Россия ҳудудида Фарғона улгуржи тақсимлаш логистика маркази иш бошлади

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилоятида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тўғридан-тўғри Россия истеъмолчиларига етказиб бериш имконияти яратилди.
Гап шундаки, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят делегацияси Россия Федерациясининг Омск вилоятига расмий ташрифи доирасида «Фрукт-Сити» улгуржи тақсимлаш логистика марказининг тантанали очилиш тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбек тадбиркорлари таъсисчилигида 700 миллион рубль сарфланиб қурилган янги улгуржи тақсимлаш логистика маркази 9 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, у барча замонавий инфратузилмага эга. Бозор 16 та ҳар бири 380 квадрат метрдан иборат кенг ва қулай ҳудудлардан иборат. Бу мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва қулай шароитда сотиш имконини беради.
Ўз навбатида, бозор ҳудудида 72 та савдо дўконлари фаолияти йўлга қўйилиб, бу ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат ва бошқа истеъмол товарлари сотилади. Марказда 450 та юк машинаси учун мўлжалланган тураргоҳлар ҳам ташкил этилди. Логистика марказининг бир қисмида Фарғона савдо уйи ҳам очилди.
— Бу марказ вилоятимиздан Россия бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини барқарор етказиб беришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади, — деди Фарғона вилояти ҳокими Х. Бозоров. — Натижада ҳудудларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, ишонч ва стратегик шериклик янада ривожланади.
Бозорда 800 нафардан зиёд ҳамюртларимиз доимий иш ўрни билан таъминланади. Шу мақсадда замонавий тураржойлар, тиббий хизмат ва бошқа зарур шарт-шароитлар муҳайё этилади.
Юзма-юз мулоқотда Фарғона вилояти ҳокими тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифларини ҳам эшитиб, ҳамкорликда бозор фаолиятини жонлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг