Шахсга оид маълумотларнинг ошкор этилиши қандай салбий оқибатларга олиб келади?
Ахборот технологиялари ва телекоммуникация хизматларининг жамият ҳаётига татбиқ этилиши, ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари ва интернет мессенжерларида шахсга оид маълумотларни унинг розилигисиз олиниши ҳамда тарқатилишига ҳар қадамда гувоҳ бўляпмиз.
Шунингдек, интернет мессенжерларда, сайтларда ва ижтимоий тармоқларда фойдаланувчи аккаунтини қайд этиш, гуруҳлар ёки каналлар ташкил этишда шахсга доир маълумотлардан, яъни шахснинг фотосурати, исм-шарифи, иш жойи, лавозими ва бошқалардан унинг розилигисиз фойдаланиш ва тарқатилиши ҳолатлари кескин кўпайиб кетаётганлиги кузатилмоқда. Бунинг натижасида кўплаб интернет фойдаланувчилари ўз шахсий ҳаётига ва шахсига оид маълумотлар тарқатилишига оид ҳуқуқбузарликлардан жабр кўрмоқда.
Шу сабабли, шахсга оид маълумотларни ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб аҳамиятга эга бўлган масала сифатида қаралмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳам «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди ва бу қонунда инсон ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, шахсга доир маълумотларга ишлов бериш мақсадлари ва усулларининг қонунийлиги, шахсга доир маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилиги, шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги ва ҳимоя қилинганлиги, субъектлар, мулкдорлар ва операторлар ҳуқуқларининг тенглиги, шахс, жамият ҳамда давлатнинг хавфсизлиги асосий принциплар сифатида мустаҳкамланган.
Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунга кўра, жисмоний шахснинг исми, фамилияси, отасининг исми, туғилган вақти, туғилган жойи, вақтинча ёки доимий яшаш жойи, оиласи, ижтимоий ҳолати, маълумоти, касби, лавозими, иш жойи, мулкий ҳолати, телефон рақамлари, фотосурати, электрон почта манзили, биометрик ва генетик маълумотлар ҳамда бошқа маълумотлар шахсга доир маълумотлар ҳисобланади.
Шу билан бирга, Қонунда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш механизмлари аниқ белгиланиши, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий, ташкилий ва техник чоралар кўришни назарда тутади. Бу субъектнинг ўз шахсий ҳаётига аралашувдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқи амалга оширилишини, шахсга доир маълумотларнинг яхлитлигини ва бут сақланишини, шахсга доир маълумотларнинг махфийлигига риоя этилишини, шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов берилишининг олди олинишини таъминлайди.
Шунингдек, Қонунда бундай маълумотларнинг махфийлиги, уларнинг ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбаларига киритиш учун субъектнинг ёзма розилигини олиш, шунингдек субъектнинг шахсга доир маълумотларини ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбалардан унинг мурожаатига кўра чиқариб ташлаш кўрсатилган.
Шахсга оид маълумотлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга мисол қилиб, уяли алоқа компанияларининг абонент рақамларини дилерлар томонидан расмийлаштиришда ва уяли алоқа воситаларини UZIMEI тизимидан рўйхатдан ўтишида айрим нопок тадбиркорлар томонидан турли йўллар билан қўлга киритилган фуқаролик паспорти маълумотларидан фойдаланиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Шунингдек шахсга оид маълумотларнинг ноқонуний савдоси уюшган жиноятчиликнинг элементларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Шахсга доир маълумотлар билан ишловчи жисмоний ёки юридик шахслар яъни, уяли алоқа операторларининг дилерлари, авиакассалар, туристик агентликлар, меҳмонхоналар, хусусий клиникалар, суғурта ташкилотлари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат ташкилотларида ишловчи шахслар томонидан маълумотларни моддий маблағ эвазига сотиш ҳолатлари, яъни «маълумотлар қора бозори» юзага келгани ҳам кузатилмоқда.
Шунингдек, интернет тармоғида хакерлар томонидан яратилган, шахсга оид маълумотларни ўғирлашга қаратилган Windows, MacOS, Linux, Unix, Android, IOS ва бошқа шу каби операцион тизимлар муҳитида ишловчи иловалар ҳамда ниқобланган электрон дастурлар тарқатилмоқда.
Интернет фойдаланувчилари зарарли дастурларни ўйинлар, қўлланмалар, фотосуратлар, электрон ҳужжатлар, электрон хатлар ва бошқа кўринишларда қабул қилиб олишади ва натижада шахсга оид деб қаралаётган абонентлар контакт рўйхати, кириш ва чиқиш қўнғироқлар тарихи, аккаунтларга тегишли пароллар, банк ҳисоб рақамлари, банк кредит/дебит карталари маълумотлари ва бошқа маълумотлар зарарли дастур муаллифига яширин тарзда юборилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, барча фуқаролар томонидан ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланишда ахборот хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Чунки, ҳар биримиз банк карта рақами, пин-кодини бошқаларга айтишда, шахсимизни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаларини ижтимоий тармоқлар орқали юборилишида эҳтиёткорлик чораларини кўрмасак, ўзимиз тўғримиздаги шахсий маълумотларни ошкор этилишига сабабчи бўлган ҳисобланамиз.
Фуқаролардан келгусида ўзлари тўғрисидаги шахсий маълумотларини ошкор этилишини олдини олиш мақсадида қуйидагиларга риоя этишлари тавсия этилади:
- Интернет тармоғидаги ҳар қандай манба орқали шахсингизга оид маълумотларингизни тарқатманг.
- Юқори даромадли иш таклиф қилувчилардан эҳтиёт бўлинг.
- Сизга нотаниш бўлган фойдаланувчилар билан мессенжерлар, ижтимоий тармоқлар, чатлар ва форумлар орқали мулоқот қилишда шахсий маълумотларингизни тақдим этманг.
- Шубҳали файллар ва иловаларни очиб кўрманг.
- Номаълум ва шубҳали манбалардан маълумотлар юклаб олманг.
- Шубҳали ҳаволаларни очиб кўрманг.
Нажмиддин ТУРАХОДЖАЕВ,
Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг