СамДУда ректор ва ота-оналар учрашуви бўлиб ўтди

10:54 29 Март 2024 Жамият
135 0

Самарқанд давлат университетида Биокимё, Муҳандислик физикаси институтлари, тарих, филология, математика факультетининг 1-босқич иқтидорли талабалар ва уларнинг ота-оналари билан учрашув ташкил этилди.

Тадбир аввалида ота-оналар фарзандлари таҳсил олаётган институт ва факультетларда бўлишди. Ўқув жараёнлари, лабораториялар, музейлар фаолияти билан танишди. Ўқув хоналари, маърузалар зали, кутубхона, ошхона ва ётоқхоналарга кириб, яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ғояси асосида яратилган фильм ота-оналар эътиборига ҳавола қилинди. Фильмда оддий оиладан чиқиб, билим, таълим олиш орқали юқори натижаларга эришган қаҳрамонларнинг ҳаёт йўли акс эттирилган.

«Ўзингизга ишонинг! Сиз улар каби кучлисиз. Билим эгалланг. Умидсизликка тушманг. Фақат олдинга, фақат олға…» шиори асосида тайёрланган мазкур фильм тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Университет раҳбариятининг ота-оналар билан учрашуви биз учун манфаатли бўлди, — дейди талабанинг отаси Шаҳобиддин Яхшибоев. — Фарзандим математика факультетида ўқийди. Мен ҳам математикман. Бу ердаги ўқитувчиларни яхши биламан. Биз ўқиган давр билан ҳозирги шароитларни таққосласам, тўғриси, фарзандларимизга ҳавас қиламан. Бугун намойиш этилган фильмда ҳам чуқур маъно бор. Фарзанднинг тарбиясида ота-онанинг ўрни муҳим бўлиши керак.

— Фарзандим Абдуманнон жорий йилда СамДУнинг Муҳандислик физикаси институтига ўқишга қабул қилинди,дейди Гулноза Жўраева. — Ўғлимнинг иқтидорли гуруҳда таҳсил олиши мени қувонтирди. Бугун эрталабдан Муҳандислик физикаси институтида бўлдим. Фарзандим шундай ҳашаматли биноларда, замонавий лабораториялар, шинам хоналарга эга даргоҳда ўқишидан фахрландим. Университети раҳбарияти билан учрашувимиз ота-оналар учун айни муддао бўлди. Домла махсус фанларни ўқитишдан ташқари, чет тилларни билиш афзалликлари ҳақида тўхталди. Бугундан бошлаб фарзандларимни тил ўрганиши учун барча чораларни кўраман.

— Бугунги учрашувдан хурсандман. Йигирма йил олдин шу университетни тамомлаганман, — дейди Махсума Каримова. — Жонажон университетимни бугун яна бир бор кўрдим. Қизим филология факультетида ўқийди. Бугунги мажлисда намойиш этилган фильмдан роса таъсирландим. Талаба ва уларнинг ота-оналари учун ибрат бўладиган фильм бўлибди. Фильм қаҳрамонлари ҳаётини сўзлаб берар экан, ота-онамни ёдга олдим. Бугун университетни кўриб шунга амин бўлдимки, давлат болаларимизнинг ўқиши учун барча шароитни яратиб берган. Фарзандларимизнинг қандай ўқиши эса ўзларининг қўлларида.

Тадбир давомида СамДУ ректори Рустам Холмуродов ота-оналарга фарзандларини ўқитиши учун қатор тавсиялар берди. Ишончимиз комилки, ушбу тавсияларга амал қилинса, ёшларнинг келажаги порлоқ бўлади.

Самарқанд давлат университети ахборот хизмати.

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?