Самарқандда вилоятдаги иш ва таълим берувчилар интеграцияси инновацион форуми ўтказилди

17:25 01 Июнь 2024 Жамият
156 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Бугун мамлакатимизда кечаётган кенг миқёсдаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, иқтисодиётнинг барча тармоқлари жадал ривожланиб бормоқда. Юртимиз бўйлаб янги ва замонавий ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилиб, йирик ижтимоий, технологик инфратузилма ривожланяпти.

Фан ва техникавий тараққиёт профессионал таълим муассасалари олдига сифатли таълим бериш, меҳнат бозори эҳтиёжи ва истиқболини инобатга олган ҳолда малакали кадрлар тайёрлашни долзарб масала сифатида қўймоқда.

Шубҳасиз, яратилаётган янги ва замонавий иш ўринлари малакали ўрта бўғин мутахассисларига бўлган талабни оширади. Чунки ҳар бир соҳанинг ривожи, лойиҳаларнинг ижроси айнан етук кадрларга боғлиқ.

Шу маънода, профессионал таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, таълим дастурларини халқаро таълим стандартлари асосида жорий этиш, меҳнат бозорига малакали ўрта бўғин мутахассисларини етказиб бериш ҳамда иш берувчи малака талаблари асосида таълим жараёнларини ташкил қилиш бугуннинг бош мақсадидир.

Бу борада иш берувчилар билан ўрта бўғин мутахассисларини тайёрловчи таълим муассасалари интеграциясини йўлга қўйиш ғоят муҳим аҳамият касб этади. Ана шу мақсадда ташкил этилган Форумда олий ўқув юртлари, профессионал таълим муассасалари раҳбарлари, иш берувчилар, коллеж ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари иштирок этди.

Бугунги кунда вилоятда 73 та профессионал таълим муассасаси (37 та касб-ҳунар мактаби, 14 та коллеж ва 22 та техникум) фаолият юритиб келмоқда. Ушбу профессионал таълим муассасаларида 162 та касб ва мутахассисликлар бўйича 48 минг 706 нафар ўқувчи таълим оляпти. Жумладан, касб-ҳунар мактабларида 23 минг 468 нафар, коллежларда 5 минг 186 нафар,техникумларда 20 минг 52 нафар ўрта бўғин кадрлар тайёрланмоқда.

Ҳозирги кунда Германия, Англия, Япония ва шу каби бир қатор ривожланган давлатларда электрик, пайвандчи, чилангар, ҳайдовчи каби техник касблар, маиший хизмат кўрсатиш, меҳмонхона ва туризм хизматлари, умумий овқатланиш, соғлиқни сақлаш каби касбий таълим бўйича минглаб ишчиларга эҳтиёж бор. Жумладан, Германия Федератив Республикасида юқоридаги мутахассисликлар бўйича 562,6 мингта иш ўрни ажратилган.

— Бизнинг техникумда фармация иши, ҳамширалик иши, фельдшер лаборант, фельдшер акушер, стоматология йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда, — дейди Самарқанд Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми махсус фани ўқитувчиси Насиба Ўроқова. — Икки мингдан ортиқ талабамиз ўттизга яқин даволаш-профилактика муассасалари билан шартнома асосида ўқув ишлаб чиқариш ва диплом олди амалиётларини ўтаб келмоқда. Техникумда Германия стандартлари асосида ҳамшираларни қайта тайёрлаш ва тил ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил қилинган. Биз ўқувчиларни касбга ва тилни ўргатишга тайёрлаяпмиз. Бугунги кунда юздан ортиқ талабамиз Германиянинг нуфузли клиникалари билан шартнома имзолаган, ишлашга тайёр, фақат диплом олишлари керак. Талабаларимизни рақобатбардош, етук, малакали, деб айта оламан.

Тадбирда туманлардаги касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ҳам ўз йўналишларида берилган топшириқларни бажаришди. Масалан, қурувчилик йўналишида ўқийдиган талабалар бино макетини қуриб кўрсатди, дурадгорлик йўналиши талабалари уй-рўзғор мебелларини ясашди.

— Мен қурувчи касби бўйича 2-курсда ўқийман, — деди Ургут туманидаги 1-сон касб-ҳунар мактаби талабаси Дилшод Абдусатторов. — Форумда бизга рамзий Шердор мадрасасини қуриш топширилган. Ушбу топшириқни иш берувчилар олдида бажариб, ўз малака ва маҳоратимизни кўрсатдик.

Форумда Самарқанд туманида жойлашган «SITONNI» хусусий корхонасининг ишлаб чиқариш жараёнлари, чарм пойабзал тикиш технологик линияси бўйича яратилаётган янги иш ўринлари тақдимоти ўтказилди. Тақдимот жараёнида чармдан эркаклар пойабзалини тайёрлаш, ҳар бир иш ўрни меҳнат хусусиятлари, малака даражаларига қараб классификация қилиниши ҳамда малака даражаларини белгилаш жараёни намойиш этилди.

Мамлакатимизда ҳам иқтисодиёт тармоқларига киритилаётган инновацион технологик жараёнлар, тадбиркорлик, кичик бизнес соҳаларида яратилаётган янги технологик иш ўринлари учун ўрта бўғин кадрларини тайёрловчи профессионал таълим муассасалари тармоғини шакллантиришда жаҳоннинг илғор тажрибаларини пухта ўрганиш ва таълим жараёнини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш лозим. Шунинг учун ҳам форумда профессионал таълим тизимида компетенциявий ёндашув масаласи кун тартибига қўйилди ҳамда бу жараённи ўқув-методик таъминлаш мақсадида профессионал таълим муассасалари педагоглари ва ишлаб чиқариш таълими усталари учун М.Холмуҳаммедов, С.Санақуловлар муаллифлигида тайёрланган «Профессионал таълимда компетенциявий ёндашув» ўқув қўлланмаси тақдимоти ўтказилди.

Форум доирасида йирик иш берувчи корхона ва ташкилотлар ҳамда профессионал таълим муассасалари иштирокида «Дуал таълимни ташкил этишнинг афзалликлари» мавзусида муҳокамалар ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Феруз Абилов туризм, меҳмонхона, ресторанларда ўрта бўғин мутахассисларининг хизмат кўрсатиши яхши эмаслигини қайд этди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Профессионал таълим тизимини ривожлантириш департаменти бошлиғи Ўткир Алижонов Германия тажрибасига асосланиб, дуал таълимни Ўзбекистонга мослаштириш кераклигини айтди. Шунингдек, тадбирда Меҳнат бозори тадқиқотлари институти директори Муродулла Холмуҳаммедов дуал таълим, унинг афзалликлари, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) лойиҳаси эксперти Ж.Курт Германия тажрибаси ҳақида ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Тадбирда иш берувчилар билан дуал таълимни самарали ташкил этиш бўйича икки томонлама келишувларга эришилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер