Россия Украина аҳолисини таслим бўлишга мажбурламоқчи — таҳлилчи

Фото: AP
Россия Украинага уруш бошланганидан бери энг катта ҳаво зарбасини берди. Бу ҳақда 9 июнь куни эрталаб Украина ҳарбийлари хабар беришди. Уларнинг маълумотларига кўра, Кремль 479 та учувчисиз самолёт ва 20 та қанотли ракеталарни учириб, нафақат мамлакатнинг шарқи ва жанубидаги йирик шаҳарларга, балки, ғарбий минтақаларига ҳам ҳужум қилди.
“Bild” ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида Россия Қуролли кучлари Украина шаҳарларига 1114 та ракета ва дронларни учирган. Асосий зарбалар Киев, Харков, Днепр, Луцк ва Тернополга берилган.
Нашр ҳарбий шарҳловчиси Жулиан Репкенинг таъкидлашича, Россия аввалгидан кўра кўпроқ дронларни учирмоқда. Шу билан бирга, ҳужумлар Украинадаги турар-жой бинолари, меҳмонхоналар, савдо марказлари ёки темир йўл станциялари каби фуқаролик объектларига ҳам берилмоқда.
“Биз бир неча ойдан бери ҳужумларда дронларнинг улуши ортиб бораётганини кўрмоқдамиз ва улар каттароқ жанговар каллаклар ва бошқа техник жисмлар билан жиҳозланган. Шундай қилиб, Россия тинч аҳоли қурбонлари умидсизликка олиб келишини билиб, Украина аҳолисини таслим бўлишга мажбурламоқчи”, — дейди Берлиндаги “European Resilience Initiative Center” таҳлил маркази директори Сергей Суменний.
Шунга қарамай, сўнгги сўровларга кўра, украиналикларнинг 60 фоизи урушнинг қийинчиликларига дош беришга тайёр. Яна 6 фоизи бир йилгача, 20 фоизи эса тахминан олти ойгача уруш талофатларига чидашга рози.
Украина президенти Владимир Зеленский Россия Қуролли кучларининг зарбалари АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг Россияни тинчликка “мажбурлаш” уринишларидан “баландроқ бўлганини” айтди ва шу сабабли Москвага қарши чора кўришга чақирди.
“Россиянинг бу ва бошқа шунга ўхшаш зарбаларига жавоб дунёнинг жим туриши эмас, балки аниқ ҳаракатлар бўлиши муҳим. Россияни тинчликка мажбурлаш қудратига эга бўлган АҚШнинг ҳаракатлари. Кучли бўлишга муқобил бўлмаган Европанинг ҳаракатлари”, — деди Зеленский.
Унинг фикрича, тинчлик учун Россияга “қаттиқ босим” қилиш керак.
Россия ҳарбийлари Украина инфратузилмасига зарба беришни 2022 йил октабр ойида, Қрим кўпригидаги портлашдан кўп ўтмай бошлаган. Ўшандан бери Украинанинг турли минтақаларида, кўпинча бутун мамлакат бўйлаб ҳаво ҳужуми сиреналари мунтазам равишда янграб келмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ҳужумлар энергетика сектори, мудофаа саноати, ҳарбий бошқарув ва алоқа объектларига амалга оширилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг