Самарқандда Осиё хотин-қизлари форуми ўз ишини бошлади

11:18 13 Май 2024 Сиёсат
160 0

Фото: Юнус Бўриев, Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Самарқанддаги “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказида “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусида биринчи Осиё хотин-қизлари форуми ўз ишини бошлади.

Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида 2024 йилда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг бой салоҳиятидан фойдаланиш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида улар ўз имкониятларини рўёбга чиқаришида тажриба алмашиш мақсадида Осиё хотин-қизлари форумини ўтказишни таклиф қилган эди.

Мазкур ташаббус минтақада хотин-қизларнинг имконият ва бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш, уларнинг иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш, ҳозирги замонда давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг ролини мустаҳкамлаш масалаларида тажриба алмашиш учун ўзига хос мулоқот майдонини яратишдан мақсадида илгари сурилган эди.

Очилишда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенат раиси Танзила Нарбаева Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум қатнашчиларига мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Форум ишида Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукуматлари аъзолари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, аёллар ишбилармон доиралари вакиллари, сиёсатшунослар, ижтимоий фаоллар, олимлар, иқтисодиёт тармоқлари ва турли соҳалар вакиллари иштирок этмоқдалар.

Икки кунлик Форум 8 та параллел сессия доирасида ўтказилади. Иштирокчилар хотин-қизларнинг фан, таълим ва инновацион фаолиятдаги иштироки ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиши, ҳозирги глобал иқтисодиётда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш орқали камбағалликни камайтириш, тадбиркорлик, етакчилик ва инновацияларга жалб этиш масалаларини атрофлича муҳокама қиладилар.

Бундан ташқари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда хотин-қизларнинг иштироки масаласи кўриб чиқилади. Бунда хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, бизнес ва жамиятда уларнинг иштирокини рағбатлантиришда парламентларнинг ўрни, гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш, молиявий имкониятлардан фойдаланишда гендер тафовутни бартараф этиш, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Форум доирасида “Яшил” иқтисодиётни тарғиб қилиш, иқлим ўзгаришининг минтақадаги гендер муаммоларга таъсири масаласида ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат-нотижорат ташкилотларининг илғор тажрибаси ва инновацион ёндашувлари ҳам кўриб чиқилади.

Мазкур халқаро анжуман якуни бўйича Самарқанд декларациясининг қабул қилиниши режалаштирилган.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

(Халқ сўзи)

Фото: Юнус Бўриев, Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?