Сенатда суд ҳокимиятининг очиқлиги ва мустақиллигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар юзасидан тадбир бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатида суд ҳокимиятининг очиқлиги ва чинакам мустақиллигини тарғиб қилиш мақсадида Очиқ эшиклар куни ўтказилди.
Тадбирда Президент Администрацияси масъул ходимлари, Сенат раҳбарияти ва аъзолари, Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Конституциявий суд ва Бош прокуратура мутасаддилари, судьялар, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, Одил судлов академияси тингловчилари, олий юридик таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек, суд фахрийлари, адвокатлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бошқа вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 ноябрда қабул қилинган «Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–227-сонли Фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида фикр билдирди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда «инсон қадри» тамойили асосида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан одил судловни таъминлашга бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан кейинги 9 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини буткул янгилаш, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлаш, умуман, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада ошириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Соҳага оид 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, суд тизими фаолиятини тартибга солувчи оид қонунлар ислоҳотларга мос равишда қайта кўриб чиқилди.
Ташкилий жиҳатдан ҳам суд фаолиятида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Судьяларнинг ихтисослашувига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қатор ҳуқуқий институтлар жорий этилди.
Судларнинг молиявий мустақиллиги янада мустаҳкамланиб, уларнинг фаолияти фақат Давлат бюджетидан амалга оширилиши белгиланди.
Суд органлари фаолиятида фуқаролар учун соддалаштирилган ва қулай тартиб-таомиллар жорий этилмоқда. Суд тизимида «ягона дарча» принципи жорий этилиб, ариза тааллуқлилигига кўра тегишли судга кўриб чиқиш учун ўтказилиши белгиланди.
Суд ишларини кўришда тезкорликни таъминлаш ва процессуал муддатларни тежаш мақсадида суд мажлисларини видеоконференсалоқа режимида ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Суд раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга ахборот тақдим этиб бориш амалиёти бекор қилиниб, судлар ўз фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликни ҳар чоракда хабардор қилиб бормоқда.
Ушбу ўзгаришлар судьяларнинг масъулиятини оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, фуқаролар ортиқча оворагарчилигининг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, бугун суд тизими олдида яна қатор янги вазифалар тургани алоҳида қайд этилди.
Судьялар ҳамжамияти органларининг ролини ошириш, очиқ ва шаффоф механизмлар асосида судларни малакали кадрлар билан тўлдириш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва бошқа яна бир қатор масалалар Президентнинг юқорида номи тилга олинган фармонида назарда тутилганлигига эътибор қаратилди.
Тадбир иштирокчилари одил судловни амалга ошириш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш юзасидан ўз фикрларини билдирди ҳамда «Инсон қадри учун» ғояси асосида адолатли суд тизимини ривожлантиришда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг