Россия мусулмонлар идораси кўпхотинликка рухсат берувчи фатвосини бекор қилди

10:56 24 Декабрь 2024 Дунё
238 0

Россия Мусулмонлар диний бошқармаси Уламолар кенгаши кўпхотинликка рухсат берувчи фатвони қайтариб олди. Бу ҳақда кенгаш раиси Шамил Аляутдиновга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

«Россия Бош прокуратураси «Россия мусулмон ҳамжамиятида кўпхотинлилик масаласи» фатвосини бекор қилишга чақиргани ҳақидаги ОАВда пайдо бўлган маълумот ва Россия жамоатчилиги томонидан билдирилган муносабат сабабли, Мусулмонлар диний бошқармаси уламолар кенгаши мазкур фатвони қайтариб олмоқда. Бу Аллоҳнинг иродаси, шу боис Россия мусулмонлари диний бошқармаси бу масалада мунозарага киришишни маъқул кўрмайди», — дейилади расмий муносабатда.

«РИА Новости» нашри манбасига кўра, 23 декабрь куни Россия Бош прокуратураси Мусулмонлар диний бошқармаси раисига қонун бузилишини бартараф этиш зарурлиги ҳақида таклиф киритган. Кўпхотинликка рухсат берувчи фатво амалдаги қонунчиликка ва анъанавий рус маънавий-ахлоқий қадриятларини сақлаш ва мустаҳкамлаш соҳасидаги давлат оилавий сиёсати асосларига зиддир, дейилади хабарида.

Маълум қилинишича, Россиянинг Оила кодекси фуқаролардан бири бошқа рўйхатдан ўтган никоҳда бўлса, яна бир бошқа никоҳга рухсат беришни тақиқлайди. Шу билан бирга, диний ташкилотлар қонун ҳужжатларига зид бўлмаган тақдирдагина ўзларининг ички тартиб-қоидаларига мувофиқ ҳаракат қилишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, 19 декабрь куни Москва муфтийси Илдар Аляутдинов россиялик мусулмонлар барча хотинларига адолатли ва тенг муносабатда бўлган ҳолдагина тўрттагача диний никоҳдан ўтишга рухсат берувчи фатвони эълон қилган эди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-моддасига кўра, кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 478-моддасига кўра, икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш ҳам ман этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер