Самарқандда Марказий Осиёдаги биринчи ва ягона триатлон пойгаси ўтказилади

07:39 18 Январь 2023 Спорт
1007 0

Фото: Иллюстратив фото

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида 2023 йилнинг 16-17 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши кўзда тутилган «Challenge Samarkand» триатлон спорт фестивалига тайёргарлик ишлари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. «Challenge Samarkand» – «Challenge Familyм халқаро бренди таркибига кирувчи Марказий Осиёдаги биринчи ва ягона триатлон пойгасидир. Ушбу тадбир Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти томонидан ташкиллаштирилмоқда.

«Challenge Family» дунёнинг 30 та давлатида триатлон бўйича турли масофага ўтказиладиган мусобақаларнинг жаҳондаги энг машҳур брендларидан бири. Умуман олганда, «Challenge Family» пойгаларида ҳар йили 50 000 дан ортиқ иштирокчи қатнашади.

Бу «Challenge Family» бренди остида Марказий Осиёдаги биринчи ва ягона триатлон пойгасидир. Бу шунчаки пойга эмас, бу энг юқори даражадаги халқаро фестиваль. Профессионал триатлончилар, бошланғич триатлончилар, аёллар, болалар, ҳар қандай даражадаги тайёргарликка эга бўлган ҳар бир киши спорт байрами муҳитига кириши мумкин.

«Challenge Samarkand» мусобақасининг сузиш босқичи дунёдаги энг йирик учта эшкак эшиш каналидан бирида энг мусаффо булоқ сувида ўтказилади. Цикл босқичи иккита доирадан иборат бўлади. Тадбир «Samarqand Silk Road»сайёҳлик мажмуасидан бошланиб, қадимий шаҳарда давом этади. Югуриш босқичи «Samarqand Silk Road» замонавий сайёҳлик мажмуаси ҳудудида бўлиб ўтади, «Абадий шаҳар»ни ўраб турган гўзал эшкак эшиш канали атрофида айланиб ўтади.

Шунингдек, матбуот анжуманида ташкилотчи мутасаддилар томонидан ушбу фестиваль профессионал триатлончилар, бошланғич триатлончилар, аёллар, болалар, ҳар қандай даражадаги тайёргарликка эга бўлган ҳар бир киши спорт байрами муҳитига кириши мумкинлиги алоҳида таъкидланди. Мусобақа, ёш тоифасида доир алоҳида масофалар белгиланган. Триатлон cпринт, жамоа Спринт, ўртача масофа, Аёллар югуриш пойгаси, триатлон ўртача масофа турлари бўйича сузиш, югуриш ва велопойга спорт турларига кўра алоҳида босиб ўтиш миқдорлари белгиланган.

Бундан ташқари, компаниялар ва ташкилотлар 2 ёки 3 кишидан иборат жамоалар тузишлари ва жамоавий эстафетада иштирок этишлари мумкин. Тадбир доирасида брендлар, ишлаб чиқарувчилар ва компаниялар вакиллари ўз маҳсулотларини ЭХПО ярмаркасида намойиш этишлари мумкинлиги ҳам алоҳида айтиб ўтилди.

Тадбирда 1700 нафар спортчи иштирок этиши кўзда тутилган. Иштирокчиларнинг аксарияти хорижлик бўлганлиги учун рўйхатдан ўтиш веб-сайт орқали онлайн амалга оширилади.

Умида Сатторова, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер