Самарқандлик раҳбарлар Тошкент шаҳрида бўлишди
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида, ижтимоий-иқтисодий ўсиш кузатилиб, халқимизнинг турмуш даражаси янада ошиб бормоқда. Бу борада пойтахтимиздаги янгиланиш ва ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари билан танишиш, шунингдек, замонавий инфратузилма объектлари, ишлаб чиқариш корхоналаридаги иш жараёни, соҳаларга жорий этилаётган янгиликлар борасида маълумот олиши, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида, жорий йилнинг 14-15 ноябрь кунлари вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги Самарқанд вилоятининг шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда турли ташкилотлар раҳбарларидан иборат делегация аъзолари Тошкент шаҳрида бўлишди.
Делегациянинг пойтахтдаги илк ташриф манзили Tashkent City комплекси ҳудудидаги конгресс-холл мажмуаси бўлди. Меҳмонларга мазкур замонавий мажмуа ҳақида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев маълумот бериб ўтди.
Мазкур конгресс-холлнинг умумий майдони 43 минг квадрат метр бўлиб, унда йирик халқаро анжуманлар, олий даражадаги музокаралар ўтказиш учун барча шароит яратилган. Делегация аъзолари биринчи қаватдаги 3,5 минг иштирокчига мўлжалланган конференциялар зали билан яқиндан танишиб чиқишди.
Тошкент шаҳар ҳокими конгресс ҳол МДҲ давлатлари орасида энг йирик мажмуалардан бири эканлигини билдириб ўтар экан, ҳар бир хоналарнинг жиҳозланишида асосий эътибор миллийлик ва мебель жиҳозларнинг шакли бир-бирига ўхшамаслигига ҳаракат қилингани қайд этиб ўтди.
Делегация аъзолари Тошкент Cити боғини ҳам томоша қилишди. У халқаро бизнес марказининг қоқ ўртасида жойлашган. Боғнинг катталиги 18,5 гектар. Боғ ҳудудида мутлақо янги форматдаги турли хил кўнгилочар ва ҳордиқ чиқариш жойлари яратилган.
Боғнинг энг асосий ва диққатга сазовор жойи – бу узунлиги 200 метрга тенг бўлган мусиқали фавворадир. У кўлнинг қоқ марказида жойлашган бўлиб, жозибадорлиги билан ҳаммани ўзига мафтун этади. Ушбу фаввора ҳар кеча боғга ташриф буюрувчи меҳмонларнинг давомли қарсаклари остида лазерли эффектга эга бўлган жўшқин сувли шоу намойиш қилади.
15 ноябрь куни эрта тонгдан делегация аъзолари Тошкент шаҳар ҳокимлигининг гул хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи давлат-хусусий шерикчилик асосидаги “Flowers garden” МЧЖ фаолияти билан танишиб чиқишди.
Учтепа туманида жойлашган “Flowers garden” гуллар олами иссиқхонасида Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан салоҳиятли инвесторлар жалб этилиши натижасида 17 миллиондан ортиқ гуллар етиштирилмоқда. Бу ердаги қулай шароит ранг-баранг гуллар кўпчилик ҳамюртларимиз ва хорижий меҳмонларни ҳайратга солиб келмоқда.
2018 йилда “Flowers garden” декоратив ўсимликларни етиштириш бўйича улкан қадам ташлади. Қисқа вақт ичида мазкур ташкилот мавсумий гуллар ва буталарни етиштириш бўйича Ўзбекистондаги энг йирик ишлаб чиқарувчисига айланишга муваффақ бўлди. Туркия, Латвия ва Голландия каби хорижий давлатлар томонидан “Flowers garden” учун ўсимликлар ва ўғитлар етказиб берилади. Меҳмонлар бу ердаги иссиқхоналарда етиштирилган гуллар ва уларнинг парваришлаш усулларини кўздан кечириб чиқишди.
Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил қилинган «Тошкент роад» ҚК ва Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хўжалик бошқармасининг фаолиятлари алоҳида тартибда тегишли раҳбарлар томонидан ўрганилди. Айниқса, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган гул етиштириш хўжалиги, йўлларни таъмирлаш қўшма корхонаси ва бошқарув сервис компаниясининг тажрибалари бўйича зарур тавсия ва кўникмалар олинди.
Навбатдаги манзил “Flowers Garden Park” истироҳат боғи бўлди. Сергели туманидаги 10 гектар яшил ҳудудда боғ ҳамда замонавий гуллар маркази жойлашган. “Flowers Garden Park” да заранг, магнолия, қора қарағай, фотиния ва яна 25 турдаги декоратив дарахтлар экилган. Бундан ташқари боғда газон ётқизилган бўлиб, «яшил ҳайвонлар» ўрнатилган. Шунингдек, боғда кўчатлар хиёбони ҳам бўлиб, ҳар бир кўчат олдида у ҳақдаги маълумот ёзиб қўйилган.
Делегация аъзолари ташриф доирасида «Хумо Арена» муз саройида ҳам бўлишди. Бу ерда 12,5 минг ўринли муз аренаси, кичик машғулотлар аренаси, спорт музейи, машғулот заллари, фитнес-марказ, ресторан ва спорт анжомлари дўконидан иборат. Хоккей, керлинг, фигурали учиш, шорт-трек бўйича халқаро турнирлардан ташқари, арена спортнинг баскетбол, волейбол, гандбол футбол, бокс, таэквондо, қиличбозлик ва бошқа турлари бўйича мусобақаларни ҳам ўтказишга мўлжалланганлиги делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.
«Ғалаба боғи» ҳам ташриф дастуридан ўрин олди. Ўтган йили Президентимиз томонидан улкан боғ барпо этиб, халқимиз қаҳрамонлигини абадийлаштириш ташаббуси илгари сурилган эди. Шундан сўнг, илмий-ижодий жамоатчиликнинг таклифлари, хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида бадиий-меъморий концепция ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари бу борадаги лойиҳалар билан бир неча бор танишди. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 12 гектардан зиёд жой ажратилиб, улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Натижада бунёд этилган Ғалаба боғи Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида ғалабани таъминлашга қўшган улкан ҳиссасини, жасоратини бор кўлами билан кўрсатиб берадиган яхлит мажмуага айланди.
Шунингдек, Самарқанд вилояти делегацияси Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида замонавий экобозорда бўлишди. Бу ерда фермер, деҳқон хўжаликлари, тадбиркорлар учун ўз маҳсулотларини сотиш имкониятлари озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, маиший-кимё маҳсулотлари савдосини кўздан кечиришди.
Тошкентда дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парки — ИТ Парк шаҳар ва туман ҳокимлари корхона ва ташкилот раҳбарларида катта таассуротлар қолдирди. Истиқболли стартап-лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда уларни ички ва ташқи бозорларга чиқаришга ихтисослашган ИТ Парк “RevoTech” резиденти Самарқандлик меҳмонларга ўзининг “Monterra” лойиҳаси ҳақида маълумот бериб ўтди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилаётган йирик лойиҳа ҳисобланади.
Лойиҳани синовдан ўтказиш мақсадида дастлабки босқичда 20 та фермер хўжалигининг экин экилган пахта ерларининг экспериментал асосда онлайн мониторинги ташкил этилди. Мониторинг жараёнида экинларни етиштириш, хорижий экинлар мавжудлиги, кимёвий, органик ва минерал ўғитлардан фойдаланиш, ерларни сув билан таъминлаш, уларнинг ҳосилдорлигини ошириш, шунингдек, ресурсларни тежаш масалалари бўйича муҳим маълумотларни тақдим этиш ва таҳлил қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Самарқанд вилоятидаги карьерлардан ноқонуний қум ва тошлар норуда фойдали қазилмалардан фойдаланилаётганига барҳам бериш мақсадида ишлаб чиқилган МОНТEРРА дастурнинг тақдимоти ўтказилди.
Делегация аъзолари Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишидаги «Туркистон», «Юнусобод» ва «Қўйлиқ» метро бекатларига ташриф буюриб, мазкур бекатлар оралиғида станцияларда яратилган шароитларни кўздан кечиришди.
Ташриф доирасида шунингдек, «Бектемир металл конструкциялари» масъулияти чекланган жамият ҳам кўз кечирилди. 2018 йилда ишга туширилган корхона йилига 65 минг тонна рухланган металл, 1600 километр йўл тўсиқлари, 130 минг тонна пайвандланган қувур ва 17 минг дона ёритиш устуни ишлаб чиқариш қувватига эга.
Корхона вакиллари металл конструкцияларни иссиқ ҳароратда рухлаш Италиянинг Bisol S.Р.A. ускунасида, халқаро меъёрлар ва сифат стандартлари даражасида амалга оширилаётгани, бундай маҳсулотларнинг чидамлилиги, кўримлилиги ва ўрнатиш жараёнида қулайлиги билан афзал эканлигини билдиришди. Шунингдек, бу ерда Хитой, Жанубий Кореядан келтирилган замонавий технологиялар ўрнатилган.
Делегация аъзолари 2019 йилда асос солинган, умумий қиймати 51,5 миллион АҚШ доллари бўлган кўп тармоқли Технопарк ишлаб чиқариш мажмуасида ҳам бўлди. Яшнобод туманида жойлашган корхонада Жанубий Кореянинг “Samsung Electronics” компанияси технологияси ўрнатилган. Бу ерда маиший совутгичлар ишлаб чиқариш заводи ҳам фаолият кўрсатмоқда. Корхонада ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилгани натижасида ҳар 19 сонияда битта маҳсулот тайёрлаш мумкин. Юқори қўшимча қийматга эга бу совутгичлар экспортбоп ҳисобланади.
Мазкур технопарк 2019 йил августда ташкил этилган. Бу ерда 2020-2021 йилларда 15та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Барча лойиҳалар бажарилгандан кейин жами ишлаб чиқариш ҳажми йилига 800 миллион доллар бўлиши мўлжалланган.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур хизмат сафари давомида тўпланган тажрибалар асосида Самарқанд вилояти ҳамда ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича алоҳида-алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилиши режалаштирилди.
Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг