Самарқандда чет эллик шахслар учун бож олинмайдиган “Duty Free” савдо дўкони очилди

11:54 10 Ноябрь 2022 Жамият
430 0

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Бугун, 2022 йил 10 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган чет эллик шахслар учун ички ҳудудда фаолият юритадиган биринчи бож олинмайдиган савдо дўконининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раиси А.Мавлонов, Қозоғистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитаси Раиси Д.Жаналинов ҳамда вилоят ҳокимлиги вакиллари, тадбиркорлар ва божхона ходимлари иштирок этишмоқда.

Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларга илғор хорижий тажрибаларга асосланган қулайликлар яратиш орқали уларнинг сонини бир неча баробар ошириш мақсадида Давлат Раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган чет эллик шахслар учун ички ҳудудда фаолият юритадиган бож олинмайдиган савдо дўконларининг учинчи тури қонунчилигимизга киритилди.

Самарқандда айнан шу турда Республикадаги биринчи дўкон ўз ишини бошлади.

Ушбу дўкон Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча бўлиб турган чет эллик шахсларга хизмат қилади ва бу ерда чет эл ва Ўзбекистон товарлари Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ва (ёки) чет эл валютасида чакана тартибда реализация қилинади.

Мазкур турдаги дўконлар фаолият юритишини ташкиллаштиришда Жанубий Корея тажрибаси асос бўлди.

Дўкондаги чет эл товарлари шахсни тасдиқлайдиган ҳужжат ва учиб кетиш авиачиптаси тақдим этиш орқали танлаб олинади ва танланган товарлар шахснинг учиб кетиш кунида халқаро аэропортларда тақдим этилади.

Бу каби дўконлар сайёҳлар учун қулайлик яратади.

Таъкидлаш жоизки, 10 йил олдин “Duty Free” фаолияти билан 2-3 та тадбиркорлик субъектлари шуғулланган бўлса, бугунги келиб тадбиркорларга берилган енгилликлар ва бу соҳада яратилган шаффофликлар натижасида кўплаб ишбилармонларимиз шу турдаги дўконларни очиш ниятини билдиришмоқда.

Тадбиркорларнинг таклифлари асосида Бухоро, Хоразм ва Фарғона вилоятлари ички ҳудудида ҳам “Duty Free” дўконларини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Бунда божхона органлари доимо тадбиркорларга кўмак беришга тайёр эканлиги таъкидланди.

Маросимда “Central Asia Megastar” тадбиркорлик субъектига божсиз савдо дўкони фаолияти билан шуғулланиш учун тегишли лицензия топширилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 январдан республикамизда хорижий сайёҳлар учун яна бир янги қулайлик - tax free тизими ҳам жорий қилинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?