Саноқда бор-у ҳисобда йўқ 1008 бола, буйруқсиз ишлаётган 72 тарбиячи, айбни бир-бирига ағдараётган масъуллар...

11:43 19 Октябр 2021 Жамият
843 0

Чироқчи туманида мактабгача таълимга қамраб олинмаган болалар учун тайёрлов гуруҳларини шакллантириш ишлари билан танишган чоғимизда мана шу ҳақиқатлар билан рўбарў келдик.

 

Юртимизда мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган болаларни мактабга тайёрлаш, уларнинг ақлий, интеллектуал салоҳиятини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2020 йилнинг  9 мартдаги “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши замирида ҳам айни шу мақсад мужассам.

Афсуски, қарор ижроси Чироқчи туманида тўлақонли амалга оширилмоқда, дейиш мушкул. Аниқроғи, тумандаги мактабгача таълим муассасалари мавжуд бўлмаган 36 та ҳудудда мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳлари ташкил этилган ва машғулотлар олиб борилаётган  бўлса-да, улар расман рўйхатдан ўтмаган. Гуруҳларда дарс жараёнларини ҳали ишга расман қабул қилинмаган, аризаси асосида буйруқлаштирилмаган педагоглар амалга оширмоқда.

Тумандаги 162-мактабда очилган  тайёрлов гуруҳларидаги дарс жараёнида қатнашдик. Энди 6 ёшга қадам қўяётган жажжи ўғил-қизлар аллақачон ҳарфларни ва рақамларни ёзишни ўзлаштириб олган. Шеър айтиши, қўшиқ куйлашларини кўриб, дилингиз яйрайди. Чиндан ҳам болаларимиз билим олишга чанқоқ. Аммо бу тайёрлов гуруҳлари миллий, маданий-тарихий қадриятларни акс эттирадиган ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни оширадиган ўқув-методик, дидактик материаллар, ақлни чархловчи ўйинлар ҳамда ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан таъминланмаган.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошидаги бизнес мактабининг мактабгача таълим йўналишини битирган Марзия Комилова болаларга сабоқ бермоқда. Унинг ишга қачон қабул қилингани билан қизиқдик.

-2021 йил 6 сентябрдан буён болалар билан машғулот олиб боряпмиз, лекин ишга кириш ҳақида ариза ёзганимиз йўқ,- дейди у. – Бир ярим ойдан буён ишлаяпмиз.

Суҳбатдошимиз буйруқни ким чиқариши кераклигини, кимнинг номига ариза ёзиш лозимлигини ҳам билмайди, лекин маошдан умид қилиб ишламоқда. Унинг сўзларини ҳамкасби Нигора Муҳаммадиева ҳам тасдиқлайди.

Чироқчи тумани мактабгача таълим бўлими мутахассиси Гулнора Ашурова билан телефон орқали боғланганимизда у ҳали буйруқлаштирилмаган 72 нафар педагог бир ярим ойдан буён 1008 нафар 6 ёшли болаларга сабоқ бераётганини маълум қилди.

-Қашқадарё вилояти мактабгача таълим бошқармаси бу ҳолат учун мени айбламоқда,- дейди Гулнора Ашурова. – Аслида менинг вазифам гуруҳларни шакллантириш, машғулот жараёнларини ташкил этишдан иборат. Ахир педагогларнинг буйруқлаштирилмагани учун мен жавобгар эмасман-ку!

Қашқадарё вилояти мактабгача таълим бошқармаси бўлим бошлиғи Юлдуз Раҳимованинг фикрлари билан қизиқдик.

-Чироқчи туманида очилган 36 та гуруҳ электрон базага, яъни ЭМИС дастурига киритилмаган,-дейди у. –Ўзлари ишни орқага тортяпти. Агар улар электрон базага яқин кунларда киритилмаса, шакллантирилган барча гуруҳлар молиялаштирилмасдан қолиши мумкин. Жиҳоз масаласига келсак, жиҳоз вазирликдан берилади, биз чўнтагимизга солиб ўтирганимиз йўқ.  542 та гуруҳга 166 та жиҳоз келган, қолганиям берилади-да.

Вазирлар Маҳкамасининг юқорида зикр этилган қарорида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлашни амалга ошириш борасидаги асосий вазифалари белгилаб берилган. Мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болалар учун тайёрлов гуруҳларини шакллантириш, уларнинг ўқув-тарбия жараёнига замонавий инновацион педагогик технологияларни, таълим ва тарбиянинг самарали шакллари ҳамда усулларини жорий этиш, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болаларнинг давлат талабларига мувофиқ ҳар томонлама ақлий, ахлоқий, эстетик ва жисмоний камол топиши учун шарт-шароитлар яратиш шулар жумласидан. Қашқадарёда бошқарма мутасаддиси ишни бўлим қилиши керак деса, бўлим бошқарма рухсат бермаяпти деса, иш шу зайлда орқага қараб кетавериши кундай равшан-ку!

Чироқчидаги бу муаммога аслида мутасадди бошқарма ва бўлим ўртасидаги сансалорлик сабаб бўлмоқда, бизнингча. Янада аниқ жавобни масъуллардан кутамиз.

 

Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер