Сирдарё вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
Сирдарё вилояти ҳокимлигида янги тайинлов амалга оширилди. Алишер Хидиров вилоят ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланди.
У бу лавозимга тайинлангунга қадар «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти таркибидаги «Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамиятида маркетинг ва сервис хизматлари бўйича директор сифатида фаолият олиб борган.
Алишер Хидиров 1982 йилда Сурхондарё вилояти Термиз туманида таваллуд топган. У олий маълумотли бўлиб, 2004 йилда Тошкент темир йўл муҳандислари институтини, 2009 йилда эса Тошкент молия институтини тамомлаган. У қурилиш муҳандислиги, бухгалтерия ҳисоби ва аудит йўналишлари бўйича мутахассисликка эга.
Меҳнат фаолияти давомида Алишер Хидиров турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб, давлат инфратузилмаси ва транспорт соҳасида катта тажриба тўплаган. У «Темирйўллойиҳа» ОАЖ институтида техниг ва муҳандис, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ капитал қурилиш дирекциясида қурилиш бўйича муҳандис-технолог, «Ўзтемирйўлмаштаъмир» шўъба корхонасида ҳисобчи ҳамда қурилиш бўлими муҳандис-технологи лавозимларида ишлаган. Шунингдек, у «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖда қурилиш бошқармаси бошлиғи бўлиб фаолият олиб борган.
Алишер Хидиров фаолияти давомида давлат бошқаруви тизимида ҳам ишлаб, тажрибасини кенгайтирган. У Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритиб, ҳудудда инфратузилмани ривожлантириш, транспорт ва қурилиш соҳаларидаги ислоҳотларга раҳбарлик қилган.
Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари сифатида Алишер Хидиров ҳудудда қурилиш ишларини мувофиқлаштириш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, экологик ҳолатни яхшилаш, коммунал хизматлар сифатини ошириш ҳамда вилоятни кўкаламзорлаштириш бўйича иш олиб боради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- «Реал Мадрид» мағлубиятга учради
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг