Россиядан ҳужумга тайёргарлик ва Япония Бош вазири истеъфога чиқмоқчи (+видео)
«Курск учун қасос»: Россия даҳшатли ҳужумга тайёрланяптими?
АҚШ расмийларига кўра, Россия Украинанинг Россия ҳудудидаги ҳужумига жавоб бериш учун ўз ҳарбий кучларининг бир қисмини Украинадан олиб чиқмоқда. Бу Москванинг ўз ҳужум стратегиясини ўзгартиришга мажбур қилган биринчи воқеадир.
«Wall Street Journal» нашрининг ёзишича, Украина Россиянинг Курск вилоятига уюштирган ҳужумидан сўнг рус қўшинлари каттароқ ҳужумга тайёргарлик кўриш учун қисман чекинган. АҚШ расмийларига кўра, Россия президенти Владимир Путин ўз ҳарбийларига Украина қўшинларини ортга қайтаришни буюрган, бироқ ҳозирча Москва кучли жавоб зарбасини беришдаги ташкилий ишларни режалаштиришда қийналмоқда.
Украина олий ҳарбий қўмондони, генерал-полковник Александр Сирскийнинг маълум қилишича, Украина кучлари Россиянинг 74 та шаҳарча ва қишлоқларини назорат остига олган. Киев ушбу амалиётдан мақсад Россия Украинага қарши уруш олиб боришда фойдаланаётган логистика ва инфратузилмани бузиш эканлигини айтган.
Қўмондоннинг айтишича, бугунги кун бошидан бери маълум йўналишларда қўшинлар 1 километрдан 2 километргача олдинга силжиди. Суджада душманни қидириш ва йўқ қилиш ишлари якунланди. Шунингдек, 100 га яқин душман ҳарбийлари асирга олинди.
Украинанинг Курскка киришига жавобан, Россия ушбу вилояти мудофаасини қайта тўплаш ва мустаҳкамлашни бошлади. Владимир Зеленский эса ўз аскарларининг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, улар Украина мустақиллигини ҳимоя қилишда жасорат кўрсатганини билдирган.
Таҳлилчиларнинг огоҳлантиришича, Украина таъминот линиялари чўзилган сари операцияни давом эттириш қийинлашиши мумкин. Бу эса рус армиясининг ўз ҳарбий қудратини қайта тиклаб олишига ёрдам бериши ҳам тахмин қилинмоқда.
«Россиянинг реакцияси Украина позицияларини кучли бомбардимон қилишни ўз ичига олди, аммо Украина қўшинлари ўз позицияларини сақлаб қолиши ҳам мумкин», деб ёзади нашр ўз мақоласида. Ҳозирча разведка хизматлари иккала томоннинг ҳам ҳаракатлари юзасидан аниқ маълумотларни тақдим этмаган.
Япония Бош вазири истеъфога чиқишини айтди
Япония Бош вазири Фумио Кишида келаси ойда бўлиб ўтадиган партиявий сўровларда ҳукмрон Либерал-демократик партия (ЛДП) етакчиси сифатида қайта сайланиш учун курашмаслигини маълум қилди.
Чоршанба куни Токиода бўлиб ўтган матбуот анжуманида Кишида ЛДП бошқарувида янги етакчи пайдо бўлиши вақти келганини ва уларнинг раҳбариятини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди.
«Ушбу сайловда халққа партия ўзгариб бораётганини кўрсатиш керак, бунинг учун шаффоф ва очиқ сайловлар, эркин ҳамда қизғин баҳс-мунозаралар муҳим аҳамиятга эга. ЛДП ўзгаришини кўрсатишнинг энг аниқ биринчи қадами менинг четга чиқишимдир. Бўлажак сайловларда иштирок этмайман», деган Кишида журналистларга.
Кишида 2021 йил сентябрида уч йиллик муддатга партия президенти этиб сайланган ва кўп ўтмай умумий сайловда ғалаба қозонган эди.
Унинг истеъфоси партиянинг «Бирлашма» черкови билан алоқалари борлиги, пул маблағлари билан боғлиқ можаролар ва инфляция билан боғлиқлиги айтилмоқда.
Кейинги партия етакчиси Бош вазир лавозимини эгаллаши билан бир қаторда ечимини кутаётган муаммоларни ҳам бўйнига олишга тайёр туриши керак.
Мамлакатнинг асосий мухолифат партияси Конституциявий-демократик партияси етакчиси Кента Изуми Кишида учун муаммо туғдирган масалалар ҳал бўлмаганини таъкидлади.
Масалан, Кишида даврида Япония 2027 йилга бориб НАТО стандарти бўлган ялпи ички маҳсулотнинг икки фоизига тенг бўлган мудофаа харажатларини икки баравар оширишга ваъда берган. Бу Хитойнинг Осиё-Тинч океанида тобора кучайиб бораётган позициясидан хавотирда бўлган Қўшма Штатлар томонидан қўллаб-қувватланган йиллар давомидаги қатъий пацифизмдан бурилиш бўлди. Икки мамлакат ҳамкорликда янги давр бошланганини эълон қилди. Кишида апрель ойида АҚШга ташриф буюрган эди.
Шу қаторда июль ойида Япония ва Филиппин бир-бирининг ҳудудига қўшинларни жойлаштиришга рухсат берувчи мудофаа шартномасини имзолаганди.
Исроил уруши учун 20 миллиард АҚШ доллари
Яқин Шарқдаги таранглик фонида АҚШ Исроилга 20 миллиард долларлик қурол-яроғ ажратилишини эълон қилди. «Қўшма Штатлар Исроил хавфсизлигига содиқдир ва унинг мудофаа қобилиятини қўллаб-қувватлаш АҚШ миллий манфаатлари учун жуда муҳимдир», деди Давлат департаменти.
Буюртмага «Boeing» томонидан ишлаб чиқарилган Ф-15 қирувчи самолётлари, ўрта масофага учувчи илғор ҳаво-ҳаво ракеталари, 120 миллиметрли танк ўқ-дорилари ва юқори портловчи миномётлар ҳамда тактик машиналар киради.
Баъзи қуроллар, жумладан, 50 дан ортиқ қирувчи самолётларни етказиб бериш бир неча йил талаб қилиши мумкин. 33 мингта танк снарядлари ва 50 мингта портловчи миномёт патронлари каби бошқа жиҳозлар тез орада етиб келиши мумкин.
Қўшма Штатларнинг таъкидлашича, танк снарядлари Исроилнинг жорий ва келажакдаги душман таҳдидларига қарши туриш қобилиятини яхшилайди, ватан мудофаасини мустаҳкамлайди ва минтақавий таҳдидларга тўсқинлик қилади.
АҚШ Исроилни Ғазода ўт очишни тўхтатиш келишувини имзолашга мажбурлаш ҳуқуқига эга. Бунинг ўрнига Қўшма Штатлар минтақа бўйлаб миллионлаб одамларни кулга айлантириши мумкин бўлган оловга бензин қуймоқда, деб билади Америка-Ислом муносабатлари кенгаши вакили.
Шунингдек, уларнинг айтишича, Исроил ҳукумати нафақат Ғазода Фаластин халқига нисбатан шафқатсиз геноцидни давом эттириш, балки кенгроқ минтақавий урушни қўзғатиш ниятида эканлигини қайта-қайта намойиш этди. Байден маъмурияти ҳақиқатдан уйғониш вақти келган.
Исроил Ғазонинг марказий ва шимолий ҳудудларини нишонга олган тонг олди ҳужумларида камида 16 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда «Al Jazeera» нашри хабар берди. Исроил ҳарбийлари 24 соат ичида Ғазодаги 40 та ҳудудга зарба берганини даъво қилмоқда. Яҳудий давлати аскарлари ҳаво кучлари кўмагида ўтган кун давомида кўп сонли жангчиларни ўлдирган ҳамда Ғазо жануби ва марказида ҲАМАС ҳарбий инфратузилмасини вайрон қилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 17 нафар профессор-ўқитувчига илмий унвон берилди
- Даврон Кабуловнинг отаси «ўғрилик» бўйича судланиб, қарийб 345 млн сўм жаримага тортилгани маълум бўлди
- Исроил ва Эрон низоси янги босқичга чиқди
- Сен етим эмассан: Одамийлик тимсолига айланган оила
- Президент янги қарор имзолади
- Президентнинг янги қарори эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг