«Шарқ тароналари»: ўзбекча куйлаган япон қизи
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Регистоннинг муаззам майдони узра турли тилларда ижро этилаётган куй-қўшиқларни эзгулик жарчиси, дейиш мумкин.
Дунёнинг 80 яқин давлатидан 400 нафардан ортиқ мусиқа санъати намояндалари қатнашаётган «Шарқ тароналари» ХIII халқаро мусиқа фестивали танловининг дастлабки кунида Болгария, Латвия, Судан, Греция, Ҳиндистон, Қозоғистон, Эрон, Туркманистон, Япония, Малайзия, Монголия, Озарбайжон вакиллари ўз дастурларини намойиш этди.
Япониядан келган мусиқа ўқитувчиси Машу Комазаки дутор чалиб, ўзбек миллий қўшиқларини куйлаганда барча мухлислар уни қизғин олқишлади.
— Ўзбек санъатига қизиқишим туфайли тўққиз йил олдин ўзбек тилини ўрганишни бошлаганман, — дейди Машу Комазаки. — Мақом санъатида қандайдир сеҳр бор. Мен уларни тинглаб, ижро этганимда роҳатланаман. Дутор чалишни ўргандим. Гўзал Регистонда ўзбекча куйлаб, томошабинлар олқишига сазовор бўлдим.
Шунингдек, танловнинг дастлабки кунида Ўзбекистон вакиллари – хонанда Гулчирой Бахшиллоева ҳамда Ўзбекистон давлат симфоник оркестри қошидаги миллий мумтоз ансамбли найчиси Тоштемур Шукруллаев ҳам чиқиш қилди. Бу йилги фестиваль танловида ҳали яна 30 дан ортиқ мамлакат мусиқий жамоалари, хонанда ва созандалари ўз мусиқий дастурларини тақдим этади.
Куни кеча «Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция доирасида Туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ қошидаги туркий давлатлар санъат университетлари иттифоқи йиғилишда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти иттифоқ аъзолигига қабул қилинди.
Бугун Ўзбекистон, Ҳиндистон, Туркия, Озарбайжон, Канада, Гамбия, Хитой, Иордания ва Венгрия мамлакатлари маданият ва санъат соҳаси ходимлари, ушбу йўналиш олий таълим профессор-ўқитувчилари ҳамда ректор ва проректорлари иштирокида олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, замонавий созанда ва хонандалик йўналишида кадрлар тайёрлаш ҳамда ҳозирги глобаллашув жараёнида ёшларнинг маънавий иммунитетини шакллантириш масалаларини муҳокама этилди.
— Халқаро илмий-амалий конференцияда «Мақом капсуласи» тақдимоти анжуманнинг ижодий чўққиси бўлди, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева. — Мақом капсуласи илмий янгилик бўлиб, унда ҳар бир мақомнинг ижро вақти ҳамда унинг инсон руҳиятига ижобий таъсири тўғрисидаги маълумотлар жамланган «Қўллаш бўйича йўриқнома» ҳам тақдим этилди.
Фестиваль иштирокчилари Самарқанд шаҳри ва бир қатор туманларда ўз концерт дастурларини жонли ижро этмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг