Самарқанд вилоятида сув таъминотида муаммолар кўп, бунинг бир томони аҳолининг қарздорлигига ҳам боғлиқ

15:29 27 Октябр 2023 Жамият
172 0

Фото: “Халқ сўзи”

Ер юзи аҳолисининг асосий муаммосига айланиб бораётган ичимлик суви етишмовчилиги юртимиз учун ҳам долзарб бўлмоқда. Кейинги йилларда нафақат дарёларимизда, балки ер остида ҳам сувнинг камайиб бориши ичимлик суви танқис бўлишига олиб келяпти.

“Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ маълумотларига кўра, бугунги кунда вилоят аҳолисининг ичимлик суви ва оқова хизматларидан 90 миллиард сўмга яқин қарздорлиги мавжуд. Бу эса соҳа ривожига тўсиқ бўлиб, тизимни реконструкция қилиш ва таъмирлаш, янги сув иншоотлари қуриш имконини бермаяпти.

Бугунги кунда вилоят аҳолисининг 70,6 фоизи марказлашган, 29,4 фоизи эса турли сув манбалари орқали сув билан таъминланган. 1126 та маҳалланинг 543 таси қисман, 137 та маҳалла аҳолиси эса марказлашмаган ҳолда сувдан фойдаланиб келмоқда.

— Юртимизда аҳоли саломатлигини яхшилаш ва ҳаёт сифатини оширишга қаратилган ижтимоий ва ҳудудий дастурлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги 5-6 йилда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун давлат бюджетидан аввалги йилларда нисбатан 6 баравар кўп маблағ ажратилди, — дейди “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ директори Комил Юсупов. — Истеъмол қилинган сув учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаса, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, янги сув иншоотлари қуриш ва таъмирлаш учун маблағ етишмаслиги мумкин. Президентимиз аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратиб, республикамиздаги 30 та туман қатори вилоятимиздаги Оқдарё, Иштихон, Каттақўрғон, Жомбой туманларида ҳам ичимлик суви таъминотини яхшилаш вазифасини қўйди.

Ҳозирда “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ Самарқанд шаҳар филиали бўйича қарийб 141 минг нафар истеъмолчидан 63229 тасининг 43 миллиард 862 миллион сўм қарзи мавжуд. Қарздорликни камайтириш бўйича шаҳарнинг барча секторларида ишчи гуруҳлар тузилиб, хонадонма-хонадон ичимлик суви ва оқова хизматларидан қарздорликни ундириш чоралари кўрилмоқда. Натижада бир ҳафтада мавжуд қарздорликни 38,6 миллиард cўмгача камайтиришга эришилди.

Бироқ кўп ҳолларда сув беҳуда йўқотилмоқда, истеъмолнинг аниқ ҳисоби йўқ, айрим сув насослари ва соҳа корхоналарига тегишли махсус техникалар эскирган.

Қолаверса, бугунги кунда вилоятда 1837 та сув иншоотидан 650 таси, 6412,6 километр сув тармоқларининг 834,1 километри, яъни 13 фоизи таъмирталаб аҳволга келиб қолган, шунингдек, аҳоли хонадонларининг бор-йўғи 18,3 фоизи оқова сув хизмати билан таъминланган.

— Жорий йилда турли дастурлар асосида 90 га яқин маҳалладаги 160 минг аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 86 минг нафарга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшиланди, — дейди “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ директори ўринбосари Акрам Сиддиқов. — Йил якунигача аҳоли пунктларининг марказлашган сув таъминотини 70,6 фоиздан 74,5 фоизга, оқова хизматини эса 18,7 фоиздан 20,6 фоизга етказиш кўзда тутилган. Жумладан, жорий йил охиригача Каттақўрғон туманида 35,1 миллиард сўм ҳисобига 198,1 километр тармоқ ва 23 та сув иншооти қурилади. Марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 36,3 фоиздан 59 фоизга етказилади. Шунингдек, Оқдарё туманида 15,1 миллиард сўм сарфланиб, 33,1 километр тармоқ ва 7 та сув иншооти қурилади, таъминот 43,6 фоизга, Иштихонда 66 миллиард сўм эвазига 37 километр тармоқ ва 8 та сув иншооти фойдаланишга топширилиши натижасида ичимлик сув таъминоти 47,4 фоизга етказилади.

2024-йилда эса қарийб 100 километр ичимлик суви, 19 километр оқова тармоқлари, 4 та ичимлик суви, 2 та оқова тозалаш иншоотлари қурилиши режалаштирилган.

Аммо юқорида айтилганидек, жойларда сув таъминотининг яхшиланиши ўзимизга боғлиқ. Чунки, истеъмол қилинган сув учун ўз вақтида қилинган тўлов тизимни реконструкция қилиш ва янги сув иншоотлари қуришга хизмат қилади.

Абдулазиз Йўлдошев, Халқ сўзи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?