ШҲТ Самарқанд саммитининг ўзига хос хусусиятлари нималарда акс этди?
Фото: Халқ сўзи
Самарқанд шаҳрида йирик халқаро анжуман – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтганлигидан хабарингиз бор. Мазкур халқаро тадбирнинг мамлакатимиз, қолаверса, Ташкилотга аъзо ҳамда кузатувчи давлатларнинг ҳамкорлик алоқаларида тутган ўрни, Самарқанд саммитининг ўзига хос хусусиятлари нималарда акс этади?
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти — энг ёш тузилмалардан бири бўлиб, ўтган давр мобайнида ушбу ташкилот маслаҳат механизми форматидан, бугунги кунга келиб, кенг қамровли давлатлараро бирлашмагача бўлган даражага юксалди, десак бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олгач, асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган резервларини ишга солиш орқали Ташкилотни жадал ривожлантириш стратегиясига қаратди.
Саммит давомида дунёнинг диққат-эътибори мамлакатимизга қаратилди. Юртимизга ташриф буюрган хорижлик 500 дан ортиқ ОАВ ходимлари томонидан дунёнинг барча телеканалларида ва ижтимоий тармоқларида «Ўзбекистон», «Самарқанд» атамалари баралла янгради. Қолаверса, бутун дунёда Евросиё етакчи давлатлари раҳбарларининг саммитдаги учрашувига қизиқишлари ортди.
Ўзбекистон мамлакати, жумладан, Самарқанд том маънода жаҳон сиёсатининг марказига айланди. Негаки, саммит ташкилотга аъзо мамлакатлар манфаатларига бевосита таъсир кўрсатадиган, минтақавий тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга, умуман олганда, дунёда содир бўлаётган жараёнларга таъсир кўрсатадиган мутлақо янги шароитларда ўтказилди.
Шуниси муҳимки, мамлакатимиз нафақат саммитнинг ўзига мезбонлик қилди, балки унинг доирасида кўплаб: икки-уч, ҳатто тўрт томонлама учрашувлар доирасида келишувлар имзоланди. Бу эса, улуғвор мақсадларни олдига қўйган нафақат Янги Ўзбекистон мамлакатига, балки жаҳон сиёсатига ҳам катта таъсир қилади. Ана шунинг учун ҳам Самарқанд саммити тарихий ҳодиса сифатида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
ШҲТ саммити олдингиларидан нимаси билан фарқланди деган саволга иккиланмасдан Самарқанддаги саммит ШҲТ доирасида ўтказилган энг йирик ва энг нуфузли сиёсий тадбирга айланди, дейиш мумкин.
ШҲТ тарихида илк бор саммитда 14 та давлат етакчилари ва 10 та халқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон Шарқий, Жанубий ва Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Каспий денгизи минтақаси давлатлари раҳбарларини бир майдонга тўплади.
Улар дўстона муҳитда «юзма-юз» мулоқот қилиш имконига эга бўлишди. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари норасмий шароитда умумий дастурхон атрофида суҳбат ўтказаётган фотосуратини ҳамма кўрган бўлса керак. Ўйлайманки, бу фотосурат саммит бўлиб ўтган ишончли кайфият ва муҳитни жуда яққол акс эттирди.
Самарқанд саммити ШҲТ нафақат энг нуфузли халқаро ташкилотлардан бири бўлиб қолаётганини, балки ўзининг асосий тамойиллари – блоклардан ташқари мақом, учинчи давлатларга қарши турмаслик, очиқлик, консенсус, ишонч, ўзаро манфаатдорлик, тенглик ва ўзаро ҳурматга содиқлигини яна бир бор намойиш этди.
Ўзбекистон Президентининг ШҲТ «тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим»лиги ҳақидаги мурожаати ҳам ўз тасдиғини топди.
Самарқанд саммитининг энг муҳим жиҳатлардан бири шундаки, иштирокчи давлатлар томонидан бугунги кундаги энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги таназзулнинг кучайиши, мавжуд логистика йўналишлари ва таъминот занжирларининг узилиши, сайёрамиздаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиб бораётганини асосий диққат марказида тутишди.
Саммит доирасида 40 дан ортиқ ҳужжат имзоланган бўлиб, уларнинг аксарияти Ўзбекистон томони ташаббуси билан тузилган ва стратегик аҳамиятга эга бўлган тарихий ҳужжатлар десак бўлади.
Самарқанд саммитида қабул қилинган қарорлар чинакам ютуқ бўлиб, улар Шанҳай ҳамкорлик ташкилотини келгуси ўнлаб йиллар давомида ривожлантиришнинг муҳим векторлари бўлиб хизмат қилувчи янги стратегик йўналишларни белгилаб берди.
Масалан, стратегик ҳужжатлардан ШҲТга аъзо давлатларнинг Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс режаси, шунингдек, иқлим ўзгаришига муносабат бўйича ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Қўшма баёноти ўрин олди.
Бундан ташқари, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича ҳамкорлик концепциялари имзоланди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик дастури қабул қилинди.
Ҳудудлараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси ҳамда юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволашда ҳамкорлик қилиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
ШҲТнинг кутилаётган кенгайиши Миср, Саудия Арабистони ва Қатар билан мулоқотда ШҲТга шерик мақомини бериш тўғрисидаги меморандумларни имзолаш орқали амалга оширилди. Бундан ташқари, ШҲТ ва қатор халқаро ташкилотлар ўртасида расмий алоқалар ўрнатилди. Улар орасида YUNESKO, ADL, ESKATO кабилар ҳам бор.
«Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой» темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича уч томонлама битим имзолангани ҳам муҳим аҳамият касб этди. Лойиҳа ўз қарорини 20 йил кутган эди. Ушбу улуғвор лойиҳанинг амалга оширилиши Иккинчи континентал транспорт кўпригининг жанубий йўлагини яратиш билан бирга, уч мамлакат ишлаб чиқарувчилари учун янги маҳсулотлар бозорларини ҳам очиб беради. Йўл қурилиши Марказий Осиё мамлакатлари транспорт инфратузилмасини ривожлантиришни, Форс кўрфази ва Тинч океани портларига қулай чиқишларини таъминлайди.
Самарқанд саммити доирасида икки ва кўп томонлама шаклларда ўтказилган музокаралар сонини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмасликнинг иложи йўқ. Ушбу учрашувлар давомида иштирокчилар бир қатор глобал ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.
Президентимиз томонидан илгари сурилган «Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлиги ташаббуси» ушбу саммитнинг асосий воқеаси сифатида эътироф этилди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу таклифи Самарқанд саммити арафасида эълон қилинган дастурий мақоласининг мантиқий давоми бўлди.
Дарҳақиқат, Самарқанд ташаббусини унинг мақоласида белгилаб берилган замонавий дунё тартибининг асосий чақириқлари ва муаммоларига ўзига хос жавоб, дейиш мумкин. Шунинг учун, бу ташаббус ана шундай эътибор тортгани ва экспертлар муҳокамаси марказидалиги табиий.
Самарқанд ташаббусининг аҳамияти, биринчи навбатда, бугунги мураккаб геосиёсий шароитда унинг долзарблиги. Жаҳон миқёсида ишонч ва ўзаро бегоналашиш инқирози кучайиб бораётган бугунги кунда, Ўзбекистон Президенти томонидан «умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, келишмовчиликларга қарамай, келишилган ёндашувлар ва ечимларни излашга тайёр бўлган» барчани конструктив мулоқотга жалб этиш муҳим, дея таъкидланади.
Бундан ташқари, Самарқанд ташаббусининг яна бир ўзига хослиги шундаки, илк бор бугунги куннинг долзарб масалалари бўйича ҳали ўхшаши бўлмаган глобал мулоқот майдонини шакллантириш масаласи таклиф этилди.
Яъни, иқтисодиёти, географияси, катталиги, маданияти турлича бўлган давлатлар ва халқларни бирлаштира оладиган майдон. Бу майдон уларни биргаликда мулоҳаза юритиш, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни янада таъминлаш учун янги ёндашувларни излаш мақсадида бирлаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Айтиш мумкинки, ШҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг муваффақиятли модели жаҳон даражасига кўтарилиб, халқаро ҳамкорликнинг янги формати учун асос бўлди.
Дарҳақиқат, мазкур саммит геосиёсий рақобат, маданий ва қадриятлар низолари, миллий худбинлик ва мафкуравий тарафкашликдан холи янги халқаро мулоқот бўлди, десак тўғри бўлади.
Мазкур саммитнинг Оролбўйида истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш ва ҳудудни ривожлантиришда ҳам муҳим ўрни бор албатта. Мамлакатимизда бўлиб ўтган муҳташам саммит доирасида савдо-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, илмий-техникавий, туризм, атроф-муҳит муҳофазасига оид қабул қилинган ҳамда имзоланган тарихий ҳужжатлар Янги Ўзбекистон таркибида дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Янги Қорақалпоғистон учун ҳам жуда катта амалий аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.
Таъкидлаш жоиз, Қорақалпоғистон Республикаси Оролбўйи ҳудудида ҳамда айни пайтда экологик фожианинг қоқ марказида жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Мазкур экологик кризиснинг салбий оқибатларини юмшатиш, аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳудудда янги саноат-кооперацияларини кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали Оролбўйи аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ҳисобланади. Ушбу йўналишларда ШҲТга аъзо, шунингдек, кузатувчи ва ҳамкор давлатлар билан тузилган келишувлар, албатта, ўзининг самарали натижасини бериши, шубҳасиздир.
Президентимиз саммитда сўзлаган нутқида Шанxай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида келгусида тизимли равишда университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар сингари қўшма форматларни таъсис этиш зарурлиги тўғрисида ўз таклифларини билдириб ўтди ва бу таклифлар қўллаб-қувватланди.
Ҳозирги кунда институтимиз дунёнинг 50 га яқин етакчи олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган бўлса, уларнинг аксарияти ШҲТга аъзо ва ҳамкор бўлган Россия, Хитой, Қозоғистон, Покистон, Туркия, Озарбайжон каби давлатларнинг илмий-тадқиқот марказлари ҳисобланади. Саммит доирасида қабул қилинган ҳужжатлар эса, бизнинг айни йўналишдаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлашда, ёшларимизни Ватанимизнинг буюк келажаги йўлида етук мутахассис бўлиб, Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистонни қуришга қодир бўлган рақобатбардош кадрлар бўлиб етишишида муҳим замин бўлишига ишонамиз.
Қувондиқ Қодиров,
Нукус давлат педагогика институти проректори
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг