Саид Носирхон тўра ким бўлган?

14:16 07 Октябр 2024 Жамият
328 0

Мамлакатимизда қатағон қурбонлари ва жадидларнинг ҳаёти, фаолияти, миллий истиқлол, халқимиз озодлиги йўлидаги кураши, маърифатпарварлик ғояларини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб этиш, уларнинг номлари ва хотирасини абадийлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки, 2021-2024 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 1 минг 200 дан ортиқ сиёсий қатағон қурбонларининг номлари оқланди. Улар орасида косонсойлик маърифатпарвар, жадидчилик ҳаракатининг фаол аъзоси сиёсий қатағон қурбони бўлган Носирхон тўра Камолхон тўра ўғли ҳам бор.

Туркистон мухторияти асосчиларидан бири, 91 йил деганда оқланган Саид Носирхон тўра Саид Камолхон тўра ўғли қандай шахс эди?

1871 йили Наманган вилоятининг ҳозирги Косонсой туманида туғилган Носирхон илк сабоқни Намангандаги мадрасалардан бирида мударрислик қилган отасидан олган. Сўнгра таҳсилни Наманган ва Бухородаги мадрасаларда, кейинчалик Кобул, Деҳли, Бағдод ва Ҳижоз шаҳарларида давом эттирган.

Туркистонга қайтгач, Намангандаги Мавлавий ва Мулла Қирғиз мадрасаларида бош мударрис бўлиб фаолият юритган ва кўплаб илм толибларига тафсир, ҳадис, фиқҳдан сабоқ берган. 1912 йили Наманган шаҳрига қози этиб тайинланган. Носирхон тўра 1913 йилдан бошлаб жадидчилик ҳаракатининг фаол қатнашчисига айланади. 1917 йил 26-29 ноябрь кунлари Қўқон шаҳрида ўтказилган Ўлка мусулмонларининг тўртинчи қурултойида қатнашади ва Туркистон мухторияти ҳукумати аъзоси – маориф вазири этиб сайланади.

1923-24 йилларда у Батраклар иттифоқи деб номланган камбағал-деҳқонлар жамияти фаолиятига аралашади ва азалдан исломда мавжуд бўлган вақф хўжалиги ҳақидаги тажрибаларини ушбу жамиятда жорий қилади. Натижада одамлар Батраклар иттифоқини ташлаб Носирхон тўранинг атрофида тўплана бошлайди.

Бундан ташвишга тушиб қолган совет маъмурлари нима қилиб бўлмасин Фарғона водийсидан Носирхон тўрани узоқлаштириш керак, деган хулосага келади ва 1925 йилнинг августида у Самарқандга чақирилиб, қамоққа олинади ва бир қанча бўҳтонларга асосланиб, учлик қарори билан Оренбургга сургун қилинади.

Наманган, умуман, водий аҳлининг кўплаб аризалари натижасида Носирхон тўра 1928 йилнинг 10 августида Оренбург сургунидан қутулиб Ватанга қайтишга рухсат олади.

Архив ҳужжатларида кўрсатилишича, ўтган асрнинг 30 йилларида Носирхон тўрани қидириб топиш ва қўлга олиш жараёнида юзлаб одамлар жабрланган, улардан маълумот олиш учун инсон зоти чидай олмайдиган қийноқлар қўлланилган, ҳатто оилалари, қизлари, фарзандларига нисбатан қаттиқ зулм қилинган.

Носирхон тўра умрининг сўнггига қадар ўзининг ғояси учун, ўзи ишонган, ўзи суянган иймони йўлида шаҳодатни ҳеч қандай иккиланишларсиз қабул қилади. Бизнинг тарихимизда яшаб ўтган шундай бир инсон мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида оқланди. Айни пайтда бу унинг номини абадийлаштириш, илмий ва ижодий меросини, фаолиятини ўрганиш масаласида кенг кўламли изланишлар олиб борилмоқда.

Куни кеча мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги доирасида маърифатпарвар Саид Носирхон тўра хотирасига ҳам ҳурмат бажо келтирилди.

 

Дилшод ИСОҚОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Косонсой тумани бўлинмаси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?