Сенат Раиси Фарғона вилоятида жамоатчилик вакиллари билан мулоқотлар ўтказди

21:17 08 Октябр 2023 Сиёсат
1312 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Фарғона вилоятига ташрифи доирасида вилоят жамоатчилиги, хотин-қизлар фаоллари билан учрашиб, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳа тақдимоти билан танишди.

Хусусан, вилоятдаги хотин-қизлар фаоллари билан мулоқот чоғида уларни қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз борди.

Айни пайтда Фарғонада аёлларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш юзасидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бошқарувдаги раҳбар хотин-қизлар 18,2 фоизни, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасида 9,8 фоизни, саноат, савдо, ташиш ва сақлаш, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳаларида 18,5 фоизни, таълим соҳасида 54 фоизни ташкил қилмоқда.

Очиқ ва конструктив руҳда ўтган суҳбат давомида Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, даромадларини кўпайтириш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Шунингдек, “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, оила асосларини янада мустаҳкамлаш, мутасадди ташкилотлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан самарали жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олдини олиш бўйича қатор таклифлар ҳам илгари сурилди.

Сенат Раиси, шунингдек, Бағдод тумани Муқумий МФЙ ҳудудида жойлашган 17-сонли мактабда йўлга қўйилган “Менинг ҳунарим — Менинг фахрим” лойиҳаси тақдимотида иштирок этди.

Бу ерда халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг Хотин-қизлар ва гендер тенгликни таъминлаш доимий комиссияси, вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик ўқув маркази, Бағдод тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида аёлларга замонавий ҳамда талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни ўргатиш мақсадида бир неча йўналиш бўйича ўқув марказлари ташкил қилинган.

Хотин-қизларни бу ерда каштачилик, дастурчилик, тикувчилик ва пазандачилик каби касбларга ўқитилади ва шу тариқа уларнинг бандлигини таъминлашда ва даромадини кўпайтиришда кўмак берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?