Рўзғорини обод қиламан, деган одамга баҳона йўқ
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Қишлоқ жойларда “фалончи ҳовлисида чорва боқаётган экан”, дейишса хийла кулгили ҳолатдай туюлади. Чунки мол-ҳол асрамайдиган хонадон деярли учрамайди. Баъзилар “оқлик ўзимиздан чиқсин”, деб сигир, айримлар бозордан гўшт сотиб олмаслик учун қўй-эчки кўпайтиради.
Шўрчи туманидаги Яккабоғ маҳалласида яшовчи Аваз Ҳакимов уй хўжалигида чорвани шунчаки одатий ҳол ёки ишқибозлик учун эмас, балки даромад манбаи сифатида боқишни йўлга қўйган.
Ҳақиқатан ҳам, чорвачилик — сердаромад соҳа. Қишлоқ хўжалигининг ушбу тармоғини ривожлантиришга қаратилаётган эътибордан фойдаланиб, якка тартибда чорвачилик билан шуғулланаётган тадбиркор оилалар эл дастурхонини сифатли гўшт, сут маҳсулотлари билан таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
— Ҳаётимизда чорвачилик муҳим ўрин тутади, — дейди А. Ҳакимов. — Агар тадбиркорлик истагида бўлган кишига маблағ етишмаса ёки чорвадан гўшт, сут-қатиқ олишни йўлга қўйиш учун етарли маблағи бўлмаса, банкдан кредит олиш мумкин. Бунинг учун барча имконият ва шарт-шароитлар бор. Масалан, мен 2021 йилда тижорат банкининг 33 миллион сўм имтиёзли кредити билан чорвачиликни бошладим. Дастлаб гўштга боқиш учун тўрт бош новвос сотиб олдим. Уларни бир ойда алмаштириб турдим, яъни тижорат тилида айтганда, ҳар “айлантир”ганимда яхшигина фойда ташлаб турди. Шу тариқа кредитни ўз вақтида тўладим. Президентимизнинг 2024 йил 2 апрелдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини молиялаштиришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори фаолиятимни кенгайтиришга қўл келди. Шу йили 50 миллион имтиёзли кредит олиб, уй хўжалигимдаги қорамоллар сонини 20 бошга етказдим. Чорва молларини боқаётган махсус хоналаримиз ҳам кенгайди.
Аваз ака уй хўжалигида гўштга мўлжалланган қўйларни ҳам парваришлаб келмоқда. Семиртиришга қўйилган қўйлар 45 кунда тайёр бўлар экан. Фойдаси ҳақида сўраганимизда қизиқ бир математик ҳисоб-китоб қилиб бердики, беихтиёр менинг кўнглимда ҳам қўйчилик билан шуғулланиш истаги пайдо бўлди:
— Келинг, бир хонадон учун 10 бош қўй етиштиришнинг иқтисодий самарадорлигини ҳисоблаб чиқамиз. Дейлик, 1 бош қўй сотиб олиш харажати 2 миллион сўм бўлса, 10 бош қўй учун бу 20 миллион сўм бўлади. Бунга 45 кун давомида етиштириш учун озуқа-ем харажати қўшилади. Агар 1 килограмм ем 2 минг 500 сўм турса, 45 кунга (кунига 16,5 килограммдан кўпроқ) 750 килограмм ем кетади. Демак, 2 минг 500 сўмни 750 килограммга кўпайтирсак, 1 миллион 875 минг сўм келиб чиқади. Шундай қилиб, жами харажатлар 21 миллион 875 минг сўмни ташкил этади. Ана шу муддат ичида кетадиган бошқа харажат (кимёвий дори ва ҳ.)ларга ўзингиздан 200 минг сўм кетади, дейлик.
Ана шу 45 кун муддат ичида тушадиган ялпи тушумни ҳисоблаб кўрамиз. 1 бош қўй 45 кун ичида камида 35 килограмм гўшт беради, дейлик. Бу 10 бош қўй 350 килограмм гўшт беради, дегани. Агар 1 килограмм қўй гўштини ўртача 95 минг сўмдан ҳисобласак, 350 килограмм гўшт 33 миллион 250 минг сўм бўлади. Энди ана шу маблағдан жами қилинган харажатни айирамиз (33,250 – 21,875) ва бундан соф фойда 11 миллион 375 минг сўм келиб чиқади.
Аваз аканинг ҳисоб-китоби бўйича бугунги кундаги шарт-шароит билан таққослайдиган бўлсак, бу тадбиркорликка кредит маблағи 3 (6 ойлик имтиёзли давр билан) йилга берилади. Фоиз тўлови эса айни дамда 17,5 фоизни ташкил этади. Юқорида келтирилган оддий ҳисоб-китобдан кўриниб турибдики, олинган кредит маблағини анчагина қисқа давр ичида қоплаш мумкин бўлади.
Хуллас, бугунги кунда рўзғорини обод қиламан, деган одам учун барча имкониятлар мавжуд. Бу борада ҳеч бир баҳонага ўрин қолдирилмаяпти. Фақат ҳафсала, ҳаракат ва интилиш бўлса, бас.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг