Рудакий мадҳ этган Жўйи мўлиён қаерда?

Ҳукмдор Амир Наср ибн Аҳмад Бухородан Марвга сафар қилдию бу воҳанинг сўлим ва мафтункор табиати уни буткул ўзига маҳлиё этди. Шу зайл бу ерда узоқ қолиб кетди. Атрофидаги аёнлари оила, ёр-биродарлари соғинчи сабаб ҳаловатини йўқотди. Ортга қайтиш тўғрисидаги гап-сўзларга ҳукмдор эътиборсиз бўлди.
Ана шунда аёнлар Абу Абдулло Рудакийга умид кўзи билан боқдилар. Ундан Наср ибн Аҳмаднинг юрагини «жиз» эттирадиган, уни ортга қайтишга ундайдиган қасида битишни сўрадилар. Тарихда шарқ мумтоз сўз санъатининг дарғаларидан бири сифатида қолган Рудакий бу ўтинчни ерда қолдирмади. Форс-тожик тилида битилган, «Бўйи Жўйи мўлиён ояд ҳаме» мисраси билан бошланадиган бу қасида ҳукмдорга шу қадар таъсир кўрсатдики, у шитоб билан Бухоро томон йўл олди.
Хўш, шоир Жўйи мўлиён деб нимани назарда тутган? Бу манзил қаерда жойлашган?
Бу гўша Бухоро шаҳридан 4 — 5 километр шимолда жойлашган қадимги манзилгоҳ ва ариқ номидир. Жўйи мўлиёнлиги тахмин қилинган манзилда Я. Ғуломов ва А. Қосимзода 1956 йилда археологик тадқиқот ишлари олиб борган. Лекин унинг аниқ жойи ҳали ҳам тўлиғинча маълум эмас. Бу борада яна археологик тадқиқотлар олиб бориш керак бўлади.
Биз Муҳаммад Наршахий берган маълумотларга эътиборни қаратмоқчимиз. Унинг «Бухоро тарихи» асарида ёзилишича, Исмоил Сомоний бу ерларни халифа ал-Мустаъин ибн ал-Муътасимнинг лашкарбошиси бўлган Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Толутдан 10 минг дирҳамга сотиб олган. Шундан сўнг Исмоил Сомоний сарой ва боғлар барпо қилиб, унинг анча қисмини маволий яъни хожа, валийларга вақф этган ва бу ерлар Жўйи маволиён деб аталган. Маҳаллий аҳоли эса уни соддароқ қилиб, «Жўйи мўлиён» яъни «Мўлиён ариғи» деган. Исмоилдан кейин тахтга ўтирган сомоний амирлари гўзаллиги, тоза ва хушҳаволиги туфайли Жўйи мўлиёнда ўзлари учун боғ ва кўшклар бино қилганлар. Мамлакат сомонийлар қўлидан кетгач, Жўйи мўлиён хароб аҳволга тушган.
Жўйи Мўлиён ерлари қадим вақтларда Бухоро подшоҳи Тағшода (Бухорхудотнинг ўғли) мулки бўлиб, уни ўғиллари ва куёвларига тақсимлаб берган эди. Бухоро шаҳри яқинидаги бу ерларни араблар «Фаровиз ул-улё» (Шаҳристоннинг нариёғидан оқиб ўтувчи сув) дейишарди. Исмоил Сомоний озод бўлган қулларни жойлаштиргач, бу ерлар Жўйи Маволиён деб атала бошланди. Аҳоли тилида бу ибора Жўйи мўлиёнга айланди.
Чор Бакрлар Исмоил Сомоний давридаёқ обод, фараҳли Жўйи мўлиёнда ўрнашиб, шу ерда умргузаронлик қилганлар. Бу ерга кейинчалик аҳоли Жўйбор деб ном берган. Гап ҳозир Чор Бакр мажмуи жойлашган Сумитан қишлоғи ҳақида бормоқда. Шунинг учун ҳам Чор Бакрларни Жўйбор хожалари, шайхлари, авлиёлари деб ҳам тилга оладилар.
Чор Бакрлар асрлар давомида Бухорода катта нуфузга эга бўлиб, воҳанинг илму маърифати, маънавий ҳаётида фаол иштирок этганлар. Бухоро ҳукмдорлари улар билан доим ҳисоблашган. Мушкул пайтларда йўл-йўриқ, маслаҳат олган. Юртнинг озодлиги, осойишталиги учун курашда уларнинг ёрдамига суянган. Чор Бакрларга ҳар хил туҳфа, инъомлар ҳам қилинган. Ўз навбатида бу зоти шарифлар масжиду, мадрасалар қурган. Кутубхона, шифохоналар очган. Ғариблар, муҳтожларни ҳимоясига олган. Ўзлари камтарона, хокисор яшашган.
Рудакийнинг «Бўйи жўйи Мўлиён ояд ҳаме» деб бошланадиган машҳур ғазалига келсак, у шоирга катта шуҳрат келтирди. Бухоро тараннум этилган энг яхши битиклар қаторидан ўрин олди. Унинг бухоролик шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Самандар Воҳидов томонидан қилинган таржима вариантини ўқиб бунга яна бир бор амин бўлиш мумкин:
Мўлиённинг хуш ҳиди келгай буён,
Эсга тушгай ёди ёри меҳрибон.
Ҳам Амунинг қумлари, қумлоқ йўли
Пойимизда ёйилар бахмалсимон.
От белидан паст тушар Жайхун суви
Дўст висолини хаёл қилган замон.
Эй Бухоро, шод бўлу мангу яша,
Шоҳ борар бағрингга яйраб шодмон.
Шоҳ агар Ойдир, унинг осмони сен,
Ой борар осмон — Бухорога томон.
Шоҳ агар сарвдир, унинг бўстони сен,
Сарв борар бўстон —Бухорога томон.
Мадҳу таърифдан бутун етгай ҳаён,
Гарчи ганжга етсада ундан зиён.
Фаррух ТEМИРОВ,
Бухоро давлат университети
«Археология ва Бухоро тарихи» кафедраси мудири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг