Самарқанд вилояти ҳокими ёшларнинг инновацион ғоялари ва стартап лойиҳалари билан танишди

13:09 31 Май 2024 Жамият
175 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, вилоят олий таълим фан ва инновациялар ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги бошқармалари ҳамкорлигида самарқандлик ёшларнинг инновацион ғоялари ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Стартап лойиҳалар танлови» эълон қилинган эди.

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида вилоят ҳокими, мутасадди бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар иштирокида танловда иштирок этиш истагини билдирган 70 нафардан зиёд ёшларнинг инновацион ғоя ва стартап лойиҳалари тақдимоти кўриб чиқилиб, саралаш босқичидан ўтган истиқболли лойиҳалар молиялаштиришга йўналтирилди.

Жумладан, Самарқанд давлат университетининг Биокимё институти молекуляр биотехнология ва замонавий ботаник тадқиқотлар илмий лабораторияси мудири Фаррух Абдурасулов халқ талабида бўлган ва янги таъсирга эга «Доривор ўсимликлар плантациясини яратиш ҳамда фитопрепаратлар ва биологик фаол озиқ-овқат қўшимчаларини ишлаб чиқариш» лойиҳаси учун 100 миллион сўм маблағ ва доривор ўсимликларни етиштириш учун ер майдони сўради.

Лойиҳанинг асосий мақсади сунъий синтетик дори воситалари ўрнини босувчи зарарсиз сифатли фитопрепаратлар ва биофаол қўшимчалар ишлаб чиқариш ҳамда университет ошхоналарига доимий фитобарлар фаолиятини йўлга қўйиш бўлиб, вилоят ҳокими ёш олимнинг таклифини маъқуллади. Жомбой туманида доривор ўсимликлар етиштириш учун ер ажратиш бўйича масъулларга топшириқ берилди ва Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев молиявий томондан қўллаб-қувватлайдиган бўлди.

Паяриқлик Шаҳзод Раҳмонов эса кўзи ожизлар учун «Ақлли кўзойнак» лойиҳасини ишга туширмоқчи эканлиги ва 40 миллион сўм маблағ кераклигини айтди. Ушбу лойиҳа сунъий интеллект орқали қулоқчинлар ёрдамида атроф-муҳитдаги объектлар ҳақида овозли тарзда маълумот беради. Ушбу лойиҳага ҳам амалий ёрдам бериладиган бўлди.

— Қадимий обида ва ёдгорликлар ҳақида маълумот берувчи «Гид робот» лойиҳасини ишлаб чиққанман, — дейди Самарқанд давлат университети интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультети талабаси Абдужалил Бобомаликов. — Гид роботдан банк ва йирик корхоналар ҳам фойдаланса бўлади. Аммо бу лойиҳа кўпроқ юртимизга келаётган хорижлик сайёҳлар учун жуда қулай. Роботни ясаш учун 30 миллион сўм маблағ керак эди. Вилоят ҳокими лойиҳани ишга туширишга Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров ёрдам беришини маълум қилди.

Эркинжон Турдимов ҳар бир ёшнинг тақдимоти билан танишиб, истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлади ва уларни амалда татбиқ қилиш учун масъуллар бириктирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер