Самарқанддаги «заправка»да ёнғин содир бўлди

08:27 12 Декабрь 2024 Жамият
167 0

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида жойлашган автомобилларга суюлтирилган ва сиқилган газ қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлди. Вилоят ФВБ ахборот хизмати ҳодиса юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, кеча, 11 декабрь куни соат 21:00 да туманнинг Гўзалкент қўрғони Гўзалкент маҳалласида жойлашган автомобилларга суюлтирилган ва сиқилган газ қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида туман ФВБга хабар келиб тушган.

Шунга кўра, 5 та ёнғин-қутқарув экипажи ҳодиса жойига жалб қилинган. Экипаж воқеа жойига соат 21:27 да етиб бориб, соат 21:50 да ёнғинни тўлиқ бартараф қилган.

Аниқлик киритилишича, шохобчада суюлтирилган газ ёқилғиси (пропан)ни тўкиб олиш вақтида технологик жараёнлар бузилиши оқибатида винтелда газнинг локал ёниши содир бўлган.

«Ҳодиса туфайли бино ва иншоотларга, шунингдек, техника воситаларига зарар этмаган. Жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ», дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?