Сенат Раиси Тошкент тумани жамоатчилиги вакиллари билан учрашиб, аҳоли билан мулоқот ўтказди
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати
Жорий йилнинг 24 июнь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан тинишиш ҳамда аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида Тошкент вилоятининг Тошкент туманида бўлди.
Сенат Раисининг дастлабки манзили туманнинг “Хасанбой” МФЙ ҳудудидаги 9-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Муассаса 1939 йилда қурилган 140 ўринли мослаштирилган бино ўрнида, аҳолининг талаб ва истакларини ҳамда ҳудуддаги мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган холда 560 ўринга мўлжаллаб янгидан барпо этилди. Эътиборли жиҳати, мактабгача таълим ташкилотида таълим лабораторияси ташкил этилган бўлиб, тумандаги бошқа мактабгача таълим ташкилотлари вакиллари таълим ва тарбиянинг илғор шакллари бўйича малакаларини ошириб боришади.
Т.Нарбаева бу ерда туман мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагоглар билан мулоқот қилди. Таълим фидойилари кейинги йилларда ўқитувчиларнинг нуфузи ва мавқейини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар, уларни моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилаётган чоралар, тизимда мажбурий меҳнатнинг тўлиқ бартараф этилгани туфайли таълим жараёнида сифатнинг яхшиланаётганига тўхталиб ўтдилар.
“Баҳор гуллари” МЧЖда эса турли жабҳаларда самарали меҳнат қилган туман нуронийлари билан дилдан суҳбат бўлиб ўтди. Нуронийлар айни пайтда мамлакатда кечаётган бунёдкорлик жараёнлари, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилаётган чоралар, ёши улуғ отахон ва онахонларга берилаётган эътибор, ёшларни жамиятда ўз ўрниларини топишлари, таълим олишлари учун яратилган шароитларга тўхталиб ўтдилар. Хусусан, кейинги йилларда таълимдаги ислоҳотлар натижасида ёшларда танлов имконияти кенгайгани, нафақат сони бир нечага ортган олий ўқув юртлари, балки хорижнинг нуфузли таълим муассасаларига юртимизда туриб, таълим гранти асосида ўқишга кираётгани, уларнинг маънавий дунёсини бойитиш мақсадида мамлакатимиз ҳудудларида йирик марказлар ташкил этилаётгани келажакда юртимиз тараққиётига киритилган сармоя эканини таъкидлаб ўтдилар.
Бугун тадбиркорлик субъектлари иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи драйверга айланиб бормоқда. Шу маънода, Т. Нарбаева тумандаги тадбиркорлар билан ҳам учрашди. Жумладан, қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркор Фазлиддин Аҳмедов айни пайтда 200 га яқин иш ўрни яратгани, тайёрланаётган маҳсулотнинг 40 фоизи Марказий Осиё давлатлари, Россия, Грузия, Хитой ва Мўғулистон каби давлатларга экспорт қилаётганини айтиб ўтди. Хусусан, ўтган йилда экспорт хажми 2,5 миллион долларни ташкил қилган бўлса, бу йил 4 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Тадбиркор яратилган имкониятлар туфайли яна 1,5 миллион доллар инвестиция киритиш ҳисобига 60 та янги иш ўрни яратиш устида иш олиб бормоқда. Сенат Раиси корхонада фаолият олиб бораётган ёшлар билан суҳбатлашиб, уларга яратилган шароитлар билан ҳам қизиқди.
Шу ернинг ўзида тумандаги ҳоким ёрдамчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида маълум бўлишича, айни пайтда аҳолини иш билан таъминлаш боғлиқ масалалар ўз ечимини топган, ҳаттоки қўшни туманлар фуқароларини ҳам иш билан таъминлаш учун имкониятлар мавжудлиги айтиб ўтилди.
Туманда аҳоли соғлиғини сақлаш йўналишига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини яхшилаш, кўрсатилаётган хизмат сифатини ошириш мақсадида малакали тиббиёт ходимларини жалб этиш шулар жумласидан.
Т.Нарбаева яқинда фойдаланишга топширилган туманлараро перинатал марказ фаолияти ва унда аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди, унга яқин маҳаллалар аҳолиси билан мулоқот қилди.
Бунга қадар 110 ўринли Тошкент тумани туғруқ комплекси фақатгина шу ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатган. Шифохона асосан асоратсиз туғруқларни қабул қилишга мўлжалланган бўлиб, асоратли ва кам вазн билан туғилган чақалоқлар республика муассасаларига ва Чирчиқ шаҳрида жойлашган вилоят перинатал марказига 50-70 км. масофа босиб олиб борилар эди.
Муассасани замонавий стандартларга мос ҳолга келтириш учун 18,2 млрд. сўм инвестиция дастури доирасида маблағ сарфланди. Марказ замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. Бунинг учун 2,1 млрд. сўм маблағ ажратилди. Муассасада қўшимча 10 ўринли “Чақалоқлар патологияси” ва 6 ўринли “Чақалоқлар реанимацияси” бўлимлари ташкил этилди. Бундан ташқари, марказнинг 35 нафар шифокори республика муассасаларида алоҳида ташкил этилган ўқув курсларида тиббий малакаларини ошириб қайтди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг