Самарқанд, Андижон ёки Тошкент… Ўзбекистонда аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд қайси?

Статистика агентлигининг 2025 йил 1 январь ҳолатида берган маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳудудида ҳар бир квадрат километрга ўртача 86,6 киши тўғри келмоқда. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 кишига ошган. Аҳоли зичлиги минтақаларга қараб сезиларли фарқланади. Энг кам аҳоли жойлашган ҳудудлар асосан чўл минтақалари бўлса, энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида кузатилган.
Ҳудудлар кесимида энг зич аҳоли яшайдиган вилоят Андижон вилояти бўлиб, бу ерда ҳар бир квадрат километрга 804,9 киши тўғри келмоқда. Шунингдек, Фарғона (613,1 киши) ва Наманган (420,9 киши) вилоятлари ҳам аҳоли зичлиги юқори бўлган ҳудудлар қаторидан жой олган. Ушбу вилоятлар мамлакатнинг энг кичик ҳудудлари бўлиб, аҳоли сонининг ортиши ерга бўлган талабни оширмоқда.
Тошкент шаҳри эса аҳолининг энг зич яшайдиган ҳудуди сифатида ажралиб турибди. Бу ерда ҳар бир квадрат километрга 6 минг 948,1 киши тўғри келади. Пойтахт аҳолининг табиий ўсиши, ички миграция ва урбанизация жараёнлари натижасида йил сайин гавжумлашиб боряпти. Пойтахтдан кейин энг кўп аҳоли жойлашган вилоятлар қаторида Хоразм (335,9 киши), Самарқанд (256,3 киши) ва Сирдарё (217,5 киши) вилоятлари қайд этилган.
Аҳоли энг кам жойлашган ҳудудлар қаторига эса Қорақалпоғистон Республикаси (12,2 киши) ва Навоий вилояти (9,9 киши) киради. Ушбу минтақаларда кенг чўл ҳудудлари мавжуд бўлиб, иқлим шароитининг қийинлиги ва инфратузилма етишмовчилиги аҳолининг кам яшашига сабаб бўлаётгани иддао қилинади. Шунингдек, Бухоро (51,6 киши) ва Жиззах (72,5 киши) вилоятлари ҳам аҳолининг кам жойлашган ҳудудлари қаторига киради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, аҳолининг зич жойлашиши инфратузилма, транспорт тизими ва экологик муҳитга жиддий таъсир кўрсатади. Шу сабабли, аҳолининг тенг тақсимланиши ва янги саноат ҳудудларини ривожлантириш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон ҳукуматининг келгуси режаларида аҳолининг ҳаддан ташқари зичлашиб бораётган ҳудудларини мувозанатлаш ва иқтисодий имкониятларни вилоятлар бўйлаб тенг тақсимлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг