Самарқандда пистачилик ривожлантирилади

17:40 18 Декабрь 2023 Жамият
683 0

Мамлакатимизда самарасиз фойдаланилаётган лалми ҳамда тоғолди ҳудудларда бўш турган ерларда пистачиликни ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш бўйича катта имкониятлар мавжуд. Хусусан, Самарқандда денгиз сатҳидан 500-1200 метр баландликда жойлашган хонадонларда 120 минг гектар писта етиштириш учун қулай ер майдони мавжуд.

Давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида ушбу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилган эди. Шу асосда вилоятда писта экиш учун мос 120 минг гектар ер майдонининг 80 минг гектарида писта плантацияларини барпо этиш бўйича чоралари кўрилмоқда.

Бу майдонларга 22,4 миллион туп кўчат экилади ва йиллик ялпи ҳосил 56 минг тоннани ташкил этиб, 3,9 триллион сўм даромад олинади. Бунда соф фойда 1,1 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Энг муҳими, шу орқали 320 минг ишчи ўрин яратилади.

Бунинг учун 60 мингта хонадонда ушбу дарахтни экиш имконияти бор. Ҳар бир хонадонга ўртача 20 тупдан кўчат ҳисобланиб, жами 1,2 миллион дона пистани парваришлаш режалаштириляпти.

Аслида пистачилик вилоят учун буткул янги соҳа эмас. Маълумотларга кўра, бугунги кунда Паст Дарғом туманидаги “Ўғил она” фермер хўжалигида 204 гектар, Ургут туманидаги “Мадина лаззати узумзорлари” фермер хўжалигида 40 гектар пистазор барпо қилинган. Жорий йилда Паст Дарғом туманидаги “Чарос агро узум” МЧЖда 313 гектар, Нуробод туманидаги “Қурбоной она” фермер хўжалигида 50 гектар майдонда хандон писта кўчатлари экилмоқда.

Маълумотларга кўра, автомобиль йўл ёқаларига 1,5 миллион дона писта экиш чоралари кўриляпти. Биргина шу орқали 3,6 минг тонна ҳосил ва 262,5 миллиард сўм даромад олиниши кутиляпти.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер