Самарқанднинг бешта туманида «Эрта ривожлантириш маркази» ташкил этилади

12:16 24 Февраль 2025 Жамият
122 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилоятида шу пайтга қадар Тойлоқ педагогика коллежи негизида «Эрта ривожлантириш маркази» ташкил этилган эди. Жорий йилда Тойлоқ, Иштихон, Пастдарғом, Булунғур ва Оқдарё туманларида ҳам шундай марказлар очилади.

— Ушбу марказларга кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оила фарзандлари ҳамда имконияти чекланган болалар қамраб олинади, — дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зайниддин Жўраев. — Ўтган йил давомида мактабгача таълим ташкилотларида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган, эҳтиёжманд оила вакилларининг 5271 нафар фарзандлари ота-оналарнинг ойлик бадал тўловидан озод қилинган. Бир оиладан икки ва ундан ортиқ болаларнинг ота-оналар тўлови 29 фоизгача камайтирилган.

2024 йили вилоятда Инвестиция дастури асосида 27 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилди. Янги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони ҳам кўпайди.

Вилоятда жорий йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар орқали 3-7 ёшли болаларнинг мактабгача таълимга қамровини 72,1 фоиздан 75,6 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?