Самарқандда бу йил қарийб 11 мингта квартирадан иборат 200 дан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилмоқда
Фото: «Халқ сўзи»
Сўнгги 5-6 йил Самарқанд вилояти учун ҳам жиддий ўзгаришлар йили бўлди, десак хато қилмаймиз. Гарчи ҳали мавжуд имкониятлар натижалардан кўпроқ бўлса-да, одамлар ўз турмушларида ислоҳотлар самарасини сезиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳар сафар Самарқанд вилоятига ташрифлари чоғида шаҳрдаги ижтимоий соҳа объектлари, хизмат кўрсатиш ва сервис нуқталари қурилишини давом эттириш юзасидан топшириқлар бериб, ҳудудларда кўп қаватли уйлар қурилишини кўпайтириш орқали аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш зарурлигини ҳам қайд этади.
Шу асосда вилоятда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, бунинг учун замон талабларига тўла жавоб берадиган кўп қаватли уйлар бунёд этиш катта эътибор қаратилиб, Президентимиз ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон” массивларига асос солинди.
Фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қоплаш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида жорий йилда вилоятда 1868 квартирали 24 та кўп қаватли уй-жой фойдаланишга топширилди.
Янгиланишлар вилоятнинг барча ҳудудларида давом этяпти. Вилоятда қурилиши давом этаётган 203 та кўп қаватли уй-жойнинг 2502 та квартирали 69 таси Ургут ва Булунғур туманларидаги “Янги Ўзбекистон” массивларида барпо этилмоқда.
Президент фармони асосида қурилаётган Ургут туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивига туманнинг Камонгарон маҳалласидан қарийб 40 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, 4 йил давомида 2916 та хонадонга мўлжалланган 58 та кўп қаватли уй, 2 та мактаб, 4 та болалар боғчаси ҳамда оилавий поликлиника қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш уйи, ўйингоҳ, меҳмонхона, кинотеатр, ЭКО-бозор, IT-парк, ҳаммом ва кимёвий тозалаш цехи, дорихона ва бошқа объектлар қурилиши кўзда тутилган.
Ўтган йили 18 та 5 ва 9 қаватли уй ҳамда биттадан мактаб ва мактабгача таълим муассасаси қурилди. Жорий йилда ҳам 908 та хонадонли 9, 12, 16 қаватли 17 та тураржой бинолари қурилиши режалаштирилган. Ҳозирда 2024 йилда қурилиши мўлжалланган яна 22 та қўп қаватли тураржой бинолари учун ер майдонлари аукцион савдо майдончасига жойлаштирилган.
Бугунги кунда “Янги Ўзбекистон” массивида 30 дан зиёд қурилиш корхоналарининг мингга яқин қурувчилари уй-жойлар қурилишини давом эттиришмоқда. Жумладан, “Bright Future Textile” МЧЖ қурувчилари томонидан 270 хонадонли 5 та кўп қаватли уйнинг барчасида сўнгги таъмирлаш-пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, “Абдуллаева Гулшан Баҳруллаевна” хусусий корхонаси ҳам 216 хонадонли 4 та кўп қаватли уй қуришни ўз зиммасига олган. Айни вақтда 2 та уйнинг пойдевори учун ҳандақлар қазилиб, бетон қориш ишлари олиб борилмоқда. Корхона қошида кунига 100 куб бетон аралашмаси ишлаб чиқаришга мўлжалланган кичик корхона ишлаб турибди.
“Камила” хусусий корхонаси томонидан ўтган йили қурилиши бошланган, лойиҳа қиймати 20,5 миллиард сўм бўлган 1680 ўринли мактаб, “7-сонли МКК” МЧЖ пудратчилигидаги 6,5 миллиард сўм сарфланган 150 ўринли МТТ биносининг қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, ҳозирда сўнгги пардозлаш ишлари ҳам ниҳоясига етказилмоқда.
- Муассасани мунтазам иссиқ сув билан таъминлаш мақсадида 1,5 тонналик геоколлектор ҳам ўрнатилди, - дейди “7-сонли МКК” иш бошқарувчиси Шуҳрат Нарзуллаев. - Сўнгги бўёқлаш-пардозлаш ишлари ҳам якунига етказилмоқда. 100 нафарга яқин ишчилар меҳнат қилган болалар боғчаси яқин кунларда фойдаланишга топширилади.
Янги массивда ичимлик суви ва канализация тармоқлари тортишга ҳам катта аҳамият берилмоқда. Массивдан 11 километр узоқликдаги Ғиштмасжид маҳалласи ҳудудида янги сув оқова тозалаш станцияси қуриш ишлари якунига етказиляпти. Айни пайтда “Шоҳруҳ Темурбек” МЧЖ ишчилари томонидан бешта сув қудуғи ковлаб ўрнатилди. Минг куб сиғимдаги резервуарлар қўйилиб, 12 километр масофага оқова тармоқлар тортиш ишлари олиб борилмоқда.
- Лойиҳа қиймати 26 миллиард сўм бўлган мазкур қурилиш-монтаж ишларининг анча қисми бажариб қўйилди, - дейди корхона иш бошқарувчиси Жамшид Бобонов. - Бу йил мазкур лойиҳада ўзгаришлар қилинди. Масалан, режадаги сиғимлар ўрнига диаметри 800 мм. бўлган қувурлар қўйиляпти. Қарийб 4 километр масофада қазиш ишлари олиб борилиб, асосий магистраль қувурлари ташланди. Ишни белгиланган муддатларда якунига етказишга ҳаракат қиламиз.
Бугунги кунда Ургутдаги “Янги Ўзбекистон” массивида 6 та 12 қаватли, 11 та 5 қаватли уйларда аҳоли истиқомат қилмоқда. Жорий йил якунигача яна мингдан зиёд аҳоли барча шарт-шароитларга эга бўлган замонавий хонадонларга кўчиб ўтади.
- 5-6 йил олдин туманларда ҳам мана шундай осмонупар уйлар қурилади дейишса ҳеч ким ишонмас эди. Бугун эса бу ҳақиқатга айланиб улгурди, - дейди шу ердан янги хонадон харид қилган уй бекаси Гули Узоқова. - Уйларимизнинг энг юқори ва қуйи қаватларидаги хонадонларда ҳам ҳаво ҳарорати бир хил экан. Ташқарида ҳаво жуда иссиқ бўлса ҳам уйнинг ичи исиб кетмайди. Хоналар кенг, ёруғ. Эшик ва деразалар замонавий материаллардан тайёрланган, сифатли. Ошхонадан ҳаммомгача барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Бу бизга жуда маъқул.
Президентимизнинг таклифига биноан жорий йилдан бошлаб фойдаланишга топшириладиган барча кўп қаватли уйларнинг томларига қуёш панеллари ва иссиқ сув тизими, яъни геоколлекторлар ўрнатиладиган бўлди. Бу эса янги уйларга кўчиб ўтадиган аҳолининг электр энергиясидан бўлган муаммоларини ҳам бартараф этиш имконини беради.
Самарқанд вилоятида аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида амалга оширилаётган бу каби улкан бунёдкорлик, яратувчилик ишлари шубҳасиз халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириб, одамларни ҳаётдан рози бўлиб яшашга, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамланишга хизмат қилади.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг