Сенаторлар “Биринчи қўнғироқ” ва “Мустақиллик дарси” тадбирларида иштирок этди
Кеча республикамиз таълим муассасаларида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида янги ўқув йили бошланганидан дарак берувчи биринчи қўнғироқ чалинди. Мазкур жараёнларда парламент аъзолари, жумладан, сенаторлар ҳам фаол иштирок этди.
Хусусан, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги 241-мактабда ўтказилган байрам тадбирида ўқитувчилар, ўқувчилар, ота-оналар, шунингдек, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов иштирок этди.
Байрам тадбирида сўзга чиққан сенатор O. Иминов барчани Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги билан самимий табриклади. Мактаб ўқувчиларига мурожаат қилар экан, уларга улкан муваффақиятлар, ташаббускор, мақсадли, куч ва ғайратга тўла бўлишларини тилади, болалар тажрибали устозлар раҳбарлигида билимни чуқур ўзлаштириб, ўз ютуқлари билан Ватан шарафини албатта улуғлашига ишонч билдирди.
Бундан ташқари “Мустақиллик дарслари” бўлиб ўтди ва унда мактаб ўқувчиларига Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўли, мамлакатимизда уни янада тараққий эттириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
Шунингдек, “Мустақиллик дарслари” ўқувчи-ёшларимиз онгига ватанпарварлик руҳини сингдириш, мамлакатимизда ривожланган демократик жамиятни барпо этиш, ватанга содиқ, юрт келажаги ва тараққиётига дахлдор, юксак маънавиятли, қатъий эътиқод ва мустақил фикрга эга бўлган, фуқаролик бурчини чуқур ҳис қиладиган баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Қодирхонова Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги 4-мактабида бўлиб, ўқувчиларни янги ўқув йили билан табриклади.
Тадбир давомида сенатор ўқувчи ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашиб, бугунги кунда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берди. Сенатор мактабда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, буларнинг бари мустақиллик берган инъомлардан бири эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди.
Мамлакатимизда мустақиллик шукуҳи кезиб юрган бугунги кунда ёшларимиз онгида Ватанни қадрлаш, шукроналик, меҳр-муҳаббат руҳини сингдирувчи “Мустақиллик дарслари” ҳар йили аньанавий тарзди ўтказилиб келиниши бежиз эмаслигини қайд этди.
Шу билан бирга, Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Рисқул Сиддиқовлар пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида жойлашган 8-мактабга ташриф буюриб, байрам тадбирларида иштирок этди.
Сенаторларнинг бу каби фаоллиги республикамизнинг бошқа туман ва шаҳарларида давом этди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг