Самарқанд қоғозининг сири

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ«Халқ сўзи». Маълумки, Самарқанд VII асрдан бошлаб қоғоз ишлаб чиқариш билан машҳур бўлган. Унинг қоғозлари турли мамлакатларга кўп миқдорда олиб кетилган. Бу қоғозларнинг таърифи «Самарқанд султон қоғози», «Самарқанд шойи қоғози», «Мир Ибрагимий», «Нимканоп» номлари остида жаҳонга ёйилган. Бундай қоғоз турларини яратишда хомашё сифатида пахта, ипак ва тут дарахти пўстлоғидан кенг фойдаланилган. Ипак толаларидан тайёрланган қоғозлар ўта сифатли, пишиқ, юзаси жуда силлиқ новвот рангда бўлган. Ушлаганда ёқимли бўлиб, «ипак» деб аталган. Сиёб ариғи бўйида икки мингга яқин сув тегирмонлари ишлаб турган. Уларнинг 400 дан ортиғида қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Буюк санъаткор-хаттот Султон Али Машҳадий: «Ҳар қанча синасанг ҳам Хитой қоғозидан яхшиси йўқ. Аммо Самарқанд қоғози бебаҳодир... Ундаги ёзув равон ва гўзал бўлади» деса, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур: «Оламда яхши коғаз Самарқанддин чиқар, Жувози коғазлар суйи тамом Конигилдин келадур. Конигил Сиёҳоб ёқасидадурким, бу қора сувни Обираҳмат ҳам дерлар», дея юксак эътироф этган. Кулоллари билан дунёга машҳур Конигил қишлоғи 2020 йилда туристик қишлоқ мақомини олди. Эндиликда бу жойга экскурсиялар уюштирилмоқда. Сайёҳлар Сиёб дарёси бўйидаги обод қилинган ҳудуд бўйлаб сайр қилади. Маҳаллий ҳунармандларнинг устахоналарида маҳорат дарсларида қатнашади. Шу ерда ишланган эсдалик совғаларини харид қилади.
— 1995 йилда Бухоронинг Когон шаҳрида ўтказилган ЮНEСКОнинг халқаро конференциясида Самарқанд қоғозини ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйиш лойиҳаси билан қатнашгандим, — дейди «Конигил Мерос» корхонаси раҳбари Зариф Мухторов. — Дастлаб бу амалий санъат турини ўз хонадонимда тикладим. Самарқанд қоғози яратилиши сир-синоатларини тўлиқ ўзлаштирганимдан кейин Конигил қишлоғининг Сиёб ариғи оқиб ўтадиган энг сўлим гўшасида «Конигил-Мерос» қоғоз ишлаб чиқариш ҳунармандчилик марказига асос солдим. Ҳозирда кунига 100 донадан ортиқ турли ҳажм ва рангдаги қоғоз ишлаб чиқаряпмиз. Самарқанд қоғозидан кийимлар, йўл халталари тайёрлаяпмиз. Уларни ювиб, узоқ вақт ишлатса бўлади. Чунки Самарқанд ипак қоғози сувда ивимайди. Бу қоғозлар ноёб маҳсулот сифатида миниатюрачи рассом ва каллиграфлар учун ҳам қўл келмоқда. Ҳатто Японияда қадимий ёзма битиклар ва нодир асарларни қайта таъмирлашда кенг фойдаланилмоқда.
Самарқандлик хаттот Абдужалил Эргашев ҳам 60х80 ҳажмдаги катта Қуръон китобини Самарқанд қоғозида ёзди.
— Улуғ калом битилган китобни уч йил давомида 310 вараққа, икки томонлама 620 саҳифада ёзишга муваффақ бўлдим, — дейди моҳир хаттот. — Бир пайтлар Самарқанд қоғозига шарқона таъриф берилиб, Султоний ҳамда Хуросон қоғози каби терминлар ишлатилган. Улар сифати билан ажралиб турган. Шу сабабли, Самарқанд қоғозига кўчирган мазкур китоб ҳам ўзининг қадимийлиги ва нафислиги билан бебаҳодир.
Шаҳарнинг бир четида жойлашган ушбу ҳунармандлик марказида қадимий Самарқанд қоғозларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйилгани шу маҳаллада яшовчи кўплаб ёшларни иш билан таъминлади. Улар аждодларининг ҳунари ва санъатларини дунёга кўз-кўз қилиб келмоқда. Шу боис бу ердан хорижлик сайёҳларнинг қадами узилмайди. Негаки, қўл ёрдамида оддий усулда қоғоз ишлаб чиқариш ва ундан турли маҳсулотлар тайёрлаш жараёни кўпчиликка қизиқ.
«Конигил мерос» хусусий корхонаси раҳбари Зариф Мухторовнинг хизматлари инобатга олиниб, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди. Конигил қишлоғидаги тарихий биноларнинг қиёфаси тикланди. Меҳмон уйлари, овқатланиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилиб, меҳмонларнинг табиат қўйнида дам олишлари учун Сиёб ариғи атрофида пиёдалар йўлаги, дам олиш масканлари ташкил этилди. Азалдан жаҳон бозорларини эгаллаб олган Самарқанд қоғози келгусида ҳам энг кўп харид қилинадиган ноёб товарга айланишига ишонамиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг