Самарқандлик олимлар сўнгги беш йилда узумнинг 3 та ва нокнинг 2 та янги навини яратди

16:14 22 Ноябрь 2022 Жамият
1180 0

Фото: Халқ сўзи

Академик М. Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Самарқанд тажриба станцияси 1956 йили ташкил этилган. Марказ илмий ходимлари томонидан боғ ва токзорлар учун иқлим шароитига мос, юқори ҳосилдорликка эга, сифатли кўчатларнинг янги авлоди яратилиб, республикамизнинг қарийб барча ҳудудларига етказиб берилмоқда.

2022 йилда марказ томонидан 234 минг дона ток ва 171 минг 90 дона мевали кўчатлар етиштирилган. Шундан 138 минг 407 дона олма, 3 хил навдаги 3 минг 828 дона нок, 2 минг 403 дона қароли, 11 минг 138 дона шафтоли, 4 минг 278 дона гилос, 5 минг 355 дона ўрик, 3 минг 767 дона ёнғоқ кўчатлари етиштирилиб, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва аҳолига етказиб берилди.

2023 йил баҳор ойларида экиш мақсадида жами 234 минг дона ток кўчатлари, 171 минг 909 дона мевали кўчатлар тайёрланмоқда.

Институтнинг Самарқанд тажриба станцияси қошида Жаҳон банки томонидан ажратилган 180 минг АҚШ доллари эвазига замонавий агрохимия лабораторияси ташкил этилгани иш сифати ва самарадорлигини янада оширди.

— Серҳосил мевали ва ток кўчатлари етиштириш учун даставвал пайвандтаг тўғри танланиши лозим, — дейди тажриба станцияси бош ҳосилоти Жамшид Расулов.  — Бугунги кунда тажриба станциясида хориждан келтирилган мевали ва ток кўчатлари маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилмоқда. Марказ илмий ходимлари томонидан Япониядан келтирилган олманинг Фужи, Урун, Фужисан, Фужимуфума, Тогоро навлари коллекцион майдонларда ўрганилмоқда. Илмий нуқтаи назардан олма кўчатлари ҳосилга кирганидан сўнг марказнинг тажриба станциясида 5 йил давомида ўрганилади. Шунингдек, олма, нок ва узум кўчатларининг иқлим шароитига мос, серҳосил навларини яратиш юзасидан селекцион тадқиқотлар ўтказиляпти.

Сўнгги беш йилда марказ илмий ходимлари томонидан узумнинг 3 та ( Малика, Мотрудий, Сагдиана) ва нокнинг 2 та ( Фаризий эртапишар, Азамат кузги) янги навлари яратилди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер