлик амалиёти барча босқичи режалаб олингач бу ишга қўл урдик.

— Ёнингиздаги икки жарроҳ амалиётга ўзларининг шогирдларини жалб қилганидан хабаримиз бор. Лекин нимагадир сиз шунча шогирдингиз бўла туриб, биронтасиниям чақирмагансиз. Нега, уларнинг орасида бу ишга муносиблари йўқмиди? Агар бундай мураккаб жарроҳлик ҳар доим ҳам бўлавермаслигини ҳисобга олсак, бу шогирдларингиз учун катта мактаб вазифасини ўтаган бўлардику.

— Биз жарроҳликни Перинатал марказда қилганимиз учун ҳам фақат ўша ерда ишлаб турган мутахассисларни жалб этдик. Ташқаридан фақат мен билан Насриддин Эргашев қатнашди. Негаки, бу ниҳоятда мураккаб жарроҳлик амалиёти бўлгани, натижаси қандайдир фоизда мавҳум бўлгани учун олдиндан овоза бўлиб кетишининг олдини олишга ҳаракат қилинди. Жарроҳлик амалиётидан кейин ҳам бу ҳақда ҳеч қаерда маълумот эълон қилинмади. Ҳатто, вазиримиз бу янгиликни ижтимоий тармоқ ёки телевидениеда берайлик деганида ҳам йўқ, ҳали болалар ўзига келсин, деб ўзимиз розилик бермадик.

Шу каби сабаблар билан амалиётга шогирдларни жалб қилмаганмиз. Лекин бу жараёнларнинг барчаси тасвирга олиниб, кейинчалик шогирдлар ва ёш мутахассисларга кўрсатилди.

— Хуллас, аҳил жамоа ишни бошлади. Ҳамма ҳаяжонда эканлигини тушунса бўлади. Чунки, Ўзбекистон тиббиётида янги саҳифа очилиш арафасида турилибди. Дейлик, жарроҳлик амалиёти икки-икки ярим соат давом этади. Шу жараён билан боғлиқ қайси ҳолатлар ёдингизда муҳрланиб қолди? Балки беморлар билан боғлиқ мураккаб вазиятларга тўқнаш келгандирсиз?

— Аввало, ҳаммаси яхши бўлишини Яратгандан сўрадик. Ҳамма нарса — асбоб-ускуна, дори-дармон бор, муҳими, тажрибали жамоа шакллантирдик. Ҳаммаси ўз ўрнида бўлгани учун қаттиқ ҳаяжонланмадик. Лекин озми-кўпми ҳаяжон бўлганини яширмайман. Ҳатто, оддий кўричак жарроҳлик амалиётида ҳам ҳаяжон бўладику, бунда бўлмасинми...

Агар қайсики жарроҳ ҳаяжонланмайман, деса ёлғон айтган бўлади. Жарроҳлик ўз номи билан жарроҳлик, у катта бўладими ё кичик, барибир ҳаяжон бўлиши табиий.

Худди шундай бизда ҳам ҳаяжон бўлган. Аммо амалиётга киришилгач ҳаммасини ташқарида қолдирдик. Ҳаётий ташвиш борми ёки кимнингдир қон босими ошадими, хуллас, иш бошлангач ҳаммасини унутасан.

Бунинг устига елкамизда катта масъулият юки бор. Биринчидан, ўша гўдакларнинг ота-онаси олдидаги масъулият, камига улар бошқа давлатдан, бу икки карра масъулият юклайди.

Шу ўринда яна бир нарсани айтмасак бўлмайди, гўдакларнинг ота-онаси бизга олиб келгунича ҳамма нарсани бирма-бир ҳисоблаб чиққан. Бошқа давлатларга бориш масаласини ҳам ўйлаган бўлса керак. Кейин эса бизда тиббиёт яхши ривожлангани, озгина бўлсада тажрибамиз борлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистонга келган. Бу бизга катта ғурур-ифтихор бағишлаши баробарида, елкамизга янада залварли масъулият юклаши табиий эди.

Мақсад битта — амалиётни муваффақиятли ўтказиб олишдан иборат.

— Айтганингиздек, улар Россияга мурожаат қилиши мумкин эди, АҚШ ёки Ҳиндистонга жўнаб юбориши мумкин эди...

— Бу Ўзбекистон тиббиётининг тан олинганлигини ҳам англатади. Аслида, қирғизистонлик шифокорлар ҳаракатни кўраверинглар, улар яшаб кетмайди, деган фикрни айтган. Аммо қариндошлари чекинмайди. Ҳамма томонни ўрганиб бўлгач, йўқ, биз Ўзбекистонга борамиз, деган қарорга келишган.

Сиам эгизакларининг тури кўп, умуман ажратиб бўлмайдиганлари бор. Ҳозир ўзимизда болалар уйида яшаб турган сиам эгизаклари ҳам ана шундай мураккаб туридан. Чунки, тос чаноғи битта, тепа бадан иккита, қўл тўртта, оёқ эса иккита. Ажратса, биттасининг яшаб кетишиям гумон. Шунинг учун минг афсус, бундай ҳолатда жарроҳлик амалиёти қилиб бўлмайди.

Бизнинг ҳолатда эса қилса бўларди...

— Жарроҳликдан олдин эгизакларнинг барча тана аъзолари алоҳида-алоҳида бўлгани ҳолда жигари умумий эканлиги маълум эди. Амалиёт давомида жигарни ажратишга навбат етиб келди дейлик. Ким жигарни эгизаклар учун тақсимлашга журъат қилди, хуллас, охирги нуқтани ким қўйди?

— Сал кам қирқ йилдан бери болалар жигар жарроҳи бўлганим учун ҳам бу юк менга юклатилди...

— Самарқандда ўтказилган халқаро тиббиёт форумида дунёнинг кўплаб давлатларидан академиклар, машҳур тиббиёт вакиллари иштирок этади. Шулардан бири — россиялик академик Сергей Готе сизнинг сиам эгизакларига доир муваффақиятингиздан таажжубга тушади. Балки шу топда ичида ҳавас, ижобий маънода ҳасад кечгандир... Шундан сўнг нимагадир илмий жамоатчилик орасида сизга нисбатан “иккинчи Готе” дейиш урф бўлиб кетди. Мени ҳайрон қолдираётгани шуки, нима учун “иккинчи Готе”, нима учун “биринчи Оқилов” эмас?

— Биринчи Оқилов бўлгани дуруст. Готе домламнинг дўсти, ўзимиз ҳам дўстмиз. У одам билан форумнинг битта секциясига раислик қилдик, ўшанда унга 2006 йилдаги жарроҳлик амалиётини ҳамда унга ёрдамчи бўлганимни эслатдим. У эса ҳаяжон билан бундай жарроҳликни унутиб бўлмаслигини айтганди. Аслида, у ҳам бундай жарроҳликни шунгача бир марта қилганди, холос.

Мана шундай эгизакларни ажратиб, бир ой бўлди уйига жавоб бериб юбордик, дедим. Менимча, у бундан хурсанд бўлди. У ҳасад қиладиган одаммас, Ўзбекистон тиббиёти эришган ютуқдан бизга қўшилиб хурсанд бўлди, деб ўйлайман.

Қолаверса, бизнинг бу муваффақиятимизда унинг бевосита бўлмасада иштироки бор. Негаки, биринчи жарроҳлик амалиёти чоғида ундан анча-мунча нарсани ўргандик. Шу тажриба мустақил амалиёт чоғида қўл келди.

— Мабодо, агар сизга яна шундай хорижлик беморлардан мурожаат бўлса ва сизни ўз юртига таклиф этса нима қилардингиз? Ёки уларни яна Ўзбекистонга чақирармидингиз?

— Биринчи жарроҳлик амалиётига тайёргарлик жараёни узоқ давом этганди. Ўшанда Россиядан мутахассисларни чақирадиган бўлдик. Бутун дунёга машҳур бўлган Зита ва Гита исмли эгизакларни ажратган россиялик Александр Розумовский деган профессорни таклиф қилдик. У эса ҳамма таҳлилларни юборишимизни айтди. У бу мураккаб амалиёт, шунинг учун бу ёққа олиб келинглар, деди. Аммо устозим Феруз Назиров бунга кўнмади. Бу тўғри қарор бўлган экан...

Бу билан демоқчиманки, бугун Ўзбекистон тиббиёти, хусусан, жарроҳлиги дунёда ривожланган давлатларникидан қолишмайди. Шу боис хориждан яна шундай мурожаат бўлса, албатта, уларни бу ерга таклиф этган бўлардик.

— Ҳозирги пайтда қирғизистонлик эгизаклардан хабар олиб турган бўлсангиз керак. Аҳволи қандай экан?

— Улар Қирғизистоннинг Ўш вилояти Аравон туманида яшашади. Бир неча марта хабарлашдик. Эгизакларнинг ота-онаси яна келиб, кўрсатиб кетамиз деганди, нимагадир келгани йўқ. Ота-онасидан ҳам кўра бувиси кўпроқ жон куйдирди улар учун. Онахоннинг насиб қилса, набираларим катта бўлса, Ўзбекистонга олиб келиб, шифокор қиламан, деган гаплари хотирамда муҳрланиб қолган. Ниятларига етишсин...

Шу ўринда яна бир муҳим гапни айтишим керак. Бундай хасталиклар яқин қариндошлар никоҳидан туғилган гўдакларда кўпроқ учрайди. Худди шундай қирғизистонлик эгизаклар ота-онаси ҳам опа-сингилларнинг болалари экан. Шунинг учун қариндошлар ўртасидаги никоҳдан эҳтиёт бўлиш керак. Ҳозирда юртимизда бу борада кенг тарғибот олиб бориляпти, аммо ҳамон яқин қариндошлар ўртасидаги қудачилик ҳолатлари кўплаб учраб турибди. Бунинг қанчалик жиддий масала эканлигини халқимизнинг ўзи тушуниб етиши керак.

— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ

(“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?