Самарқандда Халқаро туризм академияси фаолиятини бошлайди
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Хабарингиз бор, 2023 йил 16-20 октябрь кунлари Самарқандда ўтказилган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси доирасида Халқаро туризм академияси ташкил этилган.
Айни пайтда амалий ташриф билан юртимизда бўлиб турган БМТ Туризм бош котиби Зураб Пололикашвили Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳридаги Халқаро туризм академияси билан танишди.
Ушбу академиянинг ўқув дастури Швейцария меҳмондўстлик мактаблари тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Тренинг чет эллик маслаҳатчилар томонидан олиб борилади.
Ўзбекистон академияга ўқув дастурларини маҳаллий шароитга мослаштириш ва кўпайтириш, ўқитувчиларга тренинг ўтиш, уларнинг малакасини ошириш дастурлари орқали менторлар тайёрлаш, лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, талабаларни ишга жойлаштириш каби масалаларда кўмаклашади.
Академияда туризм соҳаси тадбиркорлик субъектлари буюртмаларига кўра, бир йилда бир неча маротаба таълим гуруҳлари шаклланиши билан ўқув курслари ташкил этилади. Халқаро туризм академияси 3 йилда 2740 нафар ўрта бўғин мутахассисларини қайта тайёрлайди.
— Дастлаб қайта тайёрлаш курсини ташкил этиб, 20 нафар туризм йўналишида дарс бераётган ўқитувчининг малакасини оширамиз, — дейди Халқаро туризм академияси директори вазифасини бажарувчи Акмалжон Одилов. — Бунинг учун Бутунжаҳон туризм ташкилотидан мутахассислар жалб қилиниб, амалий ва назарий дарслар ташкил этилади. 2025 йилнинг январь ойидан ушбу ташкилот ҳамкорлигида яна 200 нафар ёш туризм соҳаси вакиллари бир ойдан бир йилгача қисқа муддатли курсларда ўқитилади. 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб эса академияда давлат буюртмаси асосида бакалавр ва магистратура йўналишларида ўқиш мумкин. Дарслар халқаро ТОП даражадаги хорижий олий таълим муассасалари ҳамкорлигида қўшма таълим шаклида олиб борилади. Ҳар бир модулни тугатгандан сўнг талабалар хусусий сектор ҳамкор компанияларида амалиёт ўташ орқали тажриба орттириш имкониятига эга бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг