Самарқандда ҳунармандчилик ривожи – ютуқлар кўп, камчиликлар ҳам йўқ эмас
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда ҳунармандларнинг эркин фаолият юритиши учун яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар туфайли бугунги кунда Самарқанд вилоятида “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари сони 2 минг 548 нафарга етди. Ўтган йили банк бўлимлари томонидан 117 нафар ҳунармандга 2 миллиард 213,1 миллион сўм миқдорида кредит, “Уста-шогирд” анъанаси асосида мактаб ташкил этган ҳунармандларга субсидиялар ажратилгани ҳам эътиборга моликдир.
Амалий саъй-ҳаракатлар натижасида қўлда гилам тўқиш, заргарлик, миллий қўғирчоқлар, ёғоч ва мис ўймакорлиги, кулолчилик каби ўнлаб ҳунар турлари кенгайди. Қўлда тайёрланган маҳсулотлар тури ошди.
Ургутлик каштадўз Қурбоной Турдиева қўл меҳнати орқали яратган маҳсулотлар бугун нафақат мамлакатимизда, балки хорижий давлатларда ҳам эътироф этилмоқда.
— Ҳар қандай ҳунарнинг ҳақиқий устаси бўлиш учун ҳам илм керак, — дейди Қ.Турдиева. — Мактабда аъло баҳоларга ўқирдим, кўп китоб мутолаа қилганман. Ўқувчилар орасида ўтказилган турли танловларда юқори натижаларни қўлга киритганман. Мактабни тамомлаб, шу ҳунарни мукаммал ўрганишга, янгиликлар яратишга киришдим.
Бу ҳунарманд Ургутнинг қадимий каштачилик услубларидан фойдаланиб, замонавий кийимлар тайёрлашда ўзининг ижодий ёндашуви билан бошқалардан ажралиб туради. Миллийлик, қадимийлик ва замонавийлик уйғунлашган маҳсулотлари киши кўзини қувнатадиган, қалбларга руҳий сокинлик ҳиссини олиб киради. У айнан шу йўналишда изланишлар олиб бориб, бир қатор қўлланмалар ҳам яратди.
Қурбоной Турдиева Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Италия, Испания, Франция, Швейцария каби давлатларда ўтказилган халқаро кўргазмаларда иштирок этиб, каштачилик маҳсулотларига қизиқиш катта эканлигини билди. Тайёрлаган маҳсулотларини хорижда сотиш йўлларини ўрганди. Бу эса иқтисодий имкониятлари кенгайишига сабаб бўлди.
Бугунги кунда қўлигул ҳунарманднинг юзлаб шогирди бор, уларга халқаро миқёсда тан олинган каштачилик сирларини ўргатмоқда.
Яна бир ҳунарманд — Шоира Ғаниева ипак матоларга табиий бўёқлар ёрдамида гул босиш билан шуғулланади. Унинг ҳунармандлик ишлари учун ЮНЕСКО томонидан “Бутунжаҳон сифат белгиси” сертификати берилган.
— Дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилган танлов ва семинарларда қатнашиб келяпман, — дейди Ш.Ғаниева. — Шогирдларим кўп. Қизиққан кишига гулбандчилик сирларини ўргатишга тайёрман. Сулоламиз ва ўзимнинг ишларим ҳақида маълумотларни тўпладим ва китоб ҳолига келтирдим. Бунинг учун 10 йил вақт кетди. Бу китоб шогирдлар учун тайёр дарслик-қўлланма вазифасини ўтайди.
Бугунги кунда сулола ишини Шоира опанинг қизлари еттинчи, набиралари эса саккизинчи авлод бўлиб давом эттирмоқда.
Нуробод туманининг Иттифоқ маҳалласида яшовчи Сожида Йўлдошеванинг тикувчилиги оддий кўйлак ё кўрпа-тўшак тикишдан фарқ қилади. Мижозлари фақат нурободликлар эмас, республикамизнинг барча вилоятларида бор.
—2004 йилдан бери тикувчилик қиламан, шу орқали даромад топиб келганман. 2022 йилда 5 миллион сўз кредит маблағига тикув машиналари сотиб олдим ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш бошладим, — дейди С.Йўлдошева. — Қуроқ усулида бешик ёпинчиқлари, чимилдиқ, дастурхон, умуман, хонадонга керакли бўлган турли буюмларни тикишни йўлга қўйдик. Ижтимоий тармоқларда “Сожида қуроқлари” номи билан канал очдим. Вилоятлардан қуроқ кўрпача ва бошқа буюмларга буюртма туша бошлади. Ўзимизнинг маҳалламиздан жой ажратилган бўлса-да, буюртмаларни ўз вақтида етказиб беришда баъзи харажатларнинг олдини олиш учун туман марказига келиб фаолиятимизни давом эттирмоқдамиз. Агар каттароқ бино бўлганида кўпроқ ишчи олиб, ишимизни кенгайтирган бўлардик. Чунки буюртма кўп, тикувчиларимиз эса кам. Қуроқ буюмларни тикишни онлайн ўргатишни йўлга қўйдим. Ҳозир АҚШ, Франция, Россия ва бошқа давлатларда ҳам маҳсулотларимизга қизиқиш билдирилмоқда.
Ҳунармандчиликка эътиборнинг кучайтирилиши натижасида ўтган йили вилоятдаги 2 нафар ҳунарманд — кошинкор уста Рауф Тоҳиров “Шуҳрат” медали билан, каштадўз Фотима Азаматова “Жасорат” медали билан тақдирланди.
— 2024 йилда ютуқлар билан бирга ютқазишлар ҳам бўлди, — дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов. — Жумладан, Самарқанд шаҳрига World kraft kounsil, яъни Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан бериладиган ҳунармандлар шаҳри мақомини олиш бўйича бошлаган ишимиз якунига етмай қолди. Жорий йилда асосий мақсадларимиздан бири — ушбу хайрли ишни амалга ошириш. Шунингдек, 2025 йилда Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов номли кўчада “Самарқанд кулолчилик маркази”ни ташкил этиш, ҳунар билан шуғулланадиган ёшлар сафини кенгайтириш ҳамда вилоят бўйича 4,5 мингта янги иш ўринлари яратиш олдимизга қўйган мақсадларимизнинг асосини ташкил этади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг