Шаҳрихонлик пичоқсоз

12:15 29 Сентябр 2025 Жамият
108 0

Андижон аҳли учун пичоқ оддий темир буюм эмас, балки азалий қадриятдир. Чунки ўзбек халқининг турмуш тарзида у мардлик, жасорат ва ғурур рамзи сифатида асрлар давомида қўлланиб келинган. Илгари боболаримиз белига белбоғ боғлаб, безакли қинга жойланган Шаҳрихон пичоғини илиб юрган. Ёлғиз қолган инсон ёстиғи остига пичоқ қўйиб ётар, бу унинг ҳамроҳидек қабул қилинган. Ҳатто дастурхон устида пичоқ турган ҳолда дуо қилинмаган, чунки у дуони кесиб қўяди, деган эътиқод бўлган. Бу одатлар кимларгадир ғалати туюлиши мумкин, аммо аждодларимиз ҳаётида пичоқнинг тутган ўрни беқиёс.

Айнан шу сабабдан Андижон вилоятида пичоқчилик кенг тарқалган. Қорасув, Андижон ва Асакада усталар бу ҳунар билан рўзғор тебратган. Аммо Шаҳрихонда пичоқчилик деярли уч асрдан бери авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъана сифатида қадрланиб, бутун маҳалла бу соҳада машҳур бўлган.

XIX асрнинг бошларида Қўқон хони Амир Умархон Шаҳрихон ҳудудларини ўзлаштираётганда Марғилондан усталарни олиб келган. Улар орасида машҳур пичоқчи Исломхўжа ҳам бор эди. У дастлаб якка ўзи иш бошлаб, кейин ўғиллари ва шогирдларини ўргатган. Шу тариқа туманда пичоқчилар маҳалласи пайдо бўлган.

Ҳозирда Шаҳрихонда 300 нафардан зиёд усталар пичоқ ясаш билан шуғулланишади. Улар ишлаб чиқараётган буюмлар нафақат мамлакат бозорида, балки хорижда ҳам харидоргир. Исломхўжа асос солган мактаб ҳозирда унинг авлоди Раҳматхўжа Алихўжаев томонидан давом эттирилмоқда. Халқ орасида Эшон ака номи билан танилган ҳунарманд, 14 ёшида илк пичоғини ясаган. Йиллар мобайнида меҳнатда тобланиб, турли шакллар яратди. Шаҳрихон пичоғига хос ўткирлик ва енгилликни сақлаб қолиш билан бирга, уни келажак авлодга мерос қолдиришни ўз ҳаётининг асосий мақсадига айлантирди.

– Ўзбекистонда пичоқ турлари жуда кўп, – дейди у. – Ҳар бир ҳудудники бир-биридан фарқ қилади. Масалан, воҳада ясаладиган пичоқлар оғир ва қалин бўлса, Шаҳрихон пичоқлари енгил ва ўткир бўлиши билан ажралиб туради. Сопига ишланган нақшлар қимматбаҳо тошлардан тайёрланади. Ҳақиқий санъат асарини эслатади. Эшон ака уйида ташкил этилган кичик музейда 50 дан зиёд турли пичоқ мавжуд. Уларнинг ҳар бири ноёблиги билан ажралиб туради. Пичоқчилик мен учун фақатгина даромад эмас, балки ҳаётим мазмунидир. Ҳар бир буюмимда мардлик, жасорат ёки куч-қудрат акс этади. Ҳар бири ўз маъносини ифодалайди.

Республикамизда ҳунармандларга яратилган имкониятлар Раҳматхўжа ака ҳаётида янги босқич очди. У 1995 йилда ЮНЕСКОнинг 50 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро кўргазмада иштирок этди. 2003 йил Францияда бўлиб ўтган “Сифат белгиси” кўргазмасида 166 давлат вакиллари орасидан юқори баҳога лойиқ топилиб, олтин кубок ва диплом билан тақдирланди. 2017 йил 17 ноябрда қабул қилинган “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони соҳада янги имкониятларни очди. Солиқ ва божхона имтиёзлари, “Ҳунарманд” уюшмаси фаолияти ва кредитлар ажратилиши шу соҳанинг ривожига катта туртки бўлди.

Президент Фармонига асосан Раҳматхўжа Алихўжаев “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. Бу унинг уч асрлик анъанани муносиб давом эттираётгани ва пичоқчилик санъатини авлодларга ўргатишда, миллий ҳунармандчиликни юксалтиришда қўшган ҳиссасига берилган юксак баҳодир. Куни кеча Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган ўтган "III- халқаро ҳунармандчилик фестивали" доирасида Шаҳрихон туманига халқаро "Жаҳон ҳунармандлар шаҳри" мақоми берилди. Махсус сертификат топширилди. Бу ютуқда ҳунарманд Раҳматхўжа Алихўжаевнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Саминжон ҲУСАНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?