Самарқандда Наврўз шукуҳи: халқ сайли давомида замонавий мактаб ва боғчалар очилди, ХТБ мудирларига янги автомобиллар берилди

15:58 19 Март 2021 Жамият
2598 0

Самарқанд шаҳрида Наврўз тадбирлари карантин талабларига риоя қилинган ҳолда ўтказиляптти. Вилоят мусиқали драма театри майдони атрофида халқ сайли бўлмоқда.

Ўтказилаётган байрам тадбирларида турли кўнгилочар дастурлар намойиш этилмоқда. Миллий таомларимиз кўргазмаси ҳамда урф - одатларимиз акс этган халқ ўйинлари барчага манзур бўляпти.

Байрам сайиллари, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғи, Руҳобод майдони, Камол Ота турк, Орзу Маҳмудов ва Алишер Навоий номли кўчалар, Университет хиёбони, Қорасув массиви, Фарҳод ҳамда Кимёгарлар шаҳарчасида ҳам ўтказилмоқда.

Байрам муносабати билан тўйга тўёна деганларидек вилоятда кўплаб янги объектларнинг ҳам очилиш маросимлари бўлиб ўтди. Биргина Самарқанд шаҳрининг ўзида 3 та умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим ташкилоти ва бошқа бир қатор янги иншоотлар фойдаланишга топширилди.

Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида вилоятда энг катта сиғимга эга бўлган 1680 ўринли янги 81-умумтаълим мактаби ҳам ўқувчиларни ўз бағрига олди.

Наврўз байрами туҳфаси сифатида бунёд этилган мазкур таълим муассасаси Инвестиция дастури асосида “Agromir Buildings” масъулияти чекланган жамияти томонидан 31 миллиард сўм маблағ эвазига қурилди.

Мактабда ўқувчиларнинг таълим олиши учун барча шароитлар яратилган. Хоналар фанлар бўйича жиҳозланган, кутубхона, қизлар учун технология хонаси, спорт зали ҳамда электрон интерактив доскалар ўқувчиларнинг билим олишига яқиндан ёрдам беради.

Шунингдек, шу ерда вилоятнинг 16 та туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари мудирларига янги хизмат автомобиллари ҳам тантанали равишда топширилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Э.Турдимов ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер