“Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда

17:30 19 Январь 2026 Дунё
218 0

Сунъий интеллектга асосланган қурилмалар, ёрдамчилар ва чатботлар кундалик ҳаётни тобора эгаллаб бораётган бир пайтда, жамиятда бу жараёнга нисбатан қарши кайфият кучаймоқда. Бу тенденция “аналог турмуш тарзи” деб аталаяпти ва у қисқа муддатли рақамли танаффус эмас, балки ҳаёт суръатини секинлаштириш, кундалик ишлар ва ҳордиқ чиқаришда қайтадан жисмоний, қўлбола усулларга мурожаат қилишга қаратилган ҳаракат сифатида талқин этилмоқда.

CNN нашрининг ёзишича, бу жараённинг қамровини аниқ ўлчаш қийин, аммо айрим “офлайн” машғулотларга қизиқиш кескин ортгани кузатилмоқда. Хусусан, Шимолий Америкада 1 300 дан ортиқ дўконига эга бўлган “Michaelʼs” ҳунармандчилик компанияси маълумотларига кўра, сўнгги олти ойда “аналог хоббилар” бўйича қидирувлар 136 фоизга ошган. 2025 йилда тайёр ҳунармандчилик тўпламлари савдоси 86 фоизга ўсган, жорий йилда эса бу кўрсаткич яна 30–40 фоизга ортиши кутилмоқда.

Айниқса, тўқишга мўлжалланган ипларга бўлган қизиқиш кескин ошган: 2025 йилда бу турдаги маҳсулотлар қидируви 1 200 фоизга ўсган. “Michaelʼs” компаниясининг савдо бўйича раҳбари Стейси Шивлининг айтишича, бу тенденция сабаб дўконларда тўқиш материаллари учун алоҳида жой ажратиш режалаштирилмоқда. Унинг таъкидлашича, пандемиядан кейин кўплаб одамлар ҳунармандчиликни “doomscrolling” (ижтимоий тармоқларда бекорга вақт ўтказишдан қочиш)дан қочиш ва руҳий саломатликни тиклаш усули сифатида қабул қилмоқда.

Мазкур тенденция таъсирида айрим инсонлар ҳаёт тарзини тубдан ўзгартирмоқда. Канаданинг Британия Колумбияси провинциясида яшовчи 25 ёшли Шонесси Баркер ўзини “сунъий интеллектни ёқтирмайдиган инсон” деб таърифлайди. У ҳалигача радиоприёмник, винил пластинкалар, кассеталар, DVD ва VHS ленталардан фойдаланади, уйида стационар телефон ўрнатган ва кўчада смартфон ўрнини “оддий телефон” иловаси билан алмаштирган.

Баркернинг айтишича, интернет тобора фойда олишга йўналтирилган маконга айланган ва оддий ҳордиқ учун жой қолмаган. Шу билан бирга, у ҳам тўлиқ офлайн ҳаёт кечириш қийинлашиб бораётганини тан олади: масалан, ўзининг винтаж дўкони ёки “қоғоз хатлар клуби”ни тарғиб қилиш учун барибир интернетга мурожаат қилишга тўғри келади.

Мутахассислар таъкидлашича, “аналог ҳаёт” технологиядан бутунлай воз кечишни англатмайди. Калифорния университети тадқиқотчиси Авриэл Эппснинг сўзларига кўра, бу ёндашув интернетдан ахборот олишдан кўра, интернетнинг инсон ҳақида маълумот тўплашини чеклашга қаратилган. Айримлар мусиқани стриминг сервислар орқали эмас, iPod орқали тингламоқда, бошқалар эса рақамли суратлар ўрнига плёнка фотоаппаратларини танламоқда.

Бу тенденцияни шахсан синаб кўрган журналист 48 соатга барча қурилмалардан воз кечиб, 1990 йиллар услубида яшашга ҳаракат қилган. Унинг таъкидлашича, илк кунларда бу осон туюлган, аммо вақт ўтиши билан ҳаётнинг рақамли бўлмаган жиҳатларига кўпроқ эътибор қаратиш имкони пайдо бўлган. Кутубхонада тўқиш тўгарагида иштирок этиш, китоб ўқиш ва қўл меҳнати билан шуғулланиш одамларнинг экрансиз ҳам мулоқот ва хотиржамлик топа олишини кўрсатган.

Мутахассисларнинг фикрича, рақамли ҳаётдан тўлиқ қочиб бўлмайди, аммо уни онгли равишда чеклаш муҳим. Ҳаддан ташқари экранга боғлиқлик руҳий чарчоқни кучайтириши мумкин, қўлбола машғулотлар эса инсонга якунланган иш ҳиссини ва хотиржамликни қайтара олади. Шу маънода, “аналог турмуш тарзи” замонавий жамиятда мувозанат излашнинг янги кўриниши сифатида намоён бўлмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер