Самарқандда ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўтказилди

14:43 18 Апрель 2025 Жамият
101 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». «Sof Expo Samarkand» мажмуасида ташкил этилган кўргазмада туризм, электротехника, автомобилсозлик, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, мебелсозлик, озиқ-овқат саноати, гилам маҳсулотлари ва бошқа йўналишларда фаолият юритувчи корхоналар ҳамда олий таълим муассасалари ва ёшларнинг стартап лойиҳалари намойиш қилинди.

Кўргазманинг очилишида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирок этиб, ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси маҳаллий саноат салоҳиятини кўрсатиш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорлик келишувлари тузиш, корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни кўпайтиришга, корхоналаримизда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилишини таъкидлади.

Қайд этилганидек, Самарқанд вилоятининг 2024 йилдаги маҳаллийлаштириш дастурида 64 та корхонанинг 105 та лойиҳаси доирасида 2,8 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, режа 119,2 фоизга бажарилди. 550 та янги иш ўрни яратилиб, 114,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Вилоятнинг бу йилги маҳаллийлаштириш дастурига 119 та лойиҳа бўйича 2,8 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Ярмарка давомида 2024 йил якуни бўйича «Саноат корпорацияси соҳасида йилнинг энг намунали корхонаси», «Маҳаллийлаштириш дастурининг энг намунали корхонаси», «Саноат соҳасида энг намунали экспортёр корхона», «Йилнинг энг намунали бренди» номинациялари ғолиблари тақдирланди.

Бугунги кунда тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар ва соҳадаги янгиликлар тўғрисида семинар ташкил этилиб, корхона ва ташкилотларнинг ахборотлари эшитилди.

Ярмарка доирасида тармоқ ва ҳудудий корхоналар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш учун B2B, B2G форматидаги учрашувлар ҳам ташкил этилди.

Икки кунлик ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси давомида иштирокчилар ўзаро ҳамкорлик ва маҳсулотлар хариди борасида бир қатор йирик келишувларга эришди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?