Самарқанд шаҳрида «Халқ ва армия — бир тану бир жондир!» шиори остида марафон бўлиб ўтди

14:28 15 Декабрь 2021 Жамият
533 0

Фото: Халқ сўзи

Марафон Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни олдидан ўтказилди.

4 минг нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилар, олий ўқув юрти талабалари, маҳалла фаоллари ва ёшлари дастлаб тонгги бадантарбия машқларини бажаришди, сўнгра Спитаменшоҳ кўчасининг Марказий ҳарбий округ маъмурий биноси олдидан вилоят ИИБ йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси биносигача бўлган 3 минг метр масофага югуриш бошланди.

Мусобақанинг 35 ёшдан ошганлар ўртасидаги баҳсида 3 километр 100 метр масофани босиб, маррага биринчи бўлиб етиб келган ҳарбий хизматчи Илҳом Назаров шоҳсупанинг юқори ўрнини банд этди. Иккинчи ва учинчи ўринларни ҳам ҳарбий хизматчилар — Анвар Жабборов ва Достон Аҳмедов эгаллади.

17 ёшгача бўлган марафончилар орасида маррани Самарқанд шаҳридаги 68-мактаб ўқувчиси Элзон Мирзаев биринчилардан бўлиб босиб ўтган бўлса, 18 ёшдан 35 ёшгача бўлганлар орасида маҳалла ёшларидан Аброр Мўминов марафончиларни ортда қолдирди.

Шунингдек, энг ёши улуғ марафончи сифатида нафақадаги ҳарбий хизматчи Алберт Саъдуллаев эътироф этилди. Бундан ташқари вилоят касаба уюшмаси томонидан энг фаол қатнашчилар ҳам рағбатлантирилди.

Тадбир ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси билан давом этди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер