Шифобахш «Хўжаикон» туз ғори

17:01 19 Июнь 2025 Жамият
324 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарёнинг яна бир ноёб ва гўзал бойлиги бу «Хўжаикон» туз ғоридир. У Шеробод туманидаги Оқтошота қишлоғи — Кўҳитанг тоғ тизмалари етакларида, денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда, жануби-шарқий ёнбағирда жойлашган. Табиатнинг бетакрор инъоми бўлган бу ғор ўзининг ғаройиб кўриниши, туздан ҳосил бўлган ноёб шакллари ва мусаффо ҳавоси билан сайёҳларни мафтун этади. «Хўжаикон» ғори геологик мўъжиза. Узунлиги 200 метрни ташкил этадиган ғор деворлари уч сантиметргача туз қатлами билан қопланган. Ички йўлакчасида туз эритмали шифобахш сув мавжуд. Ғор ичкарисидаги бешта хона ҳарорати, намлиги, босими, туздаги макро ва микро элементларида кескин фарқ қилиши ҳақиқий мўъжиза. Ёзнинг чилласида ҳам хоналардаги ҳарорат 14 — 25 даражагача илиқликни ташкил этади.

Мутахассисларнинг айтишича, ғордаги муҳит юқори нафас олиш аъзолари, жумладан, юрак қон томир тизими касалликларининг 1-2 босқичлари, эндокрин тизими кассаликлари, айниқса, зоб-бўқоқ касалликларига шифо. Қон босимини меъёрлаштириб, бронхит, астма, ёш болаларда сурункали ларингит, катта ва кичик ёшдаги ринит, полиноз, зотилжам, пневмония, ўпканинг шамоллаши, асаб системаси касалликларини самарали даволайди. Шўр суви стоматит, ларингит, ринит, полиноз, аллергик дерматит, пародонтоз, тери кассаликларини даволашга ёрдам беради.

«Хўжаикон» туз ғори табиат қўйнида тинчлик ва ҳузур излаганлар учун ажойиб манзил. Бу ерда соғлигингизни тиклайсиз, бир зум бўлсада, дунё ташвишларидан узилиб мириқиб дам оласиз. Табиат мўъжизасидан эстетик завқ оласиз.

— Ҳар йили меҳнат таътилига чиқишим билан туз ғорига келиб, бир ҳафта давомида дам олишни анъанага айлантирганман, — дейди Тоир Абдуллаев. — Бу ердаги муҳит ҳақиқий мўъжиза. Ҳавоси тоза, шифобахш — тўйиб нафас оласиз, худди қушдек енгиллашасиз. Бир неча кунлик дам олишнинг ўзи баданга куч-ғайрат бағишлайди, руҳиятни тинчлантиради.

Туз ғорида беморлар, дам олувчилар учун барча қулайликлар яратилган. Малакали шифокорлар доимий равишда кузатувда бўлиб, турли муолажаларни ўтказади. Фойдали маслаҳатлар бериб боради.

— Бу ердаги даволаш муолажаларидан фойда кўрганман, — дейди Барчиной Панжиева. — Биринчи марта келганимда танамдаги оғриқлар, асабийлик ва доимий чарчоқдан қутулишни истаганман. Муолажалар ва шифобахш муҳит таъсирида танам енгиллашди. Ўзимни анча яхши ҳис қилдим. Ҳавосидаги туз заррачалари нафас йўлларини тозалайди. Ички аъзолар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Шунинг учун барча юртдошларимга, хусусан, доимий чарчоқдан, нафас йўллари хасталиклари ёки стрессдан азият чекаётганларга ушбу мўъжизавий жойга бир марта ташриф буюришини тавсия қиламан.

«Хўжаикон» туз ғори нафақат табиатнинг ноёб мўъжизаси, балки юртимизнинг тарихий ва маданий бойликларидан бири сифатида ҳам эътироф этилган. Ушбу ғорни асраб-авайлаш, келгуси авлодларга етказиш мақсадида 2019 йил 4 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Бу қарор орқали «Хўжаикон» расман давлат муҳофазасига олинди. Миллий бойлигимиз сифатида эътироф этилди.

«Хўжаикон» тиббиёт туризмини ривожлантириш учун жуда қулай ҳудуд. Мамлакатимиз иқтисодиётининг ажралмас қисмидир. Ушбу туз кони илк бор 1987 йилда очилган бўлиб, 1989 йилдан бошлаб унда туз ишлаб чиқариш ишлари бошланган. Бугунги кунда «Хўжаикон туз кони» масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 25 миллиард сўмлик ёдланган ош тузи қадоқлаш корхонаси самарали фаолият юритмоқда. Бу корхона орқали нафақат сифатли маҳсулот бозорга чиқарилмоқда, балки юзлаб инсонларни иш билан таъминланиб, маҳаллий иқтисодиётга салмоқли ҳисса қўшилмоқда. Айни пайтда маҳаллий тадбиркорлар бу ердаги туз тошидан турли зеб берилган тунги чироқлар ясашни ҳам йўлга қўйган. Сувенир шаклидаги бу маҳсулот ёқиб қўйилса, таркибида табиий ёд мавжуд туз тоши қизиб, ўзидан тарқатадиган ион ёрдамида нафас йўли касалликларини даволайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?