Самарқандда асосий фан олимпиадасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди

12:57 08 Декабрь 2024 Жамият
314 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳридаги 47-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган асосий фан олимпиадасининг вилоят босқичида академик лицейлар, Президент мактаби ҳамда олимпиаданинг туман (шаҳар) босқичида ғолибликни қўлга киритган 2261 нафар 9-, 10-, 11-синф ўқувчилари иштирок этди. Шу билан бирга, ўтган ўқув йилида олимпиаданинг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган 28 нафар ўқувчи тўғридан-тўғри қатнашди.

25-30 ноябрь кунлари олимпиаданинг биринчи гуруҳ фанлари вилоят босқичи бўлиб ўтган бўлса, 2-4 декабрь кунлари иккинчи гуруҳ фанлари бўйича ўтказилди.

— Бу йилги асосий фан олимпиадаси ўтган йиллардагидан фарқ қилади, — дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси таълим сифатини мониторинг ташкил этиш бўлими методисти Элмира Холёрова. — Жумладан, олимпиада ўтказиладиган жойларда кузатув камералари ўрнатилган ва гуруҳларда назоратчилар ҳам бор. Ўқувчиларнинг ишларини муҳокама қилиш учун телеграм каналлар ташкил қилинган, шунингдек, жараённи ижтимоий тармоқлар орқали кузатиш мумкин. Ҳар бир ўқувчининг назорат материалларига берган жавоблари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Ўқувчи имтиҳонни топшириб бўлгач, унинг иши аудитория мудири томонидан муҳокама гуруҳига юборилди.

Олимпиада натижасига кўра, 9-10-11-синфлар бўйича 15 та фандан 135 нафар ўқувчи асосий фан олимпиадасининг вилоят босқичида ғолиб бўлди.

Низомга кўра, олимпиаданинг вилоят босқичда ғолиб бўлган ўқувчиларга 1-ўрин учун 2 250 000 сўм, 2-ўрин учун 1 500 000 сўм, 3-ўрин учун 1 125 000 сўм миқдорида мукофот пули берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?