Самарқандда Президент мактаби фойдаланишга топширилди

17:42 18 Октябр 2021 Жамият
4118 0

Фото: "Халқ сўзи"

Самарқанд шаҳри куни тадбирлари доирасида Президент мактабининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Президент мактаблари агентлиги директори Ҳилола Умарова қатнашди.

Унда қайд этилганидек, Самарқанд қадим-қадимдан улуғ алломалар, маданият ва маданият арбоблари, ёзувчи ва шоирларга бешик бўлган. Бу табаррук заминда Имом Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчи  каби минглаб алломалар етишиб чиққанининг ўзи ҳам фикримиз далили бўла олади.

Фото: "Халқ сўзи" 

Ушбу мактаб ана шу аждодларимиз вориси бўлган истеъдодли ўқувчиларни камолга етказиш, замон талабларига мос таълим-тарбия ўрганиши учун, учинчи Ренессанснинг пойдеворини яратиши учун шахсан Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур мактаб қурилиши учун маҳаллий бюджетдан 73 миллиард 725 миллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағ эвазига замонавий лойиҳа асосида 168 ўринга мўлжалланган икки қаватли ўқув биноси, шунча ўринга мўлжалланган ётоқхона, барча қулайликларга эга меҳмонхона, спорт заллари, бассейн, ошхона, дарсхоналар ташкил этилди. Бундан ташқари бинода 17 та аудитория, 4 та лаборатория ва 240 та замонавий интерактив қурилмалар мавжуд.

— Мактаб жаҳон андозаларига мос ҳолда жиҳозланган. Бу ердаги ўқув жараёни ҳам янги технологиялар ва халқаро стандартларга асосланган. Яъни, ўқув жараёни Кембриж университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалар ва дастурлар бўйича инглиз тилида олиб борилади, — дейди Президент мактаблари агентлиги директори Ҳ.Умарова. — Мактабда “STEAM” фанлар - табиий фанлар, технология, техник ижодиёт, санъат, математика, физика, кимё чуқурлаштириб ўргатилади. Шу сабабли мактабга 12 нафар хорижлик малакали мутахассислар жалб этилган. Бундай эътибор ва ғамхўрлик, таълим соҳасига жонкуярлик учун мамлакатимиз раҳбарига ёшлар, ота-оналар номидан миннатдорлик билдираман.

Фото: "Халқ сўзи" 

Таълим масканининг иш бошлаши билан бу ерда юзга яқин киши иш билан таъминланди.

— Бу мактабга ўқишга кириш учун 13 мингдан ортиқ ўқувчи ҳужжат топширди, — деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. — Улар орасидан 145 нафари саралаб олинди. Бугун қутлуғ кунда шу билимлар маскани фойдаланишга топширилар экан, бу ўқувчилардан умидимиз катта. Улар Самарқанднинг фахри бўлиши керак. Ишонаманки, Самарқанд Президент мактабидан Абу Али ибн Сино, Мусо ал Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек каби нодир истеъдодлар етишиб чиқади. Орадан йиллар, асрлар ўтади. Бахтиёр авлодлар мазкур илм даргоҳини очган, тамал тоши қўйганларнинг номини олтин ҳарфлар билан ёзади.

Дарҳақиқат, бу зиё маскани вилоятдаги бошқа мактаблар учун маёқ вазифасини ўтайдиган таълим муассасаси ҳисобланади. Ёшларимиз орасида истеъдодлилари, билимдонлари жуда кўп. Президент мактаби эса уларнинг иқтидорини аниқлаш, янада сайқал топтиришга хизмат қилади.

Абдулазиз Йўлдошев, "Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?